300 та қўй қани?

11:40 - 02.02.2021

6

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2020 йил 24 январдаги қарорига асосан «Олтинсой» ширкат хўжалигини фермер хўжалигига айлантириш комиссияси ҳамда қўшимча жавобгар Нурмаматовлардан Ш.Очиловга 300 та қўй олиб бериш ҳақидаги ижро ҳужжати бюронинг Хатирчи тумани бўлимига 19 февралда келиб тушган.

Давлат ижрочиси томонидан шу куннинг ўзида ижро иши юритиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, нусхаси тарафларга юборилган.

Ижро жараёнида ширкат хўжалиги ва ака-ука Нурмаматовларда суд қарорида кўрсатилган 300 та қўй йўқлиги аниқланиб, 11 мартда тарафлар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.

Ушбу чорвани олиб беришнинг имкони йўқлиги ҳамда суд қарорида қўй ўрнига пул ундириш белгиланмагани сабабли «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасига асосан судга мурожаат этилган.

Кўрилган чоралар натижасида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 18 декабрдаги 300 та қўй ўрнига 157 млн. 200 минг сўм пул ундириш ҳақидаги ажримига асосан ширкатнинг банкдаги ҳисобрақамига инкассо топшириғи қўйилиб, қарз 2021 йил 20 январда Ш.Очиловга тўлиқ ундириб берилди.