Дўстлик — Аллоҳ туҳфа этган неъмат

17:51 - 03.02.2021

16

Шундай бир ривоят бор. Бир одамнинг уч дўсти бошқа-бошқа шаҳарларда яшар экан. Кунларнинг бирида у дўстларининг садоқатини синаб кўрмоқчи бўлибдида, хизматкорини биринчи дўстининг олдига жўнатибди. Хизматкор у ерга етиб боргач, хожасининг иши юришмай, қарзга ботиб қолганини айтибди. Дўсти хизматкорни юпатибди ва у айтган қарзни тўлашга етгулик пул бериб, ортига қайтарибди.

Навбат иккинчи дўстига келибди. У ҳам дўстининг қарзга ботганини эшитиб, қайғурибди. Хизматкорнинг қўлига қарзни қоплайдиган ва яна ўн йиллик тирикчилигига етадиган пул бериб, кузатиб қўйибди.

Икки дўстининг саховатидан хурсанд бўлган одам хизматкорини учинчи дўстининг олдига жўнатишдан олдин унга бу дўсти олимлиги, аммо бадавлат эмаслиги, унда илмдан бошқа ҳеч нарса йўқлигини айтибди. Шунингдек, аҳволидан шикоят қилмаслигини, «Ишлари ёмон эмас. Фақат беш тангагина қарз бўлиб қолган. Худо хоҳласа яқин орада қарзидан қутулади дегин» деб тайинлабди.

Хизматкор олимнинг олдига бориб, хожасининг гапларини етказибди. У бу гапларни эшитиб, ўйланиб қолибди. Кейин ташқарига чиқиб кетибди. Хизматкор унинг уйига разм солибди. Хонада йиртиқ гилам билан эски кўрпачадан бошқа нарса йўқ экан. «Ҳеч бўлмаса беш тангаси бордир» деб ўйлаб ўтирганида уйга нотаниш киши кириб келибди-да, «Хожаси беш танга қарз бўлиб қолган хизматкор сенмисан?» деб сўрабди. Хизматкор тасдиқ ишорасини қилгач, унга беш танга узатибди ва хожасига бериб қўйиш учун уй эгаси бериб юборганини айтибди. Хизматкор уй эгаси қаердалигини сўраган экан, «У ўзини қул бозорида менга беш тангага сотди» деган жавобни эшитибди.

Бу гапни эшитган хизматкор ҳам ҳайрон бўлибди, ҳам даҳшатга тушибди. Нотаниш одамга эргашиб унинг уйига борибди. Хожасининг дўстини кўргач, ундан бундай қилмаслигини ўтинибди, пулни қайтариб беришини сўрабди. Олим эса қулдор билан шартлашгани, беш танга эвазига унга беш йил ишлаб беришни ваъда қилгани, дўстини муҳтожликдан қутқариш учун беш йил ишлаб бериш ўзи учун ҳеч гап эмаслигини айтиб, сўзида туриб олибди.

Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, инсонга берилган энг яхши неъматларнинг бири муносиб дўст экан.

Шу ўринда бу бир ривоят дейишингиз ҳам мумкин. Бироқ ўзингизга бир савол бериб кўринг-чи: сизнинг ҳам шундай дўстларингиз бормикан? Сиз учун бир ҳафтагина ишлаб бера оладиган дўстингизнинг исмини айта оласизми? Дўстлик ҳақида юзлаб ҳикоя, қиссалар ёзилган, шеърлар битилган, фильмлар ишланган. Хўш, дўст ким ўзи?

2020 йилда чоп этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да дўстга «Дўст – қарашлари, дили, иш фаолияти яқин бўлган, иноқлик, аҳиллик билан боғланган икки ёки ундан ортиқ кишининг ҳар бири» дея таъриф берилган. Бундан кўринадики, кишилар ўртасида вужудга келган самимий меҳр-муҳаббат ва узвий ришта дўстлик ҳисобланар экан.

