Довуд пир болғасининг саси эшитилиб турадиган қалъа

10:37 - 03.02.2021

31

Қалъажиқ қалъаси. Боғот туманидан жануби-ғарбда, Ҳазораспдан 25 км узоқликда – Қорақумнинг барханлари чегарасида жойлашган, баланд-баланд пахса деворлари мағрур турган ушбу қадимий манзилгоҳни олимлар милоддан аввалги IV асрга оид дея аъкидлашади. Ёдгорлик шу қадар сир-синоатга бойки, унинг кўринишиёқ эртакнамо. Маҳаллий халқ истеҳкомни Довудқалъа деб ҳам атайди. Айтишларича, зимдан қулоқ тутилса, темирчилар пири – Довуд болғасининг саси эшитилиб тураркан… Афсонавий бу қалъани кимлар қурган? Унинг Довуд пирга қандай алоқаси бор? Қалъа тарихини ўрганиш бизга нима беради? Шу каби саволлар билан Урганч давлат университети тарих кафедраси доценти, тарих анлари номзоди Қудрат Машариповга мурожаат қилдик.

ҚАЛЪА ҲАҚИДА ГОЛЛАНД ТАРИХЧИСИ ҲАМ БИЛГАН

– Асосан тўрт томонининг муҳташам деворлари сақланиб қолган мажмуанинг умумий майдони олти гектар, – дейди Қ.Машарипов. – Қалъажиқ қалъаси қадимий мудофаа истеҳкомларидан бири. У ҳақидаги дастлабки маълумотлар асосан IX-XII асрлардаги арабфорс манбаларида учрайди. Ўрта асрлар манбаларидаги Кардаранхос шаҳрининг ҳозирги Қалъажиқ харобаларига тўғри келишини биринчи бор XIX аср голланд тарихчиси Де Гуйе илгари сурган. Қалъажиқ тарихига доир маълумотлар Абулғозийнинг «Шажараи турк» асарида ҳамда Мунис ва Огаҳийнинг «Фирдавсул-иқбол» асарларида ҳам қисман келтириб ўтилган. Абулғозий ўзининг «Шажараи турк» асарида Бухоро хони Убайдуллахоннинг Хоразмга юриши тафсилотларини келтириб ўтар экан, унинг 1539 йилдаги иккинчи юриши даврида Динмуҳаммад бошлиқ Хоразм қўшинлари Кардан хаст (Қалъажиқ) ёнидаги жангда бухороликларни тор-мор қилганини ёзади. Мунис ва Огаҳий асарида 1787 йилда, яъни Муҳаммад Амин иноқ даврида манғитликлар исён кўтаргани воқеаси келтириб ўтилади.

Манбалардан ёки халқ оғзаки ижодидан маълумки, бирор-бир шаҳар ҳақида сўз кетганда, албатта бир афсонага дуч келамиз. Шу жумладан, Қалъажиқ ёдгорлиги тарихи билан боғлиқ афсоналар ҳам бор. Бу ҳақдаги ривоят ва афсоналарни 1958 – 1960 йилларда Қалъажиқ ёдгорлиги атрофида яшовчи қариялар билан суҳбатлашган Глеб Снесарев тадқиқотларида учратиш мумкин. Жумладан, Қалъажиқ қалъасининг халқ ичидаги номи Довудқалъа бўлиб, бу темирчилар пири бўлмиш Довуд пир афсонаси билан боғлиқ.

НЕГА ҚАЛЪА ДОВУД НОМИ БИЛАН БОҒЛАНГАН?

Ривоятларга кўра, бу қалъада Довуд пир яшаган ва қурол-яроғ ҳамда бошқа темир буюмлар ясаган экан. Халқ ичида ҳатто кечқурунлари баъзан темирчи устанинг ишлаётгани, турли овозлар қулоққа чалиниб туриши ҳақидаги гаплар юради. Аммо бу товушларнинг бирорта ишончли манбаси бўлмаса-да, афсона тагида маълум бир ҳақиқат ётади.

