Яхшилик жавобсиз қолмайди

12:48 - 17.02.2021

20

Ота-онам Хоразмда яшайди, шу боис у ерга тез-тез бориб тураман. «Урганч – Тошкент» йўналиши бўйлаб гоҳ поездда, гоҳ автобусда юришга тўғри келади. Йўлда эса турли инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлишнинг ўзига яраша гашти бор. Бир сафар Хоразмдан қайтишда автобусга чипта олдим.

Ҳамроҳим эллик ёшлардаги, сочларига оқ оралаган Бибижон исмли истарали аёл экан. У бир ойдан бери касалхонада даволанаётган қизини кўргани пойтахт га отланибди. Айтишича, қизи Мунира ҳар сафар ҳомиладор бўлганида буйрагида кучли оғриқ пайдо бўлар, танаси шиша бошлар, шу боис шифокорлар ҳомилани олиб ташлашга мажбур бўлишаркан. Учинчи бор юкли бўлган қизини пойтахтдаги шифохоналардан бирида даволатишни, боласини эсон-омон бағрига олгачгина уйга қайтишни ният қилишибди. Бибижон опанинг кичик қизи бу йил университетга ўқишга кирибди. Шаҳарга борганида опа тўғри қизининг ётоқхонасига тушаркан.

Ундан-бундан суҳбатлашиб йўлни ҳам яримладик. Йўл олис бўлгани учун чарчаб, кўзим илинибди. Автобус тўхтаганидан уйғониб кетдим. Самарқандга келган эканмиз. У ерда ўн беш чоғли йўловчи тушиб қолди. Автобус бироз юргач, яна тўхтади.

Унга ўз шевасида чуғурлашганча бир гала лўли чиқа бошлади. Катта тўрва осиб, бола кўтариб олган лўлилар ўриндиқларга бамайлихотир ўрнаша бош лашди. Уларнинг баланд овозда гапиришидан кўпчилик уйғониб кетди. Одамлар норози бўла бошлади.

– Олланазар оға, ҳайронман, нима қиласиз шуларни автобусга чиқариб?! Ҳар сафар шундай қиласиз! Нима, лўлидан қариндошингиз борми? – жиғибийрон бўлиб сўради ҳайдовчидан чиптачи йигит.

– Қўйсанг-чи шундай гапларни! – деди ҳайдовчи ранжиб. – Бунчалик бағритош бўлма. Булар ҳам Худонинг бандалари, қолаверса, қўлларида ёш болалари бор, кўрмаяпсанми? Совуқда изиллаб туришгани учун раҳмим келди, холос…

Йигит норози бош чайқаб қўйди-ю, индамади. Мен эса ҳайдовчи чойчақа учун лўлиларни автобусга олди деган хаёлга бордим. Ваҳоланки, йўл бўйида Тошкентга отланган бошқа кишилар, афтидан талаба йигитлар ҳам бор эди… «Културний»ларни эмас, лўлиларни чиқаргани учун ҳайдовчидан ранжидим. Буни англаган Бибижон опа ҳайдовчи билан қўшни эканини айтиб қолди:

– Жуда яхши одам. Беш йил олдин укаси оламдан ўтди. Ўзининг серфарзанд лиги етмагандай укасининг тўртта норасидасини ҳам қарамоғига олган. Қари онаси бор. Хотини ўқитувчи. Шунча болани боқиш, уйли-жойли қилиш осонмас. Олланазар оға ошқозони оғриса ҳам тинимсиз ишлаяпти.

Жўжабирдай жон, ошиб-тошиб кетаётган жойи йўқ. Шунга қарамай мудом муҳтожларга қайишгани-қайишган. Қурбонбой буванинг пахса девори қулаб кетганда болалари билан тиклаб берди, ёш болали бева аёл Зулайҳонинг сигири тўсатдан ўлиб қолганда ташаббус кўрсатди – маҳалладош ларни жалб этиб соғин сигир олиб беришга бошқош бўлди. Айниқса, маҳалламиздаги камбағал оиланинг Тошкентда ўқийдиган ўғли Икромжоннинг Хоразмга келиб-кетиши оға туфайли текинга тушаётган экан. Бултур ошхонамиз ёниб кетганда бизга ҳам ёрдами тегди. Айни қиш кунлари, ошхона томини тез ёпиш керак, пул йўқлигидан ҳеч иш қилолмай ўтиргандик. Барака топгур, ўн бешта шифер бериб, «Биз янги уй қургунимизча олиб берсангизлар бўлди» деганида севиниб кетдик.

Ҳамроҳимнинг гапларидан сўнг Олланазар оғага ҳурматим ошди. Халқимиз орасида унга ўхшаган бағрикенг, олийжаноб, ҳимматли одамлар оз эмас. Шундайлар ҳақида эшитсанг яшашга иштиёқинг, ҳаётга муҳаббатинг ортади. Кайфиятим кўтарилиб, атрофни кузатиб кетдим. Шеригим бошини деразага тираганча уйқуга кетган, лўлиларнинг чуғурлаши ҳам тинган, онда-сонда болалари йиғлаб қўярди. Ёришиб келаётган тонгнинг гўзал манзарасини кузатиш мен учун мароқли эди. Тошкентга етиб келганимизда лўлилардан бири тушаётиб пул узатди.