Энди вақт синовидан ўтган дўстлик, ёру биродарлик ҳақида олиму уламоларнинг асрлар оша бизгача етиб келган фикрларига эътибор қаратсак. Чунончи, Луқмони ҳаким ўз ўғилларига шундай насиҳат қилган экан: «Эй ўғилчам, беш тоифа инсонлардан ташқари хоҳлаганинг билан дўст бўл, аммо бу беш тоифадаги кишилар билан дўстлашишдан тийил. Ёлғончини дўст тутма, чунки ёлғончининг сўзи сароб каби яқинни узоқ, узоқни яқин кўрсатади. Аҳмоқни дўст тутма, фойда бераман деб зарар келтиради. Тамагирни дўст тутма, чунки у егулик ва ичимликни сотади. Бахилни дўст тутма, чунки у керак бўлганда ёрдамини бермайди. Қўпол билан дўстлашма, чунки у сени ҳам, ота-онангни ҳам сўкади. Қўполлик қилаётгани эса унинг хаёлига ҳам келмайди».

Имом Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» асарида дўстликни уч мартабага бўлади. Биринчи, энг қуйи мартабадагисида дўст ўз дўстига худди қулига қилгандек муомалада бўлади. Яъни, хожа қулини худди ўзи каби таъминламаса ҳам оч-яланғоч бўлиб қолмайдиган даражада ўртача ейиш- ичиши ва ўртача кийиниши, ётоғи ва касал бўлиб қолса даволанишини таъминлаганидек дўстини оч ва юпун ҳолда қолдирмайди, касал бўлганини эшитгач, билиб туриб ўлиб кетишига қараб турмайди.

Иккинчи мартабадаги дўстликда ўзига қандай қараса, дўстига ҳам шундай қарайди. Ўзи учун яхши кўрган нарсани дўстига ҳам илинади. Бу биринчи мартабадан юқорироқдир.

Учинчи, олий мартабадаги дўстлик киши ўз дўстининг эҳтиёжини ўзиникидан устун қўйишида акс этади. У ўзи истаб турган, яхши кўрган нарсасини дўс тига беради.

Бу борада Алишер Навоийнинг фикрлари айниқса эътирофга лойиқ: «Ҳар ким биров билан дўст-ёр бўлса, дўст-ёрлик даъвосини қилса, ўзига раво кўрмаганни унга ҳам раво кўрмаслиги керак. Баъзи нарсаларни ўзига раво кўрса ҳамки, ёрига раво кўрмаслиги лозим. Кўп машаққатлардан киши руҳига алам етади. Жисму жони бунга тоқат қилади. Аммо бундай машаққат дўсти бошига тушишини хаёлига ҳам келтира олмайди. Мабодо хаёлига келтиргудек бўлса, даҳшатдан ҳаёти сўнади.

Ёр улдирки, ҳар неки ўзиға Истамас, ёриға ҳам истамагай. Ўзи истарки, ёр учун ўлгай, Ани мундоқ айламагай (яъни: ўзи дўсти-ёри учун ўлмоққа тайёр, аммо бу ишга дўстини шерик қилмайди).

Бундан дўстликни даъво қилишнинг юки нақадар оғир экани, дўсти учун ўлишга ҳам рози бўлиш, бунга жазм этиш осон эмаслиги англашилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, дўст ҳам Аллоҳнинг бандаларига туҳфа этган неъматларидан бири экан. Аммо синфдош, мактабдош, маҳалладошларнинг барчаси ҳам дўст бўлавермаслигини унутмаслик лозим.

Ҳар гал дўст ҳақида гап кетганда раҳматли отамнинг бир ўгити ёдимга тушади. У киши дўстлар тўрт хил бўлишини таъкидлар эди.

– Биринчи тоифадаги дўстинг, – дерди отам, – мансабинг кўтарилганда пайдо бўлади. Иккинчиси мол-давлатинг кўпайганда ёнингдан кета олмай қолади. Учинчи тоифадагиси хотининг чиройли бўлса, ҳуда-беҳуда тинчингни бузаверади. Тўртинчиси эса ҳақиқий дўст бўлиб, бунақасини учратиш жудаям қийин. Шундай экан, дўст танлашда эҳтиёт бўл, адашмагин болам!..

Афсуски, отамнинг нақадар ҳақ эканлигига ҳаётда кўп бора амин бўлдим. Дарҳақиқат, у айтган дўстлар, айниқса, биринчи ва иккинчи тоифадагилари деярли ҳар қадамда учраб турибди. Бундайлар зарурият ва мажбурият юзасидан, яхши кун кечириш, бирор нарсага эгалик қилиш мақсадида аҳд-паймон қиладилар. Аммо ҳар қандай шароитда ишончли, самимият ва садоқатга асосланган ҳолда ҳақиқий дўст бўладиганлар эса анқонинг уруғига айланган.

Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, «Беайб парвардигор» деймиз. Ҳар ким ҳам хато қилиши мумкин. Шундай пайтларда дўст дўстининг айбини бошқаларга айтмасдан, иложи борича унинг камчилигини яширишга ҳаракат қилиши лозим экан. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, Ҳадиси шарифда «Кимки дўстининг ҳожатини раво қилса, унинг ҳожатини Аллоҳ таоло раво қилади. Кимки бир дўс тининг ғамини кетказса, унинг ғамини Аллоҳ таоло кетказади. Кимки бир дўстининг айбини беркитса, унинг айбини Аллоҳ таоло беркитади» дейилиши ҳам бежиз эмас.

Ислом – дўстлик дини. Динимизда инсонга дўсти билан уч кундан ортиқ хафалашиб юриш жоиз эмаслиги таъкидланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Бир киши ўз дўсти билан уч кундан ортиқ гина сақлаши ҳалол эмас» дея марҳамат қилиш баробарида, дўстнинг ғуссасидан суюниш душманлик аломати бўлиб, у ичи қора кишиларнинг иши эканини баён қилганлар ва «Дўстингнинг бахтсизлигига суюнма, Аллоҳ таоло унга ўз марҳаматини, кейин эса сенга ўз офату балосини юборади» дея бу йўлдан қайтарган эканлар.

Шунингдек, агар дўст хиёнатга қўл урса, оқибати жуда ҳам аламли бўлади. Уни эсдан чиқариш осон юмуш эмас. Дўсти томонидан етказилган нафақат кичик азият, арзимасдек туюлган эътиборсизлик ҳам инсон кўнглига оғир ботади. Донишмандлардан бири бу ҳақда «Душманларим тош отди, парво қилмадим. Дўстларим отган гулдан бошим ёрилди» деган экан.

Ушбуни қоғозга туширар эканман, бундан икки йил аввал бўлиб ўтган бир воқеа ёдимга тушди. Ўшанда бетоб бўлиб, уйда даволанаётган эдим. Тўсатдан телефоним жиринглаб қолди. Синфдош дўстим экан. У ҳол сўрар экан, дабдурустдан «Уйинг нечанчи қаватда эди?» дея сўраб қолди. Очиғи, бу саволдан ҳам ҳайрон бўлдим, ҳам бироз жаҳлим чиқди. Ахир бу уйга кўчиб келганимга салкам қирқ йил бўлиб, кўп бора меҳмон бўлгани учун эсидан чиқариб қўйиши ажабланарли эди.

Бунинг сабаби эса уни кутиб олиш учун кўча эшигини очганимда бироз ойдинлашди. Остонада синфдошим билан яна икки оғайним туришарди. Сир бой бермай, уларни ичкарига таклиф қилдим. Салом-аликдан сўнг болаликдан бирга катта бўлганимиз боис ҳаддим сиғиб, энди «Уйимни эсингдан чиқариб қўйдингми? Тез-тез келиб туриш керак-да!» дея гина қилмоқчи эдим, сезиб қолди. «Жим» деган ишорани қилди-да, гапни буриб юборди. Анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Улар кетишгач, бир маҳал яна телефон жиринглади. Ўша дўстим экан. «Боя сенга қўнғироқ қилиб, уйинг қайси қаватдалигини сўраганимда ҳайрон бўлдинг-а?! Эллик йиллик дўстимнинг уйини тополмайманми?! Боя шериклар бетоблигингни эшитиб, хабар оламиз деб қолишди. Шунинг учун сенга айтмасдан бостириб келавердик. Машинадан тушганимда хаёлимга «Огоҳлантирмадик ҳам, бизни кутиб олишга тайёрмикан?» деган фикр келди. Шу сабабли телефон қилиб, қаватни сўраш баҳонасида келаётганимизни сенга билдириб қўйдим» деганидан кейингина унинг топқирлиги, зийраклигига яна бир бор тан бердим. Ўзи мактаб пайтида ҳам ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетиш йўлини зумда топарди. Шу боис унга миннатдорчилик билдирдим. Кейин эса шундай дўст билан сийлагани учун Аллоҳга ҳамд айтдим…

Ғофуржон АЛИМОВ,
«Huquq»