Муаммо ва муддаолар очиқ айтилди

10:46 - 12.02.2021

9

2021 йил 27 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш чоралари муҳокама қилинганди. Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси ходимлари видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2 февраль куни туманнинг 2-секторидаги Аҳмад Югнакий, 5 февраль куни эса Аҳиллик ва Уйғониш маҳаллаларида учрашувлар ўтказди.

Тошкент шаҳар ҳамда Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси ходимлари томонидан тумандаги мутасадди идоралар ва бўш иш ўрнига эга ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган учрашувларда «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» ва «Темир дафтари»га киритилган 73 кишининг муаммоси ўрганилди. 2 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди. 9 нафар ишсиз фуқарога касб-ҳунар ўрганишга, 4 нафар ишсиз ёшга эса ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Жумладан, фуқаро З.Қўйлиева қандолатчилик соҳасида ўқиш истагини билдирди. Шу куннинг ўзида унга ўқиш учун мономарказга йўлланма берилди. Шунингдек, Р.Бузоверов, Ш.Абдумуродов, С.Алимов ва Э.Орифжоновага ишга жойлашиш учун йўлланма, қолган фуқароларга меҳнат муносабатларига оид маслаҳат берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги 6099-фармони ижроси юзасидан Аҳмад Югнакий маҳалласида истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида шахмат ва шашка, Аҳиллик ва Уйғониш  маҳаллаларида яшовчи ёшлар ўртасида эса футбол мусобақаси ўтказилиб, ғолибларга совринлар топширилди.

Учрашув якунида тумандаги 256- ва 211-мактабларнинг ўқувчилари тайёрлаган саҳна кўринишлари намойиш этилди.