– Туш, тушавер, – деди ҳайдовчи қовоғини ярим уйиб. Кейин пўписа қилди: – Сенлардан шу пайтгача пул олганмидим?! Қани, тезда пастга тўкилларинг-чи!

Лўлилар оғани дуо қила-қила, юзларида табассум ва мамнунлик билан югуриб тушиб кетишди. Ҳайдовчининг бу тантилиги менинг ҳайратимни янада орттирди. Наҳот кўпчилик юз бурадиган лўлиларга шунча илтифот?!

Сершовқин шаҳарда қайнаган ҳаёт оқимида баъзан хаёл суришга вақт бўлмайди. Шундай бўлса ҳам Олланазар оғани ора-сира эслаб қўяр, лўлиларга ёлғондакам пўписасидан кайфиятим кўтариларди.

Орадан беш-олти йил ўтди. Бир неча бор «Тошкент – Урганч» йўналишида сафар қилдим. Олланазар оғанинг автобусига эса қайта дуч келмадим. Иттифоқо, бир куни Хоразмга тўйга бордим. Тоғам келин тушираётган эди. Жияним бу йил магистратурани тугатди, келин ҳам ўзи билан бирга ўқиган дейишди.

Қудаларни кутиб олаётсак, келиннинг онаси деб таништиришган аёл кўзимга иссиқ кўринди. Ие, ахир бу Бибижон опа-ку!

У ҳам менга тикилиб, қаерда кўрганини эслолмай турарди. Эски қадрдонлардай сўраша кетдик. Опадан касал қизи ҳақида сўрадим.
– Мунирами? – деди кулиб Бибижон опа. – Ўзи шу ерда.
Бир ёшлар чамасидаги бола кўтариб олган Мунира мен билан кўришгани келди. Чақалоқнинг ўғил-қизлигини сўрадим.
– Қиз, – деди Мунира. – Каттаси ўғил, шу йил кузда олтига тўлади.
Тўй жуда файзли ўтди. Меҳмонлар сийраклаб, шовқин камайганида Бибижон опадан қўшниси Олланазар оға ҳақида сўрадим. У чуқур хўрсинди. Айтишича, оғанинг вафот этганига икки йил бўлибди. Опа билан лўлилар воқеасини эсладик.

– У киши вафот этганига йигирма кунлар бўлганда Тошкентга студент қизим –сизга келин бўлган Гулмирани ёзги таътил бошлангани учун олиб келгани боргандим, – деди опа муҳим бир воқеа эсига тушгандек энтикиб.

– Қайтишда автобусга чиқдим. Қарангки, бу автобус раҳматли қўшним ҳайдаган ўша улов экан. Бир маҳал автобус ёнига икки лўли келди. Улар нега ҳайдовчи оға кўринмаётганини сўрашди. Ҳайдовчи уларга оғанинг оғир касаллик билан узоқ курашгани, яқинда вафот этгани ҳақида айтди. Шумхабарни эшитган лўлилар уввос солиб йиғлаб юборишди. Сўнг иккови нималарнидир маслаҳатлашгач, бирпас кутиб туришларини ҳайдовчидан ўтинишди, улардан бири тез-тез юрганча қаёққадир кетди, иккинчиси автобус ёнида қолди. Икки соатча фурсат ўтиб салон йўловчилар билан тўлди ва автобус ўрнидан қўзғалди. Шу пайт ташқаридаги лўли яна озроқ сабр қилишни сўраб ялинди. Ҳайдовчи бошқа кутолмаслигини, йўл олислигини тушунтириб автовокзалдан чиқа бошлади. Шу пайт узоқда лўлилар галаси кўринди: шошиб келишар, ажабланарлиси, барининг кўзида ёш, барининг чеҳраси сўлғин эди. Улар кондуктор йигитга бир тугунча бериб, ҳайдовчи оғанинг оиласига етказишларини илтимос қилишди-ю, бошларини эгганча изларига қайтишди. Лўлилар берган тугун ичида анчагина пул бор экан. Қўшни бўлганим учун пулни мен Олланазар оғанинг хонадонига элтиб бердим. Унинг уйидагиларни, айниқса, қари онасини пул эмас, Олланазар оғанинг ҳаётда қандай инсон бўлгани, дунёдан ўтиб кетган бўлса ҳам одамийлиги яшаб қолгани қувонтирди. Қаранг, яхшилик ҳеч қачон жавобсиз қолмас экан!..

Бибижон опанинг гапларидан танам жимирлаб кетди. Олланазар оғанинг ҳақига дуо қилдим. Аллоҳ уни раҳмат қилсин. Беихтиёр ортида қолган фарзандлари ҳақида ўйладим. Етим қолган бу болалар отасидан яхши тарбия олишгани, улар ҳам худди оталаридек одамийлик йўлидан юришганига шубҳам йўқ. Чунки ҳаётда бир бор кўрган бўлсам ҳам менда жуда катта таассурот қолдирган оддийгина ҳайдовчи Олланазар оғанинг уйининг чироғи ўчмаслигини, хайрли амаллари давом этишини жуда-жуда хоҳлардим…

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»