“Аввал ҳам олиб юргани учун ишонгандим ”

16:57 - 08.02.2021

12

«Иш услуби» оддий. Томорқада етиштирилган мевани насияга олиб улгуржи бозорда сотгач, келишилган куни пулини келтириб беради. Икки-уч марта пулини мева эгасига вақтида бериб, унинг ишончини қозонади. Ундан кейин билганини қилаверади.

2018 йилнинг октябрь ойи. Н.А. Учкўприк туманининг Юқоридашт қишлоғидаги ҳовлилардан лимон олишга киришди. Буни маҳалладошларидан эшитган Д.Х. савдогар билан кўришиб, «менда ҳам бор, уйга кириб кўринг» деди. Н.А. иссиқхонада пишиб етилган лимоннинг ҳар килосини 11700 сўмдан сотиб оладиган бўлди.

– Лимонни Россияга экспорт қиламан, – деди пихи қайрилган олибсотар. – Пули бир ойда келади, шунда бераман.

Д.Х. бунгача икки мавсум олган лимонининг пулини тўлиқ берган Н.А.нинг шартига кўнди. Унинг теримчилари лимонни авайлаб узиб, битта-битта салфеткага ўраб, қутиларга жойлаштиришди. Н.А. жами 1905 килограмм лимонни машинага юклатиб олиб кетди. Бироқ орадан бир ой ўтса ҳам 22 млн. 260 минг сўм пулни келтириб бермади. Д.Х. бир неча марта уйига бориб уни топа олмади. Кўчада учратиб қолганида эса турли баҳоналар билан алдаб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. Д.Х. унинг уйига бир йил қатнаб, бўлиб-бўлиб 14 млн. 760 минг сўм пулини олди. Н.А. ҳар хил важларни рўкач қилиб, қолган 7 млн. 500 минг сўм пулини бермай юраверди. 

– Ҳовлимдаги иссиқхонада лимон етиштираман, – дейди фирибгар мевафурушга алданганлардан яна бири Н.Д. – 2017 – 2018 йиллари Н.А. нақд пул бериб лимонларимни олиб кетганди. Декабрь ойи бошларида менга қўнғироқ қилди. «Лимонни сотиб тугатганингиз йўқми, яна борми?» деб сўради. «Бўлса, ҳар килосини етти минг сўмдан сотиб оламан, меванинг пулини ўн беш кунда қўлингизга бераман, шунга розимисиз?» деди. Аввал лимонимни олиб юрган, пулини вақтида берганига ишониб шартига кўндим. 355 килограмм лимонни олиб кетди-ю, орадан йигирма-йигирма беш кун ўтди ҳамки, икки ярим млн. сўм пулимни бермади. Қўнғироқ қилсам, гўшакни кўтармади. Кейин билсам, маҳалладошимнинг 2 тонна лимонини насияга олиб кетган экан. У билан бирга ИИБга ариза ёздик…

Дарвоқе, Н.А. 2020 йил январь ойида М.Т.нинг уйига келиб «Россияга анор экспорт қилаяпман, анорнинг орасига лимонни қўшиб жўнатаман, пулини бир ойда бераман» дейди. Аввал мева пулини вақтида бергани учун М.Т. унга ишониб, икки тонна лимонни насияга, 17 млн. сўмга сотади. Бироқ у ваъда қилган пайтда пулни бермайди. М.Т. уйига қатнаб 2 млн. сўминигина ундира олди.  Маҳалладоши билан ИИБга берган аризасида Н.А.дан қолган 15 млн. сўмни ундириб беришни сўради. 

Судда фирибгарнинг айби тўлиқ иқрорлигидан ташқари жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, далиллар билан ҳам тасдиқланди. Жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ ундириш баробарида Н.А.га 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тилхат орқали очиқда қолдирилган, етказилган зарарни қопламаса-да, сувдан қуруқ чиқишдан, енгил жазодан умидвор бўлган фирибгар суд залида қамоққа олинди.