Етти йил ўтиб, оила тикланди

11:28 - 02.02.2021

7

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари иш юритувидаги алимент билан боғлиқ 24 мингдан ортиқ ҳужжатни ижро этиш, ажрашган оилаларнинг тикланишига ҳисса қўшиш бўйича иш олиб бормоқда. 

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2018 йил 10 августдаги қарорига асосан А.Каримовдан Г.Тўлашевага икки фарзандининг таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мажбурий ижро бюроси Юнусобод тумани бўлими давлат ижрочиси С.Эшдавлатовнинг ҳаракатлари билан ушбу оила ярашди. Салкам етти йилдан сўнг оила тикланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2014 йил 18 июндаги буйруғига асосан Е.Мамедамановдан О.Мамедамановага икки фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлимга 25 июнда келиб тушган. Шу куни ишга киришилган ва бу ҳақидаги қарор нусхаси тарафларга юборилган. Отаси фарзандлари учун алиментни ўз вақтида тўлаб келган бўлса-да, давлат ижрочиси Н.Ўлмасова оилани тиклашга ҳаракат қилиб, 6 йилдан буён ажримдаги эр ва хотинга нисбатан тушунтириш ва профилактик тадбирларни олиб борди. Натижада улар фарзандларининг келажагига бефарқ бўлмай, ярашишди. Оила тикланиб, ундирувчининг илтимосига кўра алимент тўғрисидаги ижро ҳужжати тамомланди.

Шунингдек, МИБ Мирзо Улуғбек тумани бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2020 йил 6 мартдаги буйруғига асосан Ш.Йўлдошевдан А.Йўлдошевага икки фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати 7 мартда келиб тушган. Шу суднинг 2017 йил 13 февралдаги буйруғига асосан Ф.Юнусовдан Г.Аҳмедовага икки фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлиб, мазкур ҳужжат бўлимга 20 февралда келиб тушган.

Мазкур ижро ҳужжатлари бўйича оталар алиментни ўз вақтида тўлаб келишган. МИБ туман бўлими томонидан олиб борилган тушунтириш ва профилактик ишлар натижасида мазкур оилалар ярашди. Бугунги фарзандлар ўз ота-онаси бағрида улғайишмоқда.