Макон ва замонни ўз забтига олган зот

15:58 - 09.02.2021

11

Қилма улус ирзу иёлиға қасд, Айлама эл жони-ю молиға қасд.

Алишер Навоийнинг мазкур шоҳбайтида «халқнинг номуси, бола-чақасига ҳеч қачон кўз олайтирма, элнинг жони-ю молиға асло қасд қилма» деган маъно мужассамки, бундай хитоб барча замон ва маконлар учун бирдек муҳим, унга риоя этмоқ эл бошида турган амалдордан тортиб, оддий одамларга ҳам бирдай тааллуқлидир.

Дарҳақиқат, асрлар ўтса-да Навоий ижодининг қиммати ортаверади, инсоният тараққиёт чўққисига етса ҳам Навоийсиз бу камолот ғариблигича қолаверади…

ФАРЗАНДЛАР НАВОИЙГА ЎХШАСИН ДЕСАК…

Президентимиз бошчилигида Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётган экан, Навоий ижодига, унинг шахсиятига, ундан ўрганиш, ибрат олишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезамиз.

Оддий мисол, Навоийнинг болалигини олайлик. Отаси Ғиёсиддин кичкина адабиётга ихлоси баландлиги, тоғалари Ғарибий ва Кобулийлар замонасининг иқтидорли шоирлари бўлишгани боис Алишер қизғин адабий муҳитда улғайди, уйида уюштирилган шеърият базмларида кичиклигидан қатнашиб, бадиий адабиётга ошно тутинди, минглаб мисра ғазалларни ёдлади. Натижада улуғ шоир, давлат арбоби, халқпарвар ва ватанпарвар зот бўлиб етишди.

Бугун жамиятимизда оилавий муносабатлар, фарзанд тарбиясида кўплаб муаммолар борлиги рост. Яна шуниси ҳам ростки, Навоийни ўқисак ва уқсак, унинг фалсафаси-ю ғояларига таянсак, муаммоларимиз ечими топилади, икир-чикирларга ўралашмай катта ниятларга эришишга рағбат туямиз. Фарзанди тарбияси учун худди Навоий улғайган муҳит каби шароит яратган, тарбияда унинг ўгитларига амал қилган кишилар эса жамиятга қанчалар ориф, комил инсонларни етказиб беришлари айни ҳақиқат.

ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ УЧУН УЛУҒ ВОСИТА

– Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг Навоий ҳақидаги фикрларига эътибор беринг: «Бу – макон ва замонни ўз забтига олган инсон». Яъни Навоийнинг номи, шахсияти, ижодига сиёсат, давр ўзгаришлари ёки замон ва макон таъсир ўтказа олмайди, – дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Олимжон Давлетов. – Чунки ҳазрат булардан устун туради. Навоий замон ва маконга муҳтож эмас, балки замона, сиёсат ва инсоният Навоийга мудом эҳтиёжманд. Шу боис ўтган беш аср давомида амирликлар, хонликлар, юртимизни босиб олган Россия империяси ёки советлар тузуми бўладими – ҳаммаси ҳамиша Навоийга қайта-қайта мурожаат этишган.

Аммо ҳаммаси Навоийдан ўз манфаати йўлида фойдаланган. Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида бутун миллат манфаати кўзда тутилди. Зеро, Навоийни англаш – ўзликни англаш демакдир. Миллат ўзини англаши учун Навоийдан, унинг ижодидан улуғроқ восита йўқ. Ўзбек қандай миллат деган саволга жавоб олмоқчи бўлган одам Навоийни ўқиши, унинг ижодига мурожаат этиши, ундан сабоқ чиқариши керак.

Дарҳақиқат, миллатни ўтмишидан, маънавий илдизларидан буткул узиб қўйишни мақсад қилган советлар 1941 йили қамал қилинган ва бомбалар ёғилиб турган Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида шоир ижодига бағишланган анжуман ўтказиши, шундан кейинги ярим аср давомида Навоий асарлари жаҳоннинг турли мамлакатларида қайта-қайта чоп этилиши ушбу фикрларни тўла исботлайди. Жаҳон тинчлик кенгаши 1968 йили Навоий юбилейи муносабати билан йўллаган табригида эса «Жаҳон маданиятининг энг яхши дурдоналарига мансуб бўлган Алишер Навоийнинг қудратли ҳаётбахш шеърияти бутун тараққийпарвар инсониятнинг бойлиги бўлиб қолади» дея эътироф этган эди.

ЯНГИ МОБИЛЬ ИЛОВА

Бир гуруҳ ёшларимиз муаллифлигидаги янги мобиль иловани бемалол телефонларимизга юклаб олишимиз мумкин.

– Навоий бобомизнинг бизга қолдириб кетган мероси ниҳоятда бой, шу меросни осон ўрганиш пайти келди, – дейди илова яратувчиларидан бири, АКТ соҳасининг умидли изланувчиларидан Забаржад Муродова. – Энди плеймаркет бозоридан Алишер Навоий ҳақида сўзловчи махсус иловани юклаб олиб, барча қизиқарли маълумотларга эга бўлиш мумкин. Янги иловада Навоий ижоди учта тилда жамланган. Кейинроқ тиллар сони еттитага етади. Унинг қулайликларидан яна бири шуки, фойдаланувчилар маълумотларни аудиоформатда ҳам тинглашлари мумкин. Илованинг асосий қулайлиги нимадан иборат деган савол туғилиши табиий. Асосий қулайлиги – фойдаланувчи ўз шахсий кабинетига эга бўлиши. Ушбу кабинетга фойдаланувчи ўзига маъқул бўлган ғазал, рубоий, ҳикматларни сақлаб қўя олади. Шу маълумотлар асосида мобиль илова яратдик. Ҳозир иловага 100 дан ортиқ ғазал ва рубоий юкланган бўлиб, бу кўрсаткич доимий равишда ўсиб боради.

Илованинг яна бир афзаллиги шундаки, у ўзбек тилини билмаганлар учун ҳам Навоий ижодидан баҳраманд бўлиш имконини беради. Бу ҳали бошланиши. Айни йўналишдаги изланиш лар тўхтаб олмаслиги керак. Мазкур иловани оммалаштириш, қамровини кенгайтириш, масалан, болалар севиб ўйнайдиган компьютер ўйинлари сирасига Навоий асарлари асосида ишланган версияларни киритиш миллий манфаатларга хизмат қилади. «Болаларимизни телефонлар тарбиялаяпти» деган хавотир кун тартибига чиқаётган айни дамларда Навоий ва бошқа буюкларимиз сиймосидан унумли фойдаланиш нажот бериши муқаррар.

БАРЧА ЗАМОНЛАР ШОИРИ

«Алишер Навоий ижоди ҳудудсиз бир уммон. Унга тушган ғаввос қуруқ чиқмайди. Ҳар ким ўз ақлига кўра, ўз ғайратига кўра, қунт-чидамига кўра албатта нимадир топиб чиқади. Аввало, унда ҳар бир саволга жавоб бор» дея буюк шоирга таъриф берган эди адабиётшунос олим Бегали Қосимов. Дарҳақиқат, Навоий – барча замонлар учун буюк ва севимли бўлиб қолаверади. Ҳар бир авлод ундан ўзи учун зарур фикрларни топади. Айниқса ҳаёт, инсоният, одамийлик, маънавий пок лик ҳақидаги фикрлари асло эскирмайди. Ана шундай зотга авлод эканимиз эса бизнинг бахтимиз.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»