Прокуратуранинг протести қаноатлантирилди

15:31 - 17.02.2021

8

Аёллар оила юмушлари, фарзанд тарбиясидан ортиб турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда. Прокуратура органлари қонунчилик ижроси таҳлили давомида хотин- қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, гендер тенглик соҳасидаги қонунбузилишларни бартараф этиш ва олдини олишга алоҳида эътибор қаратаяпти. Қувасой шаҳар прокуратураси тиббиёт бирлашмаси ва маданият бўлимида Меҳнат кодекси ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларига қандай риоя этилаётганини ўрганганда бу муссасаларда ишловчи хотин-қизларнинг ҳуқуқлари бузилгани аниқланди.

Кодекснинг 232-моддасида ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган қўшимча таътил берилиши, шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра ҳар йили камида ўн тўрт кунлик  иш ҳақи сақланмаган таътил берилиши белгиланган.

2020 йил май ойида тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг буйруғи билан шаҳар оилавий поликлиникаси ҳамшираси Ф.Марайимовага, бирлашманинг реанимация бўлими санитари М.Метиновага, июнь ойида марказий поликлиника санитари Д.Мирзахалиловага, 1-қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси Ч.Мирзааҳмедовага, август ойида марказий поликлиника лаборанти Н.Ҳусаиновага, бирлашманинг ташкилий-услубий бўлими методисти Р.Шокировага меҳнат таътили берилишида юқоридаги қонун талабига амал қилинмаган. Таҳлил натижасига кўра прокурорнинг протести  билан 11 нафар ходимга қўшимча таътил берилиши таъминланди.

Қувасой шаҳар маданият бўлимида ҳам  юқоридаги каби  қонунбузилишлар кўзга ташланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар белгиланган ва дам олиш кунлари кўчирилган. Шунинг ҳисобига меҳнат таътили бир кунга қисқартирилиши лозим бўлгани ҳолда бўлим бошлиғининг буйруғи билан  Н.Ёдгоровага меҳнат таътили уч кунга камайтириб берилган. Прокуратуранинг протести қаноатлантирилди. Юқоридаги каби 7 та ҳолатда хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.