Қўчқорчига аталгани Паканага кетди

11:53 - 17.02.2021

11

Қувасой шаҳар ҳокимлигининг қарорига кўра «Обод маҳалла» дастурига киритилган тўртта маҳалла кўчаларига чироқ ўрнатилиши ва борлари таъмирланиши керак эди. Бюджетдан пул ажратилгач, 2020 йил февраль ойида тендер ўтказилади. 27 февраль куни шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан тендер ғолиби «Shuhrat avto invest trans» МЧЖ ўртасида шартнома тузилади. Ўша куннинг ўзида пудратчининг ҳисобрақамига шартнома суммасининг 15 фоизи – 43 млн. 876 минг сўм пул ўтказилади. 28 февралда эса жамиятнинг «ишбилармон» раҳбари Ш.Х. тақдим этган сохта «Бажарилган ишлар қиймати ҳақидаги ҳисоб-фактура»га биноан унинг ҳисобрақамига қолган сумма – 234 млн. сўмдан зиёд маблағ ўтказиб берилади. МЧЖнинг усталари бир кунда кўчаларга ҳам бетон таянчлар ўрнатиб, ҳам сим тортиб, ҳам чироқлар ўрнатиб, эски чироқларни янгилаб қўйганига Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.А. чиппа-чин ишониб, пудратчига қолган маблағни қўшқўллаб топшириб қўйгани ҳақли саволларни туғдирди.

Департаментнинг шаҳар бўлимининг хатига асосан буюртмачи ва пудратчининг ишини тафтиш қилишга киришилди. Иш хамирдан қил суғургандай силлиқ кечишига шубҳа қилмасдан, ҳужжатларни сохталаштириб бюджет маблағини талон-торож қилган бошқарма бошлиғи ва жамият раҳбарининг пайтавасига қурт тушди. Ш.Х. «пандемия карантини туфайли қурувчилар ишга чиқмади, ишни тўхтатишга мажбур бўлдим деявераман», дея ўзини овутди. А.А. эса ҳечдан кўра кеч дея этагини ёпишнинг бошқача йўлини тутди. Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари, техникасини қурувчилар бажармаган ишларга сафарбар қилди. Қўчқорчи, Намуна, Лашкар, Дўстлик маҳалласидаги кўчаларга ўрнатиладиган 60 та бетон таянчдан 13 тасини МЧЖ омборидан олиб шартномада кўзда тутилмаган Пакана маҳалласидаги кўчаларга ишлатиб юборди.

Дастлабки тафтишда буюртмачи А.А. ва пудратчи МЧЖнинг раҳбари Ш.Х. жиноий тил бириктиргани, бажарилмаган иш учун ҳақ тўлангани  аниқланди. Пудратчининг ўрнига буюртмачи ўз кучи билан март-апрель ойларида 75 млн. 504 минг сўмлик иш бажарган, қолган 217 млн. сўм пул талон-торож қилинган бўлиб чиқди. Тафтиш давомида бошқарма бошлиғи А.А. сувдан қуруқ чиқишга уриниб, «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллалардаги кўчаларга бетон таянч ва чироқлар ўрнатиш учун оёғи куйган товуқдай елиб-югурди. Суриштирув ва тафтиш натижаси бўйича  жиноят иши қўзғатилиб, бажарилган иш қайта ўлчанди. Апрель ойидан июль ойигача қўшимча 162 млн. сўмлик иш қилингани, шартномада кўрсатилган ишларнинг 54 млн. 775 минг сўмлиги бажарилмай қолгани қайд этилди.

Ёши олтмишга яқинлашганда шайтон йўлдан урган Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.А. айбини қисман тан олди. Айбини инкор этган жамиятнинг 47 яшар раҳбари Ш.Х.нинг А.А. билан тил бириктириб содир этган жинояти далиллар, қўлида ишлаган ходимлар, маҳалла раисларининг кўрсатмалари билан тасдиқланди. Зарарни тўлиқ қоплаган судланувчиларга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.