Ҳар икки марказда ҳам илдиз отган экан…

17:58 - 15.02.2021

5

Коррупцияга қарши кураш масаласи бугунги кунга келиб бутун дунёда долзарб мавзуга айланди. Бу борада мамлакатимизда ҳам қатор чоралар кўрилаётир. Хусусан, ўтган йили Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан коррупция билан боғлиқ 66 та жиноят иши қўзғатилди ва айбдорлар судлар томонидан қонуний жазога тортилди.

Масалан, Қўнғирот тумани аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш маркази хўжалик ишлари мудири П.Нуруллаев А. исмли фуқарони тумандаги акциядорлик жамиятларининг бирига ишга жойлаштириш ҳамда ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам бериш эвазига 2000 доллар пора олган вақтида ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва П.Нуруллаевга суд 2 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Яна бир мисол. Фуқаролар Б.Айтжанова ва К.Ортиқова Т.А.нинг ишончига кириб, уни танишлари орқали Республика ҳудудий перинатал марказига ишга жойлаштириш эвазига 10 млн. сўм пулини олган вақтида ушланган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, айбдорлар суд ҳукмига асос жиноий жазога тортилди.