Мурожаатнома — келажак пойдевори

17:12 - 05.02.2021

34

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилиши маълум қилинди.

Унга кўра 2021 йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги судлар битта суд сифатида бирлаштирилади, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади.

Мурожаатда тезкор қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги, ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани фуқароларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Бу жараёнда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай терговчи ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади. Ривожланган демократик давлатларда жиноятларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни тез ва тўлиқ фош этиш, айбсиз инсонни қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортмаслик, одил судловнинг барча босқичларида тарафларнинг тенглигини таъминлаш инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган масалалар саналади.

Шунингдек, процессуал мажбурлов чораларини асосли қўллаш,
суд-тергов амалиётида шахсни қийноққа солмаслик, унга шафқатсиз,
ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо
турларини қўлламаслик, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни
фош этишга кўмаклашгани учун шахсни жавобгарликдан тўлиқ ёки
қисман озод қилиш, жабрланувчиларга етказилган мулкий зарарни
қоплаш ҳамда жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш орқали фуқароларнинг ишончини қозониш устувор вазифалардандир.

Шу маънода мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги институционал ислоҳотлар доирасида маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар
учун қулай шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга қаратилган комплекс чоралар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Бу борада жиноят-ижроия қонунчилигини, шу жумладан, озодликдан маҳрум этиш жойларида маҳкумларни сақлаш шароитини яхшилашни назарда тутувчи қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чеклов бекор қилинди. Айни пайтда янги Жиноят-ижроия кодексини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Мурожаатда қийноқларнинг олдини олиш бўйича омбудсман ваколатларини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари»ни амалга ошириш, Олий Мажлис палаталари ҳар йили омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чораларни белгилаши лозимлиги қайд этилди.

Ҳақиқатан ҳам жиноят процессининг барча босқичида жамоатчилик назоратини кучайтириш юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, жиноят ишларини юритиш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг иштирокига кенг йўл очиш, жиноят ишини юритишга масъул бўлган мансабдорларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш, маънавиятини юксалтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, жиноят ишларини юритишга рақамли технологиялар, илғор илмий-техник воситалар, замонавий иш усулларини кенг жорий этиш зарур.

Зотан, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда энг аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни олий қадрият даражасига кўтариш муҳим аҳамият касб этади.

Абдужаббор МУЛЛАЖОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бўлими бошлиғи