Ундирувчи ва қарздорлар ярашганди…

11:48 - 01.02.2021

26

Кейинги вақтда суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижроси устидан назорат кучайтирилган. Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё тумани бўлимида ҳам бу борада муайян ишлар қилинмоқда. Бўлимдаги алимент ундириш билан боғлиқ 1711 та ҳужжатнинг 331 таси ёки 18 фоизи алимент тўловчи ишсизларга тааллуқли. Уларни ишга жойлаштириш юзасидан меҳнат ярмаркалари ташкил этиш орқали ундирув самарадорлигини яхшилашга эришилган.

Бандликка кўмаклашиш марказида ўтказилган меҳнат ярмаркасида алимент тўловчи ишсизлардан 37 нафари мавсумий ҳамда 29 таси доимий ишга жойлаштирилди. «Бизнес-акселератор» ўқув марказидаги меҳнат ярмаркасида эса яна 30 нафари мавсумий ва 23 нафари доимий ишга жойлашди.

Масалан, С.Одилов Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасида қоровул, М.Ҳайдаров 4-мактабгача таълим ташкилотида ўт ёқувчи, Х.Бекмирзаев эса «Бобомурод» фермер хўжалигида мавсумий ишчи бўлиб ишламоқда.

Бундан ташқари, меҳнат ярмаркаларида тўрт кишига жами 32,7 млн. сўм алимент ундириб берилди. Жумладан, 2018 йил 14 августдаги ижро ҳужжатига асосан Ш.Бўриевдан фарзандининг моддий таъминоти учун 19 млн. сўм, 2020 йил 10 январдаги ижро ҳужжатига асосан А.Жалғашевдан фарзандининг моддий таъминоти учун 6,7 млн. сўм алимент ундирилиб, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 37 ва 40-моддаларига асосан ижро иши тамомланган.

Энг муҳими, меҳнат ярмаркаларида тўртта оилани яраштиришга эришилди. Хусусан, 2017 йил 25 августдаги ижро ҳужжатига асосан В.Кулаковдан Э.Халиловага фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган бўлиб, шу куни ушбу оила яраштирилди.

Алимент ундируви билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси давомида алимент тўлашдан бўйин товлаган 74 кишига нисбатан судлар томонидан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Айни пайтда алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаган икки кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Бюро ходимлари қонунларни тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ҳам фаол қатнашаяпти. Ўтган йили 175 нафар ундирувчи қарздорлар билан келишгани сабабли ижро ишлари тамомланган, шундан 97 та оила тикланиб, 194 та бола ҳозир ота-онаси билан бирга яшамоқда.

Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этишда ходимларнинг масъулиятини оширишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда.