Аёл учун энг муҳими — эътибор

15:43 - 11.02.2021

12

Қонунийликни мустаҳкамлаш прокуратура органларининг асосий вазифасидир. Фарғона вилояти прокуратураси органлари кўмагида 2021 йил бошидан буён 189 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 178 нафари мономарказларда касбга ўқитилмоқда. Хусусан, фуқаро Г.Фозиловага Қува тумани Туркравот маҳалласидаги бўш бино ажратиб берилди. Тадбиркор аёл тикувчиликни йўлга қўйиши натижасида 30 киши ишли бўлди.

Фарғона вилояти прокурори Улуғбек Қосимов раҳбарлигида фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилаяпти. Хусусан, 2-сектордаги аёлларнинг 28 нафари даволанишга юборилди, 90 нафарига ёрдам берилди. Қўқон ва Марғилон шаҳарлари, Учкўприк туманида турмуш шароити оғир уч аёлнинг уйи прокурорлар ташаббуси билан таъмирланмоқда. Бувайда туманида малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда психологик ёрдам кўрсатиш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Навбатдаги бевосита мулоқот 1 февраль куни бўлиб ўтди. Данғара туманидаги чекка ҳудудлардан бири – Оқтепа маҳалласи аҳолисининг мурожаатлари тингланиб, муайян қисми шу ернинг ўзида ҳал этилди. Иккита камбағал оилага тикув машиналари топширилди. Уч нафар ногиронга аравача, икки нафарига сиҳатгоҳга бепул йўлланма ажратилди. Маҳалла гузарида  таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир барчага манзур бўлди. Шу куни маҳалла ёшларининг етти нафари «1+1» лойиҳаси доирасида тадбиркорларга бириктирилди. «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг ўн нафари ишга жойлаштирилди.

Данғара тумани Оқтепа маҳалласидаги 46 та эски симёғоч ўрнига янги бетон таянчлар ва трансформатор ўрнатилиши натижасида 300 дан зиёд хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди. 20 та эҳтиёжманд оилага суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Сув минораси ва насоси ўрнатилиб, 4,4 км. қувур тортилиб, 205 та хонадонда яшовчи 800 дан зиёд фуқаро тоза сув билан таъминланди. Шунингдек, салкам 1 километрлик йўлга шағал ётқизилди. Фуқаролар билан бевосита мулоқот ўтказилган куни уларга кўчма кутубхона ва дорихона хизмат қилди. Тиббий кўрикдан ўтказилган 47 нафар ҳомиладор аёлнинг 13 нафарига бепул дори-дармон берилди. Вилоят прокурори  бошчилигида «темир дафтар»га киритилган Х.Назированинг оиласига моддий ёрдам кўрсатилди. Унинг уйи таъмирлаб бериладиган бўлди. Аёлга сиҳатгоҳга бепул йўлланма берилди. Қизи Ф.Назирова туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштирилди. Сўнг Чинобод маҳалласида яшовчи Ш.Қўчқорованинг хонадонига борилди. Унга уй қуриб бериш хусусида келишиб олинди.