Видеоанжуманда молия кузатувчилари

14:07 - 03.02.2021

12

2021 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент вакиллари МДҲга аъзо давлатлар Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ташкил этилган 16-йиғилишида иштирок этди.

Унда Кенгашга аъзо давлатлар (Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) делегациялари, МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲнинг соҳавий ҳамкорлик органлари (Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгаши, Аксилтеррор маркази, Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятчиликка қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси, Солиққа оид (молиявий) тергов органлари раҳбарлари мувофиқлаштирувчи кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш давлатлараро кенгаши) ҳамда Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Кенгаш раиси Ю.А.Чиханчин (Россия Федерацияси) олиб борди.

Кун тартибига мувофиқ, делегациялар томонидан Евроосиё минтақасида жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш (ЖДЛваТМҚК) билан боғлиқ муҳим масалалар, шунингдек мазкур соҳадаги миллий тизимларни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан чоралар муҳокама қилинди.

Жумладан, иштирокчилар МДҲга аъзо давлатларнинг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик дастурларининг ижро этилиши жараёнларини кўриб чиқдилар, миллий даражаларда ЖДЛваТМҚК соҳасида чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашдилар, шунингдек фаолиятнинг долзарб йўналишлари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқдилар.

Кун тартибидаги асосий масалалардан бири, Кенгаш иштирокчиларига стратегик ва тактик маълумотлар билан алмашиш имкониятини берадиган, шунингдек ЖДЛваТМ билан боғлиқ бўлган хавфларни қисқартириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қиладиган Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хатарларини баҳолаш бўйича халқаро марказни яратиш лойиҳаси бўлди.

Мазкур йиғилиш доирасида, делегациялар томонидан Кенгаш ва унинг ишчи гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди ҳамда Кенгашнинг 2021-2022 йиллар учун Иш режаси тасдиқланди.

Департамент вакилларининг бу каби халқаро тадбирларда иштирок этиши жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги миллий тизим салоҳиятини ошишига, халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг кучайишига хизмат қилади.

С.Гулямов
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг бўлим бошлиғи