Бўйин товлашнинг жавобгарлиги оғир

17:11 - 15.02.2021

6

Ҳар қандай давлатда солиқ сиёсати тўғри юритилмаса мамлакат иқтисодиёти инқирозга юз тутиши табиий. Департамент органлари зиммасига бу борада қатор вазифалар юклатилган. Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ўтган йили солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш билан бирга савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳолатларини ҳам аниқлади. Мазкур солиқларни тўлаш ҳақида хўжалик юритувчи субъектларга хабар юборилди ва шулардан 3 та хўжалик юритувчи субъект 520,7 млн. сўмлик тўловларни тўлаб берди. 

Солиқ тўлашдан бош тортган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича тўпланган материаллар юзасидан 18 та жиноят иши қўзғатилганини маълумот сифатида келтириш мумкин.

Масалан, «Qilich Taxiatash» МЧЖ мансабдорлари 2017 – 2019 йилларда жами 1,6 млрд. сўмлик солиқни тўлашдан бўйин товлаб келган ва 5,5 млрд. сўм нақд пулни банкка топширмасдан, савдо қоидасини бузган. Ушбу ҳолат юзасидан департаментнинг Тахиатош тумани бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, жамият мансабдорларига суд томонидан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, ўтган йили бюджет маблағининг талон-торож қилиниши  билан боғлиқ 165 та қонунбузилиши аниқланиб, барча ҳолатлар бўйича қонуний чоралар кўрилди. Натижада 2 млрд. 714 млн. сўмлик моддий зарарнинг давлат бюджетига қайтарилиши таъминланди.