Болалар сарсон, она саргардон

12:19 - 11.02.2021

10

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила тинч бўлса, жамият ҳам тинч ва фаровон бўлади. Аммо, афсуски, сўнгги вақтларда оилавий ажримларнинг кўпайиши фарзандларга ҳам маънан, ҳам руҳан салбий таъсир кўрсатмоқда. Эр-хотин ажрашгандан сўнг болаларнинг моддий таъминоти ҳамда уларнинг ким билан қолиши масаласи кун тартибига чиқади. 

Яккабоғлик Неъматовлар оиласи ҳам бундан 8 йил аввал орзу-ҳаваслар билан турмуш қурган эди. Ўтган вақт мобайнида оилада икки фарзанд дунёга келди. Афсуски, уларни баркамол қилиб тарбиялашни мақсад қилган эр-хотин келишолмади ва оила пароканда бўлди. Фарзандлар эса сарсон, ора йўлда қолди. Шундай вазиятда она болаларини ўз тарбиясига олиш учун судга мурожаат қилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг 2020 йил 25 декабрдаги ижро варақасига асосан Б.Нематовдан олти ва уч ёшли фарзандларини онаси тарбиясига олиб бериш белгиланган. Отага ижро ҳужжати талабини бажариш учун муддат берилди. Аммо у болаларни бермагач, бюронинг Яккабоғ тумани бўлими томонидан болалар онасига олиб берилди.

Аммо оилада энди отанинг ўрнини ким босади? Ҳам отанинг, ҳам онанинг меҳрига бирдай муҳтож фарзандлар ўртада сарсон бўлади. Шу сабабдан ажралишдан олдин ота-оналар фарзандлар тақдирини жиддийроқ ўйлаб кўришлари керак аслида.