“Бори элға яхшилик қилғилки, шундин яхши йўқ…”

13:16 - 14.02.2021

14

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, ўрта аср Шарқ маданияти, адабиётида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим, тарихчи бўлиши билан бирга давлат арбоби ва моҳир саркарда ҳам эди. Бобур Ҳиндистонда бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида номи давлат арбоби сифатида қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди.

УМР КИТОБИ ЁХУД «ХАМСА» БИЛАН БЎЙЛАШГУЛИК АСАР

Давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалларда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижод қилишга вақт топа олган. Унинг улкан санъаткорлиги шундаки, кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олган ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига чиққан. Унинг «Бобурнома»си жаҳон адабиёти ва манбашунослигидаги муҳим ва ноёб ёдгорлик, ўзбек адабиётида дастлабки насрий мемуар ва тарихий-илмий асардир. Бобур унда ўз-ўзини очиқчасига муҳокама қилган, хатоларини рўй-рост ёзган.

«Бобурнома» билан танишиб чиққан Хондамир «Услубдаги нафис бир соддалик қаршисида менинг юксак шоирона услубим ортиқча бир такаллуфдек туюлди. Мен аминманки, авлодларимиз бу шоҳ асарни Алишер Навоийнинг «Хамса»си каби эъзозлайди. Чунки шу вақтгача туркий тилда битилган энг улуғ шеърий асар «Хамса» бўлса, энг улуғ насрий асар менимча «Бобурнома» бўлғусидир» дея таърифлаган эди.

«Бобурнома»да 1494 йилдан 1530 йил ларгача бўлган даврда Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Ҳиндистон ва Озар байжон ҳамда бошқа ўлкалардаги тарихий-сиёсий воқеалар, жанглар тафсилоти йилма-йил ўта аниқлик билан, ғоят қизиқарли, ибрат бўларли қилиб тасвирланган. Асарни ўқиган китобхон ўзини бевосита ўша воқеаларнинг иштирокчисидай ҳис этади.

Асар асосан уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида XV асрнинг иккинчи ярмида рўй берган воқеалар, яъни Бобурнинг Фарғона тахтига ўтириши (1494 йил июнь), аммо темурийлар давлатида авж олган тахт учун кураш оқибатида ўз улусидан маҳрум бўлиши, Самарқанд учун Шайбонийхонга қарши олиб борган жангу жадаллари (1497 – 1501 йиллар)нинг беҳуда кетиши ва ниҳоят тожу тахтдан бутунлай ажраб, Ҳисор тоғи орқали 250 нафарга яқин навкари билан Афғонистонга юз тутиши (1504 йил) ҳақидаги воқеалар батафсил зикр қилинган. Иккинчи қисмида Бобурнинг Кобулни забт этиб, у ерда мустақил давлат тузгани (1508 йил), Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг ҳарбий ёрдами билан Самарқандни яна ишғол қилгани (1511 йил), лекин шайбонийлардан енгилиб, Кобулга қайтгани ва Ҳиндистонни забт этишга ҳозирлик кўра бошлагани хусусидаги воқеалар баён этилган. Учинчи қисмида 1526 йилда Бобурнинг Деҳли султони Иброҳим Лўдийни мағлуб этиб, Ҳиндистонни босиб олгани ва бобурийлар давлатини барпо қилгани ҳақидаги воқеалар қаламга олинган.

БАТАФСИЛ ВА САМИМИЙ

«Бобурнома»да келтирилган барча маълумотлар самимийлиги билан шу хусусдаги бошқа китоблардан тубдан фарқ қилади. Унда ўша даврнинг сиёсий воқеалари мукаммал баён қилинар экан, ўз юрти – Фарғона вилоятининг сиёсий-иқтисодий аҳволи, унинг пойтахти Андижон шаҳри, Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ўш, Урганч, Ўратепа, Термиз ва бошқа шаҳарлар ҳақида ниҳоятда нодир маълумотлар келтирилган. Асарда Кобул улусининг йирик шаҳарлари Кобул, Ғазна ва улар ихтиёридаги кўпдан-кўп туманлар, вилоятлар ҳақидаги маълумотларни ҳам учратиш мумкин. Масалан, Самарқанд, Шаҳ рисабз ва Қарши шаҳарлари ҳақида Бобур шундай дейди: «Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур… Самарқанд шаҳри ажаб ороста шаҳредур, бу шаҳрда бир хусусияти борким, ўзга кам шаҳрда андоқ бўлғай. Ҳар хирфагарнинг бир бошқа бозори бор, бир-бирларига махлут эмастур, тавр расмедур. Хўб нонволиқлари ва ошпазликлари бордур. Оламда яхши коғаз Самарқанддин чиқар. Жувози коғазлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу Қора сувни Оби Раҳмат ҳам дерлар.

