222 миллионни “еб”, сўнг енгиллик сўради

13:31 - 08.02.2021

15

Жиноят ишлари бўйича Боёвут тумани судининг 2020 йил 14 октябрдаги очиқ суд мажлиси тафсилотлари билан таниша туриб, ҳайрон қоласиз. Ахир, ишсиз юрган виждонли мутахассислар, олий маълумотли кадрлар  илгари уч марта судланган шахснинг ўйламай-нетмай моддий жавобгарлиги бўлган лавозимга тайинланганини қандай изоҳлаш мумкин? Алдаш, жиноий йўл билан даромад тўплаш, ишониб топширилган мулкни талон-торож қилиш каби ҳаракатлари туфайли суднинг қора курсисига уч марта ўтирган кишини бир неча юз миллион сўмлик маҳсулотни сақлашга масъул қилиб тайинлаш қўзичоқни бўрига топшириш билан баробар эмасми?! Ўрта-махсус маълумотли А.Мирзаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ноёб мутахассисмидики, мутасаддиларнинг кўзига ундан бошқа ҳалол-пок инсонлар кўринмаган?

1979 йилда туғилган, 20 ёшга етгунча жиноят кўчаларида кезишга улгурган А.Мирзаев 2019 йилнинг 14 ноябридан Боёвут туманлараро «Агрокимёҳимоя» минерал ўғитлар базаси омбор мудири вазифасида ишлай бошлайди. «Жонкуярлари» 40 ёшда кишининг ақли тўлишиб, яхши-ёмонни фарқлай олади дея уни шу ишга қўйишган бўлсалар ажабмас. Афсуски, бундай бўлмади. А.Мирзаев «Фарғонаазот» АЖ ва Сирдарё вилояти «Агрокимёҳимоя» АЖ ўртасида 2020 йил 13 мартда тузилган шартномага асосан маҳсулотларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиб олди ва нияти бузилди. «Фарғонаазот» АЖнинг буйруқ-фактурасига асосан «Боёвут техно кластер» МЧЖга берилиши лозим бўлган 222 млн. 448 минг 10 сўмлик 110 тонна 600 кг карбамидни АЖнинг розилигисиз шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахсларга сотиб юборди. Бу билан у «Фарғонаазот»га катта миқдорда зарар етказди. «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» деганлари шу бўлса керак. А.Мирзаев 100 тоннадан зиёд ўғитни сотаётганда ёки жарақ-жарақ пулларни санаб ҳузур қилаётганда бу ишининг охири вой эканини ўйлаб ўтирмади.

Сирдарё вилояти «Агрокимёҳимоя» АЖ директорининг топшириғига асосан ушбу ўғитлар «Фарғонаазот»нинг масъул ходими иштирокида саноқдан ўтказилганда камомад аниқланади. Ғалвир сувдан кўтарилганда А.Мирзаев 2020 йил май ойида ўғитни турли фермер хўжаликларига сотиб юборгани, лекин уларнинг номини аниқ эслай олмаслиги, айрим ҳолларда ўғитларни ҳақдор фермер хўжаликларига тарқатганини тан олди. Унинг қўшимча қилишича, бу ишдан база директори ҳамда бошқа мансабдорларининг умуман хабари бўлмаган…

Судда А.Мирзаев енгиллик сўради, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини айтиб, қайтиб бундай ишларга қўл урмасликка ваъда берди. Суд ҳукми билан у айбдор деб топилди ва 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ундан давлатга 66 млн. 900 минг сўм жарима ундириладиган бўлди.