Яъни Қалъажиқ ва унинг атрофидаги кичик қалъалар (Кичик Қалъажиқ, Қушчақирган, Ғойибота) қадим замонларда ва ҳатто ўрта асрларда ҳам Ҳазорасп билан бир мудофаа тизимига кирган чегара қалъалар вазифасини бажарганлар. Шундан келиб чиқиб, уларда қурол-яроғ сақланувчи омборлар ва қурол-яроғ ишлаб чиқарилувчи устахоналар бўлиши табиий ҳол, албатта.

Шуни қайд қилиш лозимки, Қалъажиқ қалъаси ва унинг атрофларидаги аҳоли сувсизлик ёки ижтимоий-иқтисодий инқирозлар туфайли кўп марта бошқа жойларга кўчган. Буни археологик тадқиқотлар яққол кўрсатиб турибди. Натижада темирчи усталар маркази бўлган Қалъажиққа кейинчалик келиб ўрнашган аҳоли мазкур анъанани давом эттиролмаган ва Довуд пир билан боғлиқ афсонани тўқиб чиқарган.

ҚАЛЪАЖИҚ ҚАЛЪАСИНИ ЎРГАНИШ ФАНГА НИМА БЕРАДИ?

Бу Хоразм тарихида маълум бўлмаган қирраларни очиш, Хоразмда антик ва ўрта асрлар шаҳарларининг шаклланиши ва ривожланишининг тарихий шароитларини ўрганиш, уларнинг маданияти, топографик тузилиши ва ўзига хос анъаналарини аниқлаш имконини беради.

Амударёнинг қадимги ўзанида, Хоразм воҳасининг маданий марказида жойлашган бу ёдгорликда милоддан аввалги IV-I асрларга ва ўрта асрларга оид мудофаа иншоотлари яхши сақланиб қолган. Бундан ташқари, ёдгорлик атрофида қадимги иншоот ва турар жойларнинг излари ҳам сезилиб турибди.

Қалъажиқ қалъаси қулай ерда жойлашгани, бу ерда ҳеч қандай замонавий қабристонларнинг йўқлиги унинг консервация ва реставрация қилишга лойиқлигини кўрсатади. Бу ерда археологик қазишмаларни давом эттириш ва ҳар бир ўрганилган объектни консервация қилиб бориш зарур. Ёдгорлик ёнида қазишмалар натижасида олинган ҳамма нарса намойиш қилинувчи музей барпо қилинса, нур устига нур. Туристик маршрутга қўшиш учун қалъанинг ичи ва атрофини бодонлаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

«БУ МАСКАН БИР ОБОД БЎЛАДИ ҲАЛИ…»

Қалъажиқ узоқ йиллар эътибордан четда қолди. Энди эса неча минг йиллардан буён мардона туриб, асрларни қаритган қалъанинг пахса деворларини бир кўришга иштиёқмандлар кўпаймоқда. Мажмуани сақлаб қолиш, унинг тарихини ўрганиш – келажак авлодлар олдидаги қарзимиз. Қолаверса, маж муанинг бетакрор туристик салоҳиятини кенгроқ тарғиб қилиш жоиз. Оилавий меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ташкил этилиши эса мажмуа яқинидаги маҳаллалар учун ҳам фойдали.

Боғот тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаббат Абдуллаеванинг хабар беришича, айни пайтда ҳокимлик томонидан ушбу тарихий масканни ободонлаштириш, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун қизиқарли ва файзли гўшага айлантириш, туризмни ривожлантириш ишлари авжида. Қалъажиқ қалъасида янги бинолар, меҳмонхоналар қурилмоқда.

Дарвоқе, қалъани қуршаб турган тузли кўлнинг шифобахш хусусияти ҳам воҳада маълуму машҳур. Унинг таркибини ўрганган мутахассислар шифобахшликда кўл суви Ўлик денгиз сувидан қолишмаслигини эътироф этишган. Шу боис мазкур маскан ёзда жуда гавжумлашади. Бир сўз билан айтганда, туманнинг туристик салоҳиятидан унумли фойдаланиш пайти келди.


Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»