Яна Кеш вилоятидур, Самарқанднинг жанубидадур, тўққуз йиғоч йўлдур. Самарқанд била Кеш орасида бир тоғ тушубтур, Итмак добони дерлар, сангтарошлик қилур тошларни тамом бу тоғдан элтарлар. Баҳорлар саҳроси ва шаҳри ва боми ва томи хўб сабз бўлур учун Шаҳрисабз ҳам дерлар. Темурбекнинг зоду буди Кешдин учун шаҳар ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди, олий иморатлар Кешта бино қилди. Ўзига девон ўлтурур учун бир улуғ пештоқ ва яна ўнг ёнида ва сўл ёнида тавочи беклари била девон беклари ўлтуруб девон сўрар учун икки кичикроқ пештоқ қилибтур. Яна саврун эли ўлтурур учун бу девонхонанинг ҳар зилъида кичик-кичик токчалар қилибтур, мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар. Дерларким, Кис ро тоқидин бу бийикрактур. Яна Кешда мадраса ва мақбара қилибтур. Жаҳонгир мирзо ва яна баъзи авлодининг мақобири андадур. Чун Кешнинг қобилияти шаҳр бўлмоққа Самарқандча эмас эди, охири пойтахт учун Темурбек Самарқандни-ўқ ихтиёр қилди.

Яна Қарши вилоятидурким, Насаф ва Нахшаб ҳам дерлар, Қарши мўғулча оттур, гўрхонани мўғул тили била «қарши» дерлар. Ғолибо, бу от Чингизхон тасаллутидин сўнг бўлғондур. Камоброқ ердур, баҳори хўб бўлур, экини ва қовуни яхши бўлур. Самарқандтин жануб саридур, бир нима ғарбқа мойил, ўн секкиз йиғоч йўлдур…». Мўғул истибдоди оқибатида «гўрхона» қабилида аталган шаҳарнинг аянчли тақдири мемуар муаллифи томонидан шундай ифодаланган.

Шунингдек, асар муаллифнинг муайян тарихий воқеа ҳақида ҳамда ўзаро душманлик қилган темурийлар – Умаршайх, Султон Аҳмад, Султон Маҳмуд, Бойсунғур Мирзо, Султон Ҳусайн ва бошқаларнинг хулқ-атвори, табиати хусусида билдирган фикр-мулоҳазалари билан ҳам аҳамиятлидир. Унда ижтимоий-табиий фанлар, тарих, фалсафа, фиқҳ, дин таълимоти, тилшунослик, география, табиатшунослик, маъданшунослик, деҳқончилик, боғдорчилик ва бошқа фанларга оид аниқ ва ҳанузгача ўз тарихий ва илмий аҳамиятини йўқотмаган маълумотлар, илмий асосланган хулосалар келтирилган.

