Хатланган автоуловлар Сурхондарёга кетиб қолишди

16:42 - 16.02.2021

6

Мажбурий ижро бюросининг Бухоро шаҳар бўлими фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2020 йил 23 майдаги И.Қодировдан С.Сатторовага қарзини ундириш тўғрисидаги қарори бўйича олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли «Lacetti» автомобили борлиги аниқланган.

Давлат ижрочисининг қарори билан ушбу транспортга нисбатан қидирув эълон қилинган. Натижада «Lacetti» автомобили Сурхондарёда эканлиги аниқланиб, 2021 йилнинг 18 январь куни бюронинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан хатланди ва сақлаш учун бюронинг Шеробод тумани бўлимига топширилди.

Худди шунингдек, Хоразм вилояти иқтисодий судининг 2020 йил 10 августдаги ижро ҳужжатига асосан «Барака Нозима савдо» МЧЖдан 18500 АҚШ доллари миқдоридаги қарзни ундириш белгиланган.

Мазкур ҳужжат бюронинг Урганч шаҳар бўлимига келиб тушган кундан ижро иши қўзғатилган ва қарор нусхаси тарафларга юборилиб, қарздорга муҳлат берилган.

Қарздор шунда ҳам қарзини тўламагани сабабли 2020 йил 10 сентябрда унга тегишли «Isuzu» русумли транспортга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси ходимларининг саъй-ҳаракати натижасида мазкур транспорт Сурхондарё вилояти Бойсун туманида юргани аниқланиб, вақтинча сақлаш учун тумандаги ЙПХ масканига олиб борилиб, хатланди.

Ҳозир бюронинг Урганч шаҳар бўлими томонидан ижро иши юзасидан қарзни ундириш чораси кўрилмоқда.