“Икки соатгина ухлай, жуда чарчадим…”

10:16 - 10.02.2021

11

Аслиддин (исмлар ўзгартирилган) Самарқанд шаҳрида ижара уйда яшаб, автомобилларни ювиш шохобчасида ишлаб юрди. Бу ердаги ишидан кўнгли тўлмай, Тошкентга кетди. Пойтахтда ҳам иш тополмай икки кун овора бўлди. Яна Каттақўрғонга қайтмоқчи бўлиб ярим тунда вилоятга қатнайдиган таксилар турадиган автобекатга келди.

Жасур Каттақўрғон туманидан ўз ишлари билан пойтахтга келиб, қайтишда йўловчи олмоқчи бўлиб турганди.

Аслиддин унинг ёнига келиб ўзини таништирди.

– Ургутданман, исмим Ботир. Чорсу бозорида писта-бодом сотаман, – деди ёлғон гапириб. – Каттақўрғонга бормоқчиман. Акамлар олган бодомни кўриб, ортишга рухсат бериб келишим керак.

Ўзини катта савдогардай тутган йигитнинг гапларига содда Жасур ишонди. Уни айтган манзилига олиб бориб келишга рози бўлди. Йўл ҳақини 350 минг сўмга келишишди. Яна бир-иккита йўловчи олиб йўлга тушишди.

Йўл-йўлакай хаёлан қочишни режа қилиб келаётган Аслиддин ўзининг қишлоғига етгандан сўнг пул олиб чиқишини айтиб, бирорта ҳовлига кириб, бошқа томонидан қочиб кетишни ўйларди.

Тонгги соат бешларда улар Каттақўрғон шаҳрига кириб келишди. Манзилига етган йўловчилар тушиб қолди, машинада фақат Аслиддин қолганди.

– Ука, уйим шу ерда, кириб икки соат ухлаб олайлик. Жуда чарчадим, кейин айтган қишлоғингизга, ундан сўнг яна Тошкентга олиб бориб қўяман, – деди Жасур.

Жасур машинасини ҳовлисига киргизиб, Аслиддинни уйга бошлади. Хонтахта атрофида кўрпача тўшалган экан, иккови икки томонга ётишди. Жасур машина калитини девордаги михга илиб ётди, чарчаганидан қаттиқ уйқуга кетди.

Йўл бўйи ухлаб келган Аслиддиннинг уйқуси келмади. Туриб девордан калитни олиб, ташқарига чиқди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Секингина дарвозани очди ва машинани ўт олдирди.

Машинани ҳайдаб қочаётган Аслиддин Каттақўрғон шаҳридан чиқиб, Жума шаҳри томон юрди. Бемақсад юргач, Нуробод туманига қараб бурилди, йўлда газ қуйиш шохобчасидан газ қуйдирди. Нуробод шаҳри орқали Қарши-Самарқанд йўналишига чиқиб, Самарқанд томонга ҳайдади. Анча юргандан сўнг Тойлоқ йўлига яқин қолганда вулканизацияга келди. Машинасига газ солишга пули тугаб қолганини айтиб, алдаб, захира ғилдирагини шу ерда бир кишига 100 минг сўмга сотди. Йўлда метан газ қуйиш шохобчасидан газ солди, ўзи йўл четидаги ошхонага кириб овқатланди. Аслиддин бировнинг машинасида роса маза қилди. Ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа миниб юрди. Шу орада автомобилларни ювиш шохобчасида машинани ювдирди. Шу ерда бир кишига машина салонидаги видеорегистраторни 25 минг сўмга сотиб юборди. Аслиддин машинани бошқариб, катта трассада кетаётганда ИИБ ЙҲХБ ходими автомашинани тўхтатди.

…Жасурни эрталаб келини уйғотиб, ҳовлида машина йўқлигини айтди. У югуриб ташқарига чиқди. Ҳақиқатан ҳам машина жойида йўқ эди. Жасур тезда ИИБга қўнғироқ қилиб, хабар берди.

Аслиддин илгари озодликни чеклаш жазосини ўтаб чиққан эди. У жазодан хулоса қилмай, яна жиноятга қўл урди. Суд ҳукми билан Аслиддин 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.