САРКАРДАНИНГ СИНОАТИ

Асарда бевосита Бобурнинг ўзи лашкарбоши сифатида қатнашган бир неча катта-кичик жанг манзаралари, уларда йўл қўйган хатолари очиқ-ойдин ёзиб қолдирилган: «Мен Самарқанд олғанда ўн тўққуз ёшта эдим. Не кўп иш кўруб эдим, не тажриба бўлуб эди. Иккинчи буким, менинг ғанимим Шайбоқхондек пуртажриба ва кўп иш кўрган ва улуғ ёшлиқ киши эди. Учинчи буким, бизга Самарқандтин ҳеч киши келмайдур эди. Агарчи шаҳр эли манга кўнгуллук эди, вале Шайбоқхоннинг қўрқунчидин ҳеч киши бу хаёлни қила олмас эди. Тўртинчи буким, менинг ғанимим қўрғонда эди, ҳам қўрғонни олилди, ҳам ғанимни қочурулди. Бешинчи буким, бир мартаба Самарқанд қасдиға келиб, ғанимға туйдуруб, иккинчи мартаба келганда Тенгри рост келтурди, Самарқанд фатҳ бўлди». Шунингдек, у китобда ўша даврдаги қўшин тузилиши, уруш олиб бориш, жанг усуллари, қамал ҳолатлари, қурол-яроғ турлари, қўрғонбузар қурилмалар ҳақида батафсил маълумот берган. Бобурнинг ҳаёти ва адабий фаолияти Мовароуннаҳрда сиёсий ҳаёт ниҳоятда мураккаблашган, феодал гуруҳларнинг бошбошдоқлиги авжига чиққан ва темурийлар давлатининг инқирози давом этаётган бир даврга тўғри келган эди. Бундай мураккабликлар инъикосини «Бобурнома»да кўрган бўлсак, унинг шоир руҳиятида қандай акс этганини шеъру ғазалларида кўрамиз. Мовароуннаҳрни бирлаштиришга уринишлар натижа бермагач, руҳан қийналган, амалдорларнинг хиёнатлари таъсирида умидсизликка тушган кезларидаги кайфияти Бобурнинг шеърларида акс этган.

Халқда «Ота рози – худо рози» деган гап бор. «Бобурнома»да темурийлар салтанати инқирозга юз тутишининг асосий сабабларидан бири ичкиликка, маишатпарастликка берилиш, ноиттифоқлик, оқибатсизлик, отани ота, фарзандни фарзанд ўрнида кўрмаслик сингари ғайриахлоқий ҳаракатлар эканлигини муаллиф надомат билан таъкидлайди. Дарҳақиқат, дунёга келишига сабабчи бўлган отани ҳурмат қилиш, унинг фармонбардори бўлиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Бу бурчни бажармаган фарзанд рўшнолик кўрмаслиги муқаррар. Шу ўринда муаллиф Мирзо Улуғбекнинг тўнғич ўғли Абдулатифнинг тожу тахт талашиб отасини ўлдиртирганини ва оқибатда ўзи олти ойдан зиёд тахтда ўтиролмаганини қоралайди. Ёки Ҳусайн Бойқаро ўз севикли набираси Мўмин Мирзонинг қатл этилиши ҳақидаги ҳукмга мастликда, ғофилликда қўл қўйиб бергани қораланади.

«ЮЗ ОҲ…»

«Бобурнома»ни варақларканмиз, кўз олдимиздан Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларига хос бўлган фазилат ва нуқсонлар, улар тафаккур оламининг кенглиги ва мураккаблиги билан бирга, ўша даврдаги ҳаёт қийинчиликлари, хуллас, Бобур давлатидаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг тўлиқ манзараси намоён бўлади. Унда келтирилган маълумотлар Мирхонд, Хондамир, Муҳаммад Солиҳ, Биноий, Муҳаммад Ҳайдар ва бошқа тарихчиларнинг асарларида бу даражада аниқ ва мукаммал ёритилган эмас.

Неча юз йилликлар оша оила ва никоҳ муқаддаслиги, ота ва фарзанд муносабатидаги юксак ахлоқий тушунчалар, ўзаро меҳр-оқибат, инсоний фазилатлар ҳақида куйиб-ёниб ёзилган саҳифалар шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг умр китоби бўлмиш «Бобурнома»сини ич-ичдан нурлантириб, унга ҳарорат бағишлаб турибди. Ёш авлод шу нурга интилмоғи, унинг ҳароратидан баҳраманд бўлмоққа шошилмоғи лозим.

Мана бу рубоийдаги ўтли мисралар моҳиятига бир боқинг:

Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Сарриштаи айшдин кўнгилни зинҳор
Уз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…
«Ё раб, нетайин, бу не юз қаролиғ

«Ё раб, нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди» дея ўз тақдиридан ўкинган улуғ, бетакрор даражада самимий шоир, ҳаёти зиддиятларга тўла кечган озурда инсон Заҳириддин Муҳаммад Бобур аслида неча минг йиллик авлодлар олдида юзини минг чандон ёруғ ҳисоблашга қодир улуғ мерос қолдирди…

Норбўта ҒОЗИЕВ,
“Huquq