Шубҳа ва рашк сиртмоғида

10:21 - 16.02.2021

19

Хотини болалари билан бемалол телевизор томоша қилиб ўтирган экан.

Усмон уларга қўшилиб бир муддат экранга термулиб турди. «Шайтанат» сериали намо йиш этилаётганди. Хаёл уммонига ғарқ бўлганидан шунча тикилса-да, экранда бўлаётган воқеаларга тушунмади.
Сўнг хотинини чақирди:
– Бу ёққа қара, Гулноз…
– Тинчликми? – хотини ёқинқирамай ўрнидан қўзғалди.
– Анави ёғоч стулниям кўтариб бу ёққа юр…

Усмон индамай ҳовлининг бир бурчагидаги ҳали тўлиқ таъмирланмаган хонага кириб кетди. Ортидан стул кўтарган хотини кирди. Усмон унга стулга ўтиришни буюрди. Сўнг Гулнозанинг қўл-оёқларини арқон ва рўмол билан стулга чандиб боғлай бошлади.
– Тинчликми, отаси? Биринчи апрелга ҳазиллашаяпсизми ё? – деди хотини кулиб.

«Биринчи апрель? Ҳазил? Э, бугун биринчи апрель экан-да? Аммо ҳазил сиғадими шу топда кўнгилга? Ўз ёғимга ўзим қовурилиб ўтирибман-ку?! Бу шум тақдирнинг ўзи устимдан шунча кулгани етмайдими?!». Усмон ўйлаганларини сиртига чиқармасдан ишини якунлади. Сўнг ги тугунни ҳам маҳкам қилиб боғлагач, бошқа стул олиб келиб, хотинининг қаршисига ўтирди.

«Бугун барчасига жавоб беради бу маккора хотин. Ҳа, ҳаммаси учун жавоб берадиган пайт келди. Шунча йилдан бери юрагини қуртдай кемириб келаётган шубҳа-гумонларга жавоб беради у… Кўчада, давраларда оғайнилар гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора устимдан кулганида чеккан алам ва изтиробларим учун жавоб беради. Қайта-қайта кечирганимдан кейин ҳам тўғри йўлга кирмагани, тўрт боланинг онаси бўла туриб бировнинг тўшагида ётгани, устига-устак ўша ўйнашлари сабабли рўзғорини қарз ботқоғига ботиргани учун…».
Усмон алам ва ғазабдан титраганича қўл-оёғи боғлиқ хотинини ўзича «суд қилиш»ни бошлади…

* * *

Усмон Гулноза билан 2004 йилда турмуш қурган эди. Йиллар давомида икки қиз, икки ўғилли бўлишди. 2010 йилда алоҳида ҳовли қилиб, кўчиб чиқишди. 2014 йилда ишлаб, тирикчилик қилиш мақсадида турмуш ўртоғи ва болаларини олиб Тошкент шаҳрига кетди. У ерда ижарага уй олиб яшай бошлашди. Турли қурилиш объектларида ишлади.

Бир куни тушлик пайти Равшан деган йигит билан танишиб қолди. Анча киришимли кўринган бу йигит ўзининг Шаҳрисабздан эканини айтиб, юртдошлик ҳурмати бирга ишлашни таклиф этди. Усмон у билан телефон рақамларини алмашди. Сўнг тез-тез бирга улфатчилик қиладиган бўлди. Бу орада оёғи жароҳатланиб, уйда ётиб қолганида ҳам уни энг кўп йўқлайдиган ғамхўри шу Равшан бўлди.
Оёғидаги гипсни олдиргач, Усмон Бўс тонлиқ туманига ишга кетди. Ўша ерда ётиб ишлай бошлади.
Бу орада кечки вақт Равшан қўнғироқ қилиб, қачон уйга келишини сўрайдиган одат чиқарди. 2015 йилнинг январь ойида Усмон оиласини Шаҳрисабз шаҳрига кўчириб олиб келиб, ўзи Тошкентга қайтиб кетди.

Ўша йили турмуш ўртоғи ва кичик ўғлини Қозоғистоннинг Қустанай шаҳрига олиб кетиб, ишлади. Шу ерда икки ой яшаганларидан сўнг турмуш ўртоғи ва ўғлини қишлоғига жўнатиб юбориб, ўзи ишини давом эттирди.

2018 йилнинг охирларида Гулноза бозорга чиқиб ишлашини, синглиси Дилором ҳам бозорга чиқаётганини айтиб, ундан рухсат сўради. Усмон синглисига бу ҳақида маслаҳат солди. Дилором ёнидан жой қилиб беришини айтди. Шундан сўнг Гулноза бозорда савдо қила бошлади. Бу орада Усмон оғайниларидан хотинининг хулқи ҳақида турли гап-сўзларни эшита бошлади. Бир тўйда синфдошларидан бири маст бўлиб унинг устидан ошкора кулди. Бироқ Усмон бу гапларни ғийбат деб билиб, эътибор қилмади. Гулноза ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб Усмондан тез-тез пул сўрай бош лади.

– Сен бозорда ишлайсан-ку, шунча пулни нима қилаяпсан? – дея ҳайрон бўларди Усмон.

