Пенсияга оид янгиликлар

16:16 - 15.02.2021

5138

Умр – оқар дарё… Буни қарангки, кечагина беш-олти яшар тенгқурларим қатори кўча чангитиб юрган эдим, бугун эса пенсия ёшига ҳам етиб қолибман.

Бу ҳам майли, ҳар гал ёши каттароқ танишлар, ҳамкасблардан пенсияга чиқишдаги муаммолар, яъни аввал ишлаган жойларидан ҳужжатлар йиғиб келишдаги қийинчиликлар ҳақида эшитганимда бу гапларга аҳамият бермагандим. Аммо ҳисобчимиз маълумотлар базасидан 1978 йилдан 1995 йилгача ишлаган жойларим ҳақидаги маълумотларни топа олмаётганини айтганида, очиғи, бошим қотиб қолди. «Энди камина ҳам эшикма-эшик тентираб, ҳужжат йиғар эканман-да!» деб турганимда, пенсия таъминоти масаласида янгилик, яхши хабарлар бўлиши ҳақида гап лар тарқалди. Ўтган ҳафтада эса Президентимизнинг жорий йилги давлат дастурига оид фармони билан қатор соҳалар каби пенсия таъминотига ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Пенсия тизимида жорий қилинаётган янги тартиблар, имтиёз ва қулайликлар ҳақида маълумот олиш учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратининг Пенсия ҳисоблаш услубиётини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Даврон ПОЗИЛОВ билан боғландик.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дас тури тўғрисида»ги фармони билан давлат дастури тасдиқланди.

Фармонда пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий адолатни таъминлаш, талаб юқори бўлган касблар бўйи ча иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим муассасаларида тайёрлаш каби вазифаларни амалга ошириш белгиланган.

Биргина пенсия тайинлашни оладиган бўлсак, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида бир қатор тартиблар белгиланмоқда. Таъкидлаш лозим, пенсия таъминоти тизими меҳнатга лаёқатсиз ва камбағал фуқароларнинг турмушини яхшилашга қаратилган иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилишини назарда тутади. Шу маънода, фармоннинг 10-бандига асосан пенсиялар тайинлаш ва тўлашда 2021 йил 1 июндан бошлаб қуйидаги тартиб жорий қилинади:
пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади; пенсия ҳисоблашда иш стажини ҳисоблаш учун пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг 2005 йилгача бўлган меҳнат стажини тасдиқлайдиган қўшимча ҳужжатларни (давлат архивидан олинадиган маълумотнома, тегишли вазирлик ва идоралардан олинган ишга киргани, ишдан бўшагани ҳақидаги буйруқлар ва бошқа ҳужжатлар) талаб қилиш тартиби бекор қилинади; уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади; ишловчиларга ишламайдиган турмуш ўртоғи келгусида пенсия таъминотига эга бўлиши учун ўз даромадидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.

Пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади. Бу билан фуқароларимизга бир қанча қулайликлар яратилади. Жумладан, фуқаро вилоятда доимий яшаётган (прописка), бироқ Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтган бўлса пенсия тайинлаш ёки тўлаш учун вилоятга бориш билан боғлиқ оворагарчилиги бартараф этилади.

Пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида пластик карта очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади.

Фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганини вазирлик ва идоралар тақдим этадиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали тўловларни нақд пулсиз олувчилар учун ҳар олти ойда пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ёки жойига чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади. Бу билан ҳар ойда 192-200 мингдан ортиқ фуқаро оворагарчилигининг олди олинади.

Фармоннинг 11-бандига кўра пенсия ва нафақалар тўғри та йинланиши ҳамда тўланиши бўйи ча текширишлар натижасида 2021 йил 1 февралгача аниқланган ортиқча тўлов қарзи ҳисобдан чиқарилади.

Хулоса қилиб айтганда, дастурда белгиланган бу каби қулайликлар аҳоли сарсон бўлишининг олдини олишга, давлатдан розилик ҳиссини оширишга хизмат қилади.

Ғофуржон АЛИМОВ
тайёрлади