Қонун устуворлиги — бош мақсад

15:38 - 04.02.2021

4

Қашқадарё вилояти прокуратурасида бўлиб ўтган ҳайъат мажлисида қонунийликни мустаҳкамлаш борасида 2020 йилда қилинган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, вазифалар белгилаб олинди.

Ўтган йили асосий эътибор ҳудудларда йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий ҳамда маиший муаммоларни ҳал этиш, иқтисодий ўсишнинг асосий шарти – тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестициялар жалб этиш, экспортни кўпайтириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш каби долзарб соҳаларга қаратилди.

Бу даврда қўлланган 13 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжати асосида 4 мингдан зиёд ноқонуний ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилди, 25 мингдан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Қонун бузилишини бартараф этиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида 4306 кишининг интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарлиги масаласи ҳал этилди. Текширишлар ва тергов давомида 26 миллиард сўмликдан ортиқ зарар ундирилди.

Шу билан бирга, бевосита вилоят прокуратураси органларига келиб тушган мурожаатларнинг 17846 таси ёки 76,3 фоизи ҳал қилиниб, уларнинг 3129 таси ёки 17,5 фоизи қаноатлантирилди, 3072 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан 14757 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакили қабул қилинди.

Бундан ташқари, прокурорлар раҳбарлигидаги секторларда «темир дафтар»га киритилган оилаларни қўллаш, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида йил бошидан 18192 та эҳтиёжманд оиланинг 15465 таси «темир дафтар»дан чиқарилиб, 16163 киши иш билан таъминланди, уларга 33,4 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, пандемия шароитида доимий даромад манбаидан ажралиб қолган оилаларни қўллаш мақсадида Қурбон ҳайити арафасида 500 та оилага мингта қўй тарқатилди.

Коронавирус инфекцияси аҳоли ўртасида кенг тарқалгани боис тиббиёт муассасаларида тиббий кислородга бўлган эҳтиёжни қондириш вазифаси кун тартибига қўйилди. Қарши шаҳридаги «Шайхали кислород» МЧЖ фаолият кўрсатмаётгани сабабли унга қарашли бино етти йилдан буён бўш турганди. Бухоро ва Самарқанд вилоятларидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, мазкур бино ва кислород ишлаб чиқариш ускуналари таъмирланди. Натижада мазкур объектда суткасига 720 куб метр (120 та баллон) кислород ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Пандемия шароитида тиббиёт ва санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ходимларига ҳуқуқий ёрдам бериш ва муаммоларига ечим топиш мақсадида «Прокурор қабули Covid-19» телеграм канали ташкил этилди.

Бундай хизмат тиббиёт ва санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ходимлари томонидан илиқ кутиб олиниб, унга 1500 дан зиёд киши аъзо бўлди. Мазкур канал орқали марказ ходимларига ҳуқуқий тушунчалар бериб борилди, уларнинг 200 дан ошиқ мурожаати мутахассислар иштирокида ўрганилиб, ёрдам кўрсатилди.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ҳамда пандемия шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида вилоят прокуратураси органлари амалга оширган ишлар эътиборга олиниб, Президентимиз томонидан 8 нафар ходимимиз «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди, Бош прокурор ва менинг буйруғим билан 52 ходим рағбатлантирилди. Вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам прокуратура ходимларининг доимий эътиборида бўлиб, бу соҳада қўлланган 2419 та прокурор назорати ҳужжати орқали 3014 нафар боланинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, қонун талабларига зид бўлган 836 та ҳужжатга протест келтирилди. 394 нафар ногирон бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Мурувват ва меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларга қувонч бахш этиш мақсадида Янги йил байрами арафасида уларга совғалар улашилди.

Шунингдек, аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан Муборак туманидаги Сариқ ва Гулистон қишлоқларини тоза сув билан таъминлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. 11 та насос қувури таъмирланиб, 12,6 километр ичимлик суви қувури тортилиши натижасида 13600 нафардан ортиқ аҳоли тоза сув билан таъминланди.

Йигирма йилдан буён оқова сув билан таъминланмасдан келаётган Нишон туманидаги Самарқанд ва Гулистон маҳаллаларида яшовчи аҳолининг орзуси ушалди. Тадбиркорларнинг ёрдами билан 15 километр қувур тортилиб, ушбу маҳаллалар оқова сув билан таъминланди ва аҳолига экин-тикин қилиб томорқадан самарали фойдаланиш имконияти яратилди.

Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан Қарши туманининг Кожар маҳалласида қийин аҳволда яшаб келаётган ва «темир дафтар»га киритилган Э.Абдувалиевага барча шароитлари муҳайё этилган уч хонали уй қуриб берилди.

Қишда ва Янги йил байрами арафасида ички бозорни асосий турдаги озиқ-овқатлар билан кафолатли таъминлаш ва нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик мақсадида вилоят прокуратураси ва департаментнинг вилоят бошқармаси органлари ходимлари ҳар куни жойларга чиқиб, нарх-навонинг барқарорлигини назоратга олишди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, судда прокурор иштирокини таъминлаш орқали адолатли, қонуний қарорлар қабул қилинишига эришиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Иқтисодий, маъмурий, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларда кўрилган 7148 та ишда прокурорлар қатнашди.

Прокуратура органлари томонидан 507 нафар айбланувчига нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланиб, давлатга етказилган 33 миллиард 572 миллион сўмлик зарар ундирилди.

Жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг поймол этилган ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз томонидан 2020 йил 29 декабрда парламентга қилинган мурожаатда юртимизни тараққий эттириш, халқимизнинг турмушини яхшилаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Шу вазифаларни бажаришда биз халқимизга камарбаста бўламиз. «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойилга амал қилган ҳолда жорий йилда ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш ва ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор бериш олдимизда турган асосий вазифа бўлиб, бу борада кенг қамровли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Эркабай ТАДЖИЕВ,
Қашқадарё вилояти прокурори