Йўқ бино устидаги ўйин

11:00 - 17.02.2021

6

Давлат бюджети – халқнинг маблағи. Шу боис унинг бир сўми ҳам қаттиқ назоратда бўлиши керак. Лекин бюджет пулини ноқонуний сарфлаш, талон-торож қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани ачинарли.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилда маҳаллий бюджетлар маблағининг тўғри сарфланиши текширилганда жами 175,3 млрд. сўм пул ўзлаштирилгани маълум бўлган.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳокимнинг биринчи ўринбосари бош чилигидаги мансабдорлар гуруҳи бюджет маблағларини турли йўллар билан ўзлаштиргани фош этилди.

Ғулом Шайбеков 2018 йил 10 январдан 2020 йил 9 августга қадар Оққўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган. Шуҳрат Маърупов ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва хўжалик масалалари бўйи ча ўринбосари бўлиб ишлаган. Шерзод Мирзақулов туман қурилиш бўлими бошлиғи эди.

Бахтиёр Мирзакаримов эса туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи бўлган. Раҳбарлик лавозимида ишлаб, нафсини жиловлай олмаганлардан яна бири Дониёр Нишонов туман ҳокимиятида иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. Бундан ташқари мазкур мансабдорларга фуқаро Бахтиёр Гелдиев ҳам шерик бўлган.

2020 йил 18 февралда туман ҳокимининг «Туманда бузилишга тушган турар ва нотурар жойлар бўйича товон пулларини тўлаб бериш тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинади. Шу асосда товон пулини тўлаш юзасидан махсус комиссия тузилади. Юқорида номлари келтирилган шахслар айни шу комиссияда бирлашадилар.

Ғ.Шайбеков комиссия аъзолари Ш.Маърупов, Б.Мирзакаримов, Ш.Мирзақулов ва Д.Нишонов билан жиноий тил бириктиради. Бу ишда уларга Б.Гелдиев ҳам шерик бўлади. Комиссия аъзолари Б.Гелдиевга тегишли бўлган, Ойбек кўчасида жойлашган собиқ кинотеатр биносини қизил чизиққа тушган деб кўрсатган ҳолда сохта ҳужжат расмийлаштиришади. Аслида кинотеатрни эгаси 2018 йил октябрда бузиб ташлаганди. Шундай бўлса-да, бу шахслар бинони бузилмаган деб кўрсатиб, Б.Гелдиевни бино мажбурий тартибда бузилиши ҳақида «огоҳлантиришади». Шунингдек, унга уч кун ичида эркин баҳоловчи ташкилот орқали бинони баҳолатиш мажбурияти ҳам юклатилади. Хуллас, жиноий режага асосан аслида йўқ бино 317 млн. 545 минг сўмга баҳоланади ва шунча товон пули Б.Гелдиевга тўлаб берилади. Комиссия аъзолари шу йўл билан катта миқдордаги маблағни талон-торож қилишади.

Улар бу билан қаноатланишмайди. Г.Шайбеков ва комиссия аъзолари жиноий ҳаракатларини давом эттиришади. Улар бу сафар фуқаро Бешим Мингалиевга тегиш ли бўлган, Халқобод маҳалласида жойлашган дўкон биносини қизил чизиқка тушган деб кўрсатган ҳолда сохта ҳужжат расмийлаштириб, аввалги йўл билан давлатнинг 326 млн. 414 минг сўм пулини талон-торож қилишади.

Бундан ташқари, Ғ.Шайбеков Навоий ва Охунбобоев кўчаларидаги қизил чизиққа тушган 205 та бинонинг мулкдорларига тўланадиган товон пулидан асоссиз равишда 5-10 фоиздан олиб қолиб, жами 694 млн. 600 минг сўмни қўлга киритади.

Ноқонуний ишлар бир кун келиб ошкор бўлиши муқаррар. Комиссия аъзоларининг ҳам қонунга хилоф ишлари тезда фош бўлди. Жиноят ишлари бўйича Бўка тумани судининг ҳукми билан айбдорларга нисбатан жазо тайинланди.

Жасур САПАРОВ,
департаментнинг Оққўрғон
тумани бўлими бошлиғи