Коррупцияга қарши кураш — ҳар биримизнинг вазифамиз

12:18 - 08.02.2021

8

Коррупцияга қарши кураш нафақат давлат органларининг, балки ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга қилган мурожаатида «Коррупцияга тоқатсизлик ҳаётимизнинг бир қисмига айланиши керак» деб таъкидлади. Бу иллатга қарши курашда катта ютуқларга эришган давлатлар тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, бунда улардаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролар ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги асосий омиллардан бири бўлган. Шу ўринда кейинги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида коррупцияга қарши кураш борасида муайян натижаларга эришилганини таъкидлаш жоиз.

Бу борада бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, масофавий давлат хизматларининг йўлга қўйилгани, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингани, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилгани шулар жумласидандир.

Коррупцияни давлат хизматчиларининг иқтисодий аҳволини яхшиламасдан туриб йўқ қилиб бўлмаслиги инобатга олиниб, кейинги йилларда бу тоифадаги шахсларнинг ойлик маошлари кескин оширилгани ва бу жараён муттасил давом эттирилаётгани ҳам муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида қилинаётган ишлар халқаро жамоатчилик ва нуфузли ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Коррупцияга қарши кураш ва бутун дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи нодавлат халқаро ташкилот – Transperency International 2020 йил якунига оид ҳисоботида Ўзбекистон рейтингда ўз ўрнини яхшилаб, 180 давлат орасида 146-ўринга кўтарилганини қайд этди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бош қа тарзда кўмаклашган шахс ларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 829-қарори жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва унга қарши курашиш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Низомда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш асослари, турлари ва тартиби белгиланган.

Рағбатлантириш қонунийлик, адолатлилик, холислик, ошкоралик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, уларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва хоҳишини ҳисобга олиш принцип лари асосида амалга оширилади.

Рағбатлантириш бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совғаси шаклида бўлиши мумкин.

Низом талаблари мансабдорлар, шу жумладан, «Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ тезкор қидирувни амалга оширувчи органларга махфийлик асосида кўмаклашувчи шахс ларга, қонунга мувофиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилган ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни бевосита содир этган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Рағбатлантириш қуйидаги асослардан бири бўлганда амалга оширилади: фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар пора талаб қилган шахс ҳақида ёки ўзларига маълум бўлган коррупция ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилганда; нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчиси пора таклиф этган ёки пора талаб қилган шахс ҳақида ёхуд ўзига маълум бўлган коррупция ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга берган хабари асосида ҳуқуқбузарлик фош этилганда.

Низомда бир марталик пул мукофоти миқдори, эсдалик совғасининг қиймати белгиланган бўлиб, рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон давлат бюджети маблағи ҳисобидан амалга оширилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, пора олаётганлар ҳам, бераётганлар ҳам ўзимизнинг орамиздаги одамлар. Мазкур иллатни батамом йўқотиш учун аввало одамларнинг дунёқарашини ўзгартиришимиз керак.


Мэлс РАХМОНОВ,
Бухоро вилояти прокурорининг
ўринбосари