Хотини эса уни «Ўғлимизнинг суннат тўйига йиғаяпман» дея тинчлантирарди. Шундан кейин Усмон хотинидан нима учун пул кераклигини ҳам сўрамай қўйди.

2020 йилнинг бошида синглиси Дилором қизиқ гап айтиб қолди:
– Янгам бир эркакка доллар бериб юборди, сиз берганмидингиз, у одамни мен танимадим…
Усмон бу хусусда хотинидан суриштирди.
– Бир кишидан сотиш учун мева-чева олган эдим, шунинг пулини бердим,
– деди Гулноза бамайлихотир.

Шундан кейин Дилором негадир унга сирли қараб қўйиб, минг бир истиҳола билан:
– Ака, кечирасизу… Хотинингиз бозорга чиқмай қўя қолсин… – деди.

Ўшанда Усмон ундан нима сабабдан бундай деганини сўраганида Дилором нотаниш аёл сумкасини хотинининг столи остидан топиб олиб, у билан тортишиб қолганини айтди. Шу куни акаси Анвар билан гаплашганида у «Хотининг Зарина опа исмли “процентчи” аёлдан фоизга пул олган экан, ўша пулини сўраб келибди, 1 млн. 200 минг сўм қарзи бор экан» деди. Усмон уйга келиб, Гулнозани қистовга олди:
– Яна кимдан қанча қарзинг бор?
– Бир кишидан 400 минг сўм қарзим бор, – деди Гулноза ерга қараб… Сўнг қолганларини ҳам тан олишга мажбур бўлди. Усмоннинг жаҳли чиқиб, Яккабоғда яшовчи қайниси Дилмуродга қўнғироқ қилиб, опасини олиб кетишини айтди.

* * *

Гулноза бир ойча ота-онасининг уйида яшади. Бу орада Усмон уйининг ҳужжатларини излаб, топа олмади. Турмуш ўртоғи уйининг ҳужжатларини гаровга қў йиб, фоизга пул олган бўлиши мумкинлигини ўйлаб, қайнотасининг уйига борди. Гулнозадан «уйга борсам, ҳужжатларни топиб бераман» деган жавобни эшитди. Усмон ундан бошқа қарзлари хусусида суриштирганида ҳуши бошидан учгудай бўлди. Бошини чангаллаб ўтириб қолди. Гулнозанинг айтишича, бозордаги савдоси давомида шерикларидан нақд 20 миллион сўм қарздор бўлиб қолган эмиш… Усмоннинг ҳафсаласи пир бўлиб яна ортига қайтди. Бироқ орага синфдош дўстлари тушгач, хотинини яна уйига олиб келди. Қарзларини эса қайнилари тўлашди.

«Мен ҳамма нарсани тушундим, энди кўзим очилди, бошим деворга тегди» дея тавба-тазарру қилди Гулноза…

Бироқ хотини уйга келганидан сўнг ҳам ўзини шубҳали тута бошлади. Бир куни ярим кечаси уйғониб кетиб, Гулнозанинг ўрнида йўқлигини кўрди.

Жо йидан туриб, дарвозадан ташқарига чиққанида, хотинини чиқинди тўкадиган жойда кўриб, ҳайрон бўлди. «Мусор тўккани чиқувдим» деб баҳона қилди у.

Кейинги сафар ярим тунда уйғонганида хотинининг оғир болға кўтариб юрганини кўрди. Ундан «Нима қилаяпсан?» деб сўраганида «Уйни йиғиштираяпман» деб жавоб берди. Усмон ҳайрон бўлди-ю, яна жойига ётди… Аммо тонггача кўзи илинмади…

Эртаси куни 1 апрель эди. Ҳазил кўнглига сиғмасди. У шу куни хотинини стулга банди қилиб, сўроқ қилишга киришди. Ва ўзича ҳукм чиқариб, унинг бўйнига сиртмоқ ташлади…

* * *

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида Усмон Қудратовнинг жиноят иши кўрилди.

Қайд этилишича, Усмон Қудратов 1974 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, ишламайди. Илгари судланмаган. Оилали, тўрт фарзанди бор. Тошкент вилояти Қибрай туманида рўйхатда туриб, Шаҳрисабз туманида яшаб келган.

Ўша куни Усмон Гулнозани қўлидаги арқон билан бўғиб ўлдирган…

Унгача ўрталарида қандай савол-жавоб бўлиб ўтгани фақат ўзларига аён. Марҳумлар хусусида ёмон гапириб бўлмайди. Бироқ судланувчи судда Гулноза ўлими олдидан қилган барча хиёнатларини ўғли Ҳумоюннинг олдида тан олганини қайд этди. Ўғли ҳам унинг сўзларини тасдиқлади…

* * *

Суд ҳукм қилди. Жиноят кодексига асосан Усмон Қудратовга 15 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳа, турмуш сўқмоқлари ўта чигал, мураккаб… Баъзан жаҳл, баъзан хиёнат, баъзан шубҳа ва гумонлар инсонни жиноятга етаклар экан.

Нима бўлганида ҳам энди бир оиланинг бекаси бу оламда йўқ. Унинг ўлимига сабабчи бўлган эри эса қамоқда. Тўрт фарзанд отасиз, онасиз ўсишга маҳкум…

Убайдулла САЪДУЛЛАЕВ,
Қашқадарё вилояти прокурорининг
ўринбосари