Ҳали ҳаммаси яхши бўлади

17:29 - 01.02.2021

13

Отам бир гапни кўп такрорларди: «Ҳали ҳаммаси яхши бўлади!». Бугун у оғир юрак хуружини бошидан ўтказди. Ҳозир шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга уринишаяпти. Аммо ўзи айтганидек, ҳаммаси яхши бўлармикан? Ахир отам бир умр ҳалол меҳнат қилиб келди, бизни тарбиялади, ўқитди, ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Энди роҳат кўраман деганда эса…

Шифохона ҳовлисидаги кекса теракка суянганча Оллоҳдан отамга умр сўрайман. Эсламасликка уринсам ҳам бўлиб ўтган воқеалар кўз ўнгимдан ўтиб, кўнглим безовталанади. Хаёлимда бир савол чарх уради: отамнинг юрагини нима шикастлади?!

Бунинг сабаблари шу қадар кўпки, ҳар бирини санашнинг имкони йўқ. Лекин мен шуни аниқ биламан: отамнинг шу аҳволга тушишига биз – икки қиз айбдормиз.

Тўғриси, отам сира дардга чалинмайди, табиатан забардаст яралгани боис бизни бир умр ҳимоя қилишга қодир, онам каби салга кўз ёши тўкавермайди, ҳиссиётга берилмасдан ақл билан иш тутади деб ўйлардим. Аслида оталар ҳам йиғлар экан.

Фақат уларнинг кўзлари эмас, юраги йиғларкан… Ана шунинг учун отамизнинг ғуссага ботганини доим ҳам билавермас эканмиз. Тўғри, улар суянган тоғимиз, ҳаётимизнинг устунлари. Бироқ фарзандининг кўз ёшини кўрса, қийналаётганини ҳис этса, шу метиндек тоғлар, шу мустаҳкам устунлар ҳам беихтиёр чўкар экан. Айниқса, қиз ўстирдим, «она қизим – ору номусим» деб ғурурланган отанинг бутун орзулари армонга айланса, бундан оғир алам бўладими? «Қоғозга ўроғлиқ қанддек авайлаб эгасига топширдим» деб суюниб юрса-ю, бирин-кетин икки қизи ҳам кўзида ёш билан остонасига қайтиб келса, қай отанинг юраги бир маромда уриб туради?!

Шуларни олдинроқ ўйлаганимда мен ҳам арзимаган жанжаллар туфайли уйга қайтиб келавермаган, норасида болаларимни сарсон қилмаган, турмуш ўртоғим билан яраштирмоқчи бўлган отамга «Уйингизга сиғмаяпманми?!» деб қўрслик қилмаган бўлардим. Эҳтимол, ўшанда қайтиб келганимдан уч кун ўтиб бу ҳол юз бермасмиди…

Опамнинг оиласини ҳам тўкис деб бўлмайди. Эри олис юртга ишлаш учун кетди-ю қайтмади. Дараги йўқ. Бир-икки йил олдин қишлоқда гап тарқалди, поччам ўша ёқда уйланиб олганмиш. Буни эшитган опам уйга – отамнинг ҳузурига келиб, тўртта бола билан энди қандай яшашини айтиб бўзлади. Ҳафта ўтиб-ўтмай отам йўлга отланди. Ўн кунлардан сўнг сафардан ёлғиз қайт ди. Лом-мим демаса ҳам, ҳорғин юзлари, киртайиб қолган кўзларидан қаттиқ хафалиги аён. У ёқда куёви билан учрашдими, йўқми, бу ҳақда бизга бир гап айтмади, аммо кела солиб уй машмашасида қайин-бўйинлари билан чиқишолмай юрган опамни, жиянларимни кўчириб келди. Демак, куёвдан энди умид йўқ. Онам, табиийки, отамни саволларга кўмиб ташлади, бебурд куёвдан ёзғирди. Отамнинг эса жавоби шу бўлди: «Ҳаммаси яхши бўлади!».

Аниқроғи, биз опа-сингилларнинг кемтик оиламиз, олти фарзанднинг тирик етимга айлангани отамга кучли руҳий зарба бўлди… Таниш шифокор чиқиб, мени чақиргач, хаёлларим бўлинди. Ишқилиб яхши хабар айтсин-да деган илинжда унга ҳадик билан яқинлашдим.
– Отангиз ўзига келди, аҳволи яхши, киришингиз мумкин. Бўғзимга тиқилган алам кўзларимдан ёш бўлиб сизди. Отамнинг ҳаётга қайтганидан бениҳоя хурсанд бўлсам-да, айбдорлик ҳисси ҳамон мени эзар, унинг кўзларига боқишга журъатим етмасди. Қайсарлигим, бўлар-бўлмас жанжалларим билан уни қаттиқ изтиробга солаётганимни билмабман. Фақат шуни биламанки, энди ҳаммаси бошқача бўлади. Ана ўшанда отам менинг бахтимдан қувонади, юраги таскин топиб, узоқ яшайди. Бу менинг қўлимдан келади. – Ҳали ҳаммаси яхши бўлади! – дедим отамнинг осма укол уланган қўлларидан тутганча. Аслида ундан кечирим сўрамоқчи, калта ўйлаганимдан пушаймонлигимни, ҳозирги қатъий қароримни, оиