Адолат — фаолиятимиз мезони

14:24 - 12.02.2021

17

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларига прокурорлар томонидан 2020 йилда 369,2 млн. сўмлик 32 та даъво аризаси киритилиб, барчаси қаноатлантирилган.

Жорий йил 12 январдаги «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан мазкур кодекснинг 50-моддаси иккинчи қисми янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг аризасига кўра қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишининг муҳокамасида иштирок этишга ҳақли. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Қорақалпоғистонда даъво аризаларнинг кўрилишида прокурор иштироки тўлиқ таъминланди. Регресс тартибида судларга иккита даъво аризаси киритилиб, қаноатлантирилди.

Жумладан, Хўжайли тумани прокурори туман тиббиёт бирлашмаси раҳбаридан регресс тартибида 9 млн. 770 минг сўм ундириш ҳақида даъво аризаси берган. Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2020 йил 30 июндаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган. Жиноят ишлари бўйича судга прокурорлар томонидан 13 та даъво аризаси киритилди ҳамда барчаси ижобий ҳал этилди. Масалан, фуқаро Ғ.Савриев «Меrcedes Benz» русумли юк машинасида Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов йўлида ҳаракатланиб келаётган «Нексия-2» русумли автомашинага бориб урилган. Бунинг натижасида фуқаро И.Айбергенов оғир жароҳат олган.

Жабрланувчига 41,8 млн.сўм моддий зарар етказилгани аниқланган, лекин айбланувчи зарарни қопламаган. Прокурорнинг моддий зарарни ундириш
ҳақидаги даъво аризаси жиноят ишлари бўйи ча Қўнғирот тумани судида кўрилиб, етказилган зарар тўлиқ ундирилди.

Судларда кўрилган ишларда прокурорлар далилларни текшириш ва уларга баҳо беришда фаол қатнашиб, қонуний ва адолатли қарор қабул қилинишига ҳисса қўшишди.

Жарас БАХИТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси
бўлим бошлиғи