Ҳаётбахш ва халқона

11:32 - 12.02.2021

7

Ёшлар – бунёдкорлик салоҳиятига эга бебаҳо ресурс. Аммо мазкур қатлам юрт тақдирини ҳал қилувчи катта кучга айланиши учун давлат аввало уларни ҳар жиҳатдан қўллабқувватлаши, жамиятда муносиб ўрнини топишига шароит яратиши лозим.

Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги фармони билан 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, дастурда режалаштирилган тадбирларни молиялаштиришга 29 трлн. 452 млрд. 700 млн. сўм ҳамда 2 млрд. 600 млн. 400 минг АҚШ доллари ва 57 млн. 500 минг евро миқдорида пул сарфланади.

Давлат дастури 273 банддан иборат. Унда нафақат ёшларни қўллаш, балки жамиятнинг барча жабҳаларини ривожлантириш масаласи акс этган.

Дастурда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш йўналишида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, суд тизимининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, юридик ва ҳуқуқий хизматлар сифатини яхшилашга оид бир қатор чоралар белгиланганки, уларнинг барчаси «инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган эзгу ғояга хизмат қилади. Муҳим янгиликлардан бири шуки, 2021 йилда юртимизда бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

Яна бир янгилик, 15 йил давомида республикамизда доимий рўйхатда турган, лекин фуқаролиги бўлмаган шахсларни, агар истак билдиришса, Ўзбекистон фуқароси деб тан олишни назарда тутувчи қонун қабул қилинади.

Бундан ташқари, дастурда давлат бош қаруви органларининг фаолиятини такомиллаштириш, ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларининг иш самарадорлигини ошириш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда сўнгги тўрт йилда икки мингга яқин фармон ва қарор қабул қилинган бўлса, афсуски, уларнинг ижросида кўплаб оқсашлар кузатилаяпти. Давлат дастуридан келиб чиқиб жорий йилда бу борада туб бурилиш ясалади. Яъни, дастурнинг 8-бандида янги тизим йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, давлат дастурига асосан транспортларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тизими соддалаштирилади.
Эндиликда транспортларни экстерриториаллик принципи асосида республикамизнинг исталган ҳудудида мажбурий техник кўрикдан ўтказиш мумкин бўлади.

Дастурнинг учинчи йўналишида иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ҳамда соҳа ва тармоқларга бозор тамойилларини кенг жорий этишга қаратилган вазифалар белгиланган. Энергия таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 9 фоиз оширилади. Унинг импортини 18 фоиз ошириш чораси кўрилади. Табиий газ ишлаб чиқаришни эса 2020 йилга нисбатан 16 фоиз кўпайтириш белгиланган. Шу билан бирга, электр энергияси инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 130 минг километрлик электр линиялари модернизация қилинади. 40 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари босқичма-босқич янгиланади.

Дарвоқе, дастурда иқтисодиёт таянчи бўлган тадбиркорликни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2021 йилда Тадбиркорлик кодекси қабул қилинади. Бугун тадбиркорлик субъектлари амал қилиб келаётган 5 мингдан ортиқ ҳужжат мавжуд.

Бироқ улар фаолияти давомида мазкур ҳужжатлар билан боғлиқ турли муаммоларга дуч келмоқда. Мазкур кодекс тадбиркорларнинг оғирини енгил қилади.

Яъни, эндиликда тадбиркорлар 5 мингта ҳужжатдан эмас, айнан битта кодексдан фойдаланади.

Булардан ташқари, Дастурга кўра ёшларни қўллаш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 киши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади;

олий таълим муассасаларида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба ушбу кредитни таҳсилни тугатганидан сўнг қайтариши амалиёти йўлга қўйилади;

олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоиз ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган қизлар учун давлат грантлари сони 2 баравар оширилади;

хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилади;

академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёрига кўра академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб (агар олий таълим муассасасида бундай таълим шакли бўлса), уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилади;

илмий унвон ва даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилади.

Йил дастуридан ўрин олган чораларнинг барчаси ҳаётий заруратдир. Уларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш эса юксак масъулият талаб этади.

Комолиддин АНВАРОВ,
Бош прокуратура бошқарма
катта прокурори