«Оқчамнинг олти тангаси қани?!»

17:01 - 09.02.2021

10

Кунлардан бир куни саховатли амир Алишер заиф кимсалар ичида ўзининг қизиқ кўриниши ва гаплари билан бошқалардан мумтоз бўлган мавлоно Шаҳобиддин Мудаввинга марҳамат юзасидан эгар-жабдуқли от инъом қилди. Бу илтифотдан у ўзини олий ҳазратнинг хос кишиларидан ҳисоблаб, хизмату мулозаматни ҳаддидан ошириб юборди. Амир Алишер отланиб бирор ерга борадиган бўлса, у ҳам дарҳол орқасидан юрар, қайтиб келганидан кейин эса дарвозасидан нари кетмас эди. Канадай ёпишиб олган бу одам туфайли амир Алишер кўп сиқилди, лекин унга бирон гап айтишга, ҳузуридан йироқлаштиришга ботинолмади. Охири бўлмади. Хизматкорлардан бири амир Алишернинг топшириғи билан ўғри тариқида унинг уйига кирди ва отини бозорга олиб бориб сотиб юборди.

Шаҳобиддин Мудаввин ўғрини ва отини кўп қидирди, лекин тополмади. Шундан кейин амир Алишер ҳузурига келиб арзу дод қилди. Амир Алишер деди:

– Отингнинг баҳосини берамиз, фақат шу шарт биланки, бундан кейин от сақламайсан, отланган кезларимизда бизга бош оғриғи бўлмайсан.

Шаҳобиддин Мудаввин рози бўлди. Амир отни сотган хизматкорга буюрди:

– Мавлонога юз танга олиб чиқиб беринг!

Хизматкор Шаҳобиддин Мудаввинга тўқсон тўрт танга олиб чиқиб берди. Мавлоно оқчани олди, лекин уни ҳисоблаб кўриб таажжубланди ва деди:

– Бандага инъом қилинган оқча юз танга бўлиши керак. Бунинг олти тангаси қани?

Хизматкор жавоб қилди:

– Отингизни бундан ортиққа олмадилар!

Ҳозир бўлганлар орасида енгил кулги кўтарилди. 

«Нечун омонат ҳаётга бу қадар ружу қўясиз?»

Мусиқа илмида замонасининг ягонаси бўлган мавлоно Алишоҳ олий даражали амир Алишерга арз қилди:

– Каминадан илтифот ва марҳаматингизни аямасдан вақф бошқарувчисига айтсангиз. Ҳар ойда бориб бош оғриғи бўлиб юрмасаму олти ойлик маошимни бирданига тўлаб қўя қолса.

Амир Алишер деди:

– Мавлоно! Умрингиздан олти кун қолганми, йўқми, буни билмаймиз. Шундай экан, нима учун сиз омонат ҳаётга бу қадар эътиқод қўйиб, маошни олдиндан талаб қиласиз?

Мавлоно Алишоҳ деди:

– Сиз буйруқ бераверинг, улар ҳам оқчани бераверсинлар. Борди-ю куним битиб ўлиб қолсам, ўша пул гўру кафанимга етиб қолар.

Шундан кейин амир Алишер ҳазратлари кулимсираб дедилар:

– Ўлиги ҳам бир бало, тириги ҳам деганлари сиз экансиз-да, мавлоно.

Хондамирнинг «Макоримулахлоқ» асаридан