Қишлоқ хўжалиги соҳаси доимий эътиборда

17:12 - 04.02.2021

15

2020 йили Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳасида ўтказилган мониторинг ҳамда текширишлар натижасида 1200 та прокурор назорати ҳужжати қўлланди. Асосийси, 1348 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу тадбирларда асосий эътибор жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳуқуқларининг ҳимояси, ер ажратишда қонунларга риоя қилиниши, маблағларнинг тўғри сарфланиши, минерал ўғитлар талон-торож қилинишининг олдини олиш каби қатор масалаларга қаратилди. Жумладан, фермер хўжалиги ташкил этиш учун жами 436,9 гектар ер олиб берилди. Банклардан 38 млрд. 289 млн. сўм кредит, 2 млрд. 536 млн. сўм иш ҳақи, шунингдек, ёнилғи, минерал ўғит, эҳтиёт қисмлар олинишида, қарзларнинг ундирилишида ёрдам кўрсатилди. Масалан, 2020 йил 1 декабрда «Қорақалпоқ агрокимёҳимоя» АЖнинг иш ҳақидан қарзи 427 млн. сўмга етган. Республика прокуратурасининг аралашуви билан иш ҳақи тўлиқ тўланиши таъминланди ва 418 нафар ишчининг ҳуқуқи тикланди.

Афсуски, прокуратура органлари томонидан ер тўғрисидаги қонунлар ижроси ўрганилганда қатор қонунбузилишлар аниқланди. Хусусан, маҳаллий ҳокимият органлари суғориладиган ерларни ўз вақтида эгаларига бермаган, аҳолининг уй қуриш учун ерга бўлган талаби ўрганилмаган, ер ажратиб бериш тартибига риоя қилинмаган. Оқибатда эса одамлар уй қуриш учун ерни ўзбошимчалик билан эгаллашга мажбур бўлган. Биргина Беруний туманида 106 киши суғориладиган 19,5 гектар ерда уй қурган. Ушбу ҳолат юзасидан «Беруний» ОФЙ, «Найман» МФЙ, «Шимом» ОФЙ, туман ер ресурс лари ва давлат кадастри бўлими ҳамда туман ҳокимлигининг мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар ер ажратишда қонунга зид 278 та қарор қабул қилгани аниқланди.

Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 20 та тақдимнома киритилиб, ноқонуний ҳужжатларга нисбатан 215 та протест келтирилди, 21 киши интизомий, 1 киши маъмурий жавобгарликка тортилди. Натижада 21 нафар жисмоний ва юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. 5 та жиноят иши қўзғатилди.

Сув ва гидротехник иншоотлардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ижроси бўйича ўтказилган текшириш натижаларига кўра 1063 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланди. Масалан, рес публикада сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи гуруҳлар ва маҳаллий ҳокимиятларнинг мансабдорлари жуда кўп миқдордаги бюджет маблағини талон-торож қилган. Жумладан, 2019 йилда 9 та фермер хўжалигида 32 гектар ишланмаган майдонга 256 млн. сўм ва 2020 йилда 6 та ҳолатда 19,5 гектар ишланмаган майдонга 148 млн. сўм субсидия сохта далолатномалар асосида ажратилишига йўл қўйилган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг етиштирилиши, сақланиши ва реализация қилиниши тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишда эса «Чимбой дон» МЧЖнинг «Қораўзак дон» филиалида 413 млн. 407 минг сўмлик 149,6 тонна буғдой камомади аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, туман ҳокимларининг 2021 йилда ғалла етиштириш ҳақидаги қарорларида ҳам бир қатор қонунбузилишлар аниқланди. Масалан, Нукус тумани ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан «Бобожонов Ражаб» фермер хўжалиги 19 гектар ерда ғалла етиштириши белгиланган. Лекин ғалла яхши экилмагани учун униб чиқмаган ва хўжалик режадаги 24,1 тонна донни топширмасдан, шартномани бажармаган бўлса-да, туман ҳокими 2021 йил учун ҳам мазкур фермер хўжалигига режа белгилаб берган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 21 апрелдаги 842-қарорининг 3-бандига кўра чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер ва бошқа хўжаликларга, шунингдек, паррандачилик корхоналарига ажратилган суғориладиган ерларда фақатгина ем-хашак экинларини етиштириш белгиланган, пахта ва ғалла экиш тақиқланган. Лекин Бўзатов туманида чорвачиликка ихтисослаштирилган 23 та фермер хўжалигининг 181 гектар ерига ғалла экиш бўйича 2020 йил 11 сентябрда туман ҳокимининг қарори қабул қилинган. Бу каби ҳолатлар Нукус, Элликқалъа, Кегайли, Тахиатош, Хўжайли, Тахтакўпир, Қонликўл ва Қўнғирот туманларида ҳам кузатилган. Шунингдек, прокуратура органлари томонидан аҳолини иш билан таъминлашга оид қонунчилик ижроси юзасидан ҳам қатор қонунбузилишлар аниқланди. Хусусан, Қорақалпоғистон Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси 2019 йил 12 нояб рь куни 5 та ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилган. Лекин бошқарма 5 та ҳолатда мазкур бўш иш ўринлари ҳақидаги ҳисоботни Бандликка кўмак лашиш марказига тақдим қилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан бош қарма бошлиғи маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасида 28 киши интизомий, 33 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, 51 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди. 3 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган.

Албатта, прокуратура органларининг мақсади — қонунбузарлик ларни аниқлаш ва уларга йўл қўйган шахсларни жазолаш эмас, балки қонун устуворлигини таъминлаш орқали жамият ва давлат манфаатларини, меҳнаткашларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.


Кадирбай БЕКМУРАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси
прокурорининг ўринбосари