Эмас осон бу майдон ичра турмоқ

11:52 - 09.02.2021

464

Шарқ халқлари адабиётида хамсачиликка Низомий Ганжавий асос солган бўлса, бошқа ижодкорлар унинг «Панж ганж»идаги («Беш хазина») достонларнинг мавзуси, сюжети ва композицияси, қаҳрамонлари, вазни, жойлашиш тартибини сақлаган ҳолда мустақил асар яратганлар. Бу бадиий ижодда катта маҳорат мактаби саналган. Анъанага кўра биринчи достоннинг асосини фалсафий-ахлоқий масалалар ташкил этган.

Сўз сеҳргари Алишер Навоий Хусрав Деҳлавий ва Низомий Ганжавий каби Шарқнинг забардаст шоирлари анъаналарини давом эттириб, 42 ёшида бу улуғ ишга қўл урди. Унинг қудратли қалами бамисли гурук от янглиғ тез йўрғалади ва нисбатан жуда қисқа муддатда, яъни 1483-1485 йилларда беш бебаҳо асар ёзилди. Натижада у ўзидан аввал яшаган хамсанависларга етиб олди ва баъзи жиҳатлари билан улардан ўзиб кетди. Шунга қарамай улуғ ижодкор хокисорлик билан ўтмишдошларини ўзидан юқори қўйди:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ…
Керак шер оллида ҳам шери жанги,
Агар шер ўлмаса, бори паланги.

Хамсанавислик майдонида туриш, рақобат, бу соҳанинг улуғлари панжасига панжа уриш осон эмаслигини тан олди шоир. Низомийни шерга қиёслади. Унга қарши туриш учун шер каби қувват ва ижоатга эга бўлиш, шер бўлмаган тақдирда ҳеч бўлмаганда йўлбарс бўлиш лозимлигини чуқур ҳис этган ҳолда қалам сурди.

«ҲАЙРАТУЛ-АБРОР» ҲАЙРАТЛАРИ

«Ҳайратул-аброр» «Хамса»даги биринчи достон.
Номининг ўзиёқ унинг ҳайратли жасорат эканлигидан далолат бериб турибди.

Ҳайратнинг ўзи нима? Ҳамма нарсага бефарқ кишилар ҳеч нарсадан ҳайратланмайдилар. Ижод қилиш, яратиш, кашф этиш учун ҳам ҳайрат керак.

Мазкур достоннинг ўзи ҳайратнинг макони. У қолган тўрт достон учун мавзулар хазинаси. Унда энг аввало «башар вужуди сипеҳрининг кавкаби жаҳонтоби ва инсон зоти маъданининг жавоҳири сероби» бўлмиш сўз хусусида ҳали ҳеч ким айтмаган, айтганда ҳам бундай тарзда нозик ва жозибали ташбеҳлар ишлатолмаган таърифлар бизни ҳайратга солади:

Сўз гуҳарига эрур онча шараф,
Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.
Тўрт садаф гавҳарининг дуржи ул,
Етти фалак ахтарининг буржи ул.

Сўз беқиёс қудратга эга. Қадимги давр нотиқлари (Римда) давлат бошқарувидан норози бўлиб қуролланиб келган халқни сўз ёрдамида шу кўйга солганларки, улар қуролларини ташлаб, сенатни қарсаклар билан олқишлай бошлаганлар. Ёки зарур бўлганда улар бунинг тескарисини қилиб, оломонни давлат сиёсатига қарши йўналтира олганлар.

Мумтоз адабиётимиз, хусусан, Навоий ғазалларидан ўрин олган Исо пайғамбар сўз ёрдамида ўликни тирилтирган ва Масиҳ номини олган.

Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок,
Руҳ доғи тан аро сўздин ҳалок.
Тиргизиб ўлганни каломи фасиҳ,
Ўзига «жонбахш» лақаб деб Масиҳ.

Достоннинг ўн еттинчи боби кўнгил таърифидан сўз юритади. Бу бобда ҳам ҳайратли таъриф ва тасвирларга дуч келамиз.

Кўнгил гулга ҳамоҳанг, у вужуд аро унган ғунча, қонга беланган пайкон. Гўзал ташбеҳлар ва ҳайратомуз тамсиллар давом этаверади. Золимда ҳам, мўминда ҳам, яъни Дажжолда ҳам, Набида ҳам қалб бор.

Достонда адолат, саховат, андиша, сабру қаноат каби хислатлар тараннум этилади. Адолатли шоҳлар золим ҳукмдорларга ўрнак қилиб кўрсатилади.

Эйки, қавий айлади давлат қўлунг, Зулм сори тушди ва лекин йўлунг каби мисраларда давлат подшонинг қўлини кучли, қудратли қилгани, лекин ҳукмдор бу кучдан халққа зулм қилиш йўлида фойдаланганини англаймиз. Риёкорлик, ҳийла, макр каби иллатлардан инсон қалбини поклаш, бунинг ўрнига адолат, саховат, сабру қаноат хислатларини жойлаш достонда, унинг ҳар бир боби ва ҳар сатрида бўртиб кўриниб туради.

Ҳиммат – юксак фазилат, достондаги ўтинчи чол бу борада Ҳотами Тойидан устун. Нега? Ахир, Ҳотами Тойи – адабиётимизда саховатпешалик рамзи. У халойиқни чорлаб, катта зиёфатлар беради. Унда юзлаб туя, сон-саноқсиз қўйлар қурбон қилади. Ана шундай тўкин зиёфатдан мамнун бўлган кишилардан бири Ҳотами Тойининг саховати ва қўли очиқлигидан ҳайратланиб, «Ўзингдан ҳам ҳимматлироқ одамни кўрдингми?» деб сўрайди. Ҳотами Тойи бундай жавоб қилади: «Бир куни барча халойиқни чорлаб зиёфат бердим. Юз туя ва беҳисоб қўй-қўзилар қурбон қилдим. Базм авжида пайт бир ҳаво олай деб далага чиқдим. Шунда бир чолга кўзим тушди. У орқасига бир боғ тиканни кўтариб келарди. Унинг ночор аҳволини кўриб, хитоб қилдим:

К-эй қаддин эмгак юки паст айлаган,
Жисмида ғам хори нишаст айлаган.
Даштда гўёки хабар билмадинг,
Ҳотам уйи сори гузар қилмадинг.

Уни Ҳотами Тойи зиёфатга таклиф қилади. «Ташла тикан, гулшани иззатқа ет» дейди. Шунда чол жавоб беради:

Сен доғи чеккил бу тикан меҳнатин,
Тортмағил Ҳотами Той миннатин.

Ҳотами Тойи нафақат саховатпеша, балки ақлли одам эди. У чолнинг гапидан ҳайратланади. Уни тўғри тушунади ва ҳиммати баланд бу бечораҳол чолни ўзидан устун қўяди:

Улки бу янглиғ сўзи мавзун эди,
Мендан анинг ҳиммати афзун эди.

«Ҳайратул-аброр»нинг олтинчи мақолатида адаб, еттинчисида қаноат, саккизинчи мақолатда вафо хусусида сўз юритилади. Шунингдек, достоннинг кейинги саҳифаларида вафо, илм олишнинг зарурати хусусида ҳамда комил инсонларга хос бўлган бошқа ҳайратлар кўз ўнгингиздан ўтади…

Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоийнинг «Хамса»си ўзбек адабиётининг шуҳратини оламга ёйиб, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бирига айланди. Форс адабиётидаги хамсачиликка жавоб сифатида ўзбек тилида биринчи марта яратилган бу мажмуа тилимизнинг чексиз имкониятларини намоён қилди. 52 минг мисрадан иборат бу асар ХV аср ислом тафаккурининг борлиқ ва табиат, инсон ва жамият, ахлоқ ва камолот ҳақидаги ўзига хос қомуси эди. Алишер Навоийнинг «Хамса»си айни вақтда ўзбек адабий тилининг бойлиги, мукаммал ва ранг-баранглигини ҳам намойиш этди. Шоир достонларидаги воқеаларни қадим Шарқ тарихининг Хусрав, Баҳром, Искандар каби номлари афсоналар билан чулғанган шахслар, Лайли ва Мажнун каби ошиқлар ҳаётидан олди. Уларга янги мазмун берди, туркона руҳ киритди. Достонни ўқиган Шарқнинг буюк мутафаккирларидан бири Абдураҳмон Жомий Алишер Навоийни ҳаяжон билан олқишлади, Ҳусайн Бойқаро эса шоирни ўзининг оқ отига миндириб, жиловдорлик қилди.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»