Ичкуёв аразлаб Тошкентга кетиб қолди

10:07 - 01.02.2021

19

Рўзибек (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йилда Наргиза Комилова билан танишди. Наргизанинг ҳам аввалги турмуши бўлмаган экан. Муносабатлари илиқлашиб, тез орада шаръий никоҳ асосида турмуш қуришди. Рўзибек қайнонаси Ақида холанинг уйида ичкуёв бўлиб яшай бошлади. Меҳрибон қайнона унга нафақат уйидан жой берди, балки «Nexia»сининг калитини ҳам бериб қўйди.

– Маслаҳатингиз керак эди, – деди бир куни куёв қайнонасига қимтинибгина. – Биласиз, Тошкентдаги ишларим юришмайроқ турибди. Бу ёқда Наргиза ҳам ҳомиладор. Ўша куни маҳаллани айланиб юрганимда бир жойда қаровсиз ётган «мойка»ни кўриб, хаёлимга бир фикр келди. Шуни жиҳозлаб юритсам, рўзғорга тўрт-беш сўм орттирсам, сизга ҳам улуш бериб турардим.

– Биздан қандай ёрдам керак? – деди Ақида хола «ишбилармон» куёвининг ғоясидан қувониб.

– Қандай бўларди, пулдан қарашиб турсангиз, «мойка»га аппарат, насос олардим-да…

Ақида хола ўзининг номига банкдан 3 млн. 500 минг сўм кредит олиб, бу пулга куёвига бозордан 2 млн. 475 минг сўмга карчер, 445 минг сўмга чангютгич олиб берди. Уйида турган 620 минг сўмлик сув насосини ҳам унга тутқазиб юборди.

Куёв ишини бошлаб юборди. Орадан бир неча кун ўтиб, қайнонасига озроқ пул берди.

Кунлар ўтиб Рўзибекнинг феъли айниди. Уйга кечаси маст бўлиб келадиган одат чиқарди.

Бу орада Наргиза шифохонага тушиб қолди. Рўзибек унинг ҳолидан хабар ҳам олмади. Қайнонанинг аччиғи келиб, куёвини уришган эди, Рўзибекнинг қовоқ-тумшуғи осилиб кетди. Бир неча кун аразлаб юрди. Қайнонасига берган пулини қайтариб олиб, уйга келмай қўйди.

Ичкуёвнинг инжиқлиги сабаби кейинроқ аниқланди. Ақида хола ўз хонасидаги тилла тақинчоқлар турадиган қутисини тополмай, жиғибийрон бўлди. Унинг ичида иккита тилла узук, икки жуфт тилла зирак ва битта «Кардинал» тилла занжирини сақлаб келарди.

Ақида хола куёвини излаб «мойка»га борди. У ердан Рўзибекни топа олмади. Шу ердаги ишчилардан суриштирганида карчер, чангютгич ва сув насосини сотиб, Тошкентга кетганини айтишди.

Ақида хола ҳовлиқиб уйига келди. Машинасини очиб қаради. Юкхонадаги диски билан турган захира баллони ҳам жойида йўқ эди. Рўзибек уни ҳам пуллаб юборган экан. Аёл дарҳол бу ҳақида ички ишлар бўлимига хабар берди…

Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судида Рўзибек Мирзабековнинг жиноят иши кўрилди.

Судланувчи 1984 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, оилали, уч нафар фарзанди бор. Илгари қилган жинояти учун олти йилга озодликдан маҳрум этилган, жазонинг бир қисмини ўтагач, амнистия туфайли озод қилинган. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган.

Суд мажлисида Рўзибек барча қилмишларига иқрор бўлди. Ақида хола ҳозирги кунда судланувчининг қариндошлари унга етказилган моддий зарарни қоплаб бергани, Рўзибек айбига иқрор бўлиб кечирим сўрагани сабабли унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилиб, жазо тайинлашда қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд ҳукмига кўра Рўзибек Мирзабековга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.

Шу тариқа қайнонасидан бошпана, бизнесига сармоя олган ичкуёв унга ёвлигини намойиш қилди. Энди анча вақт бунинг жабрини тортишига тўғри келади…