1447 та мурожаатдан 641 таси ҳал этилди, қолгани эса…

10:53 - 11.02.2021

7

Мурожаатларда аҳолининг кайфиятини, яшаш шароитини, ислоҳотларга муносабатини англаш мумкин. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларига 2020 йилда жами 1447 та мурожаат, шундан 316 таси юридик шахслардан келиб тушган. Уларнинг 641 таси ҳал этилган, хусусан, 18 таси қаноатлантирилган, 622 таси бўйича тушунтириш берилган, 84 таси эса жиноий ва маъмурий ишлар, жиноят тўғрисидаги хабар асосида тўпланган материалларга қўшилган, 18 таси аноним деб топилган.

Ҳал қилинган мурожаатларнинг 220 таси тадбиркорлик ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, 122 таси жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, 96 таси ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарларнинг нархлари асоссиз равишда ошиб кетиши, 23 таси сифатсиз дориларни ўтказиш ва дориларнинг ғайриқонуний савдоси билан боғлиқ. 

Шу билан бирга, мурожаатларнинг 288 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг сайти орқали ва халқ қабулхоналаридан, 169 таси Бош прокуратура ва департаментнинг ишонч телефонлари орқали келиб тушган. 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Қабул жадваллари бошқарма ва ҳудудий бўлимларнинг маъмурий биноларига келган фуқароларнинг барчаси кўриши мумкин бўлган электрон мониторларга жойлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 176-қарорига мувофиқ мамлакатда карантин билан боғлиқ чекловлар жорий этилгани сабабли жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилишда карантин қоидаларига риоя этилмоқда. Бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жами 4834 киши, шундан 2587 таси меҳнат жамоаларида, 892 таси яшаш жойларида қабул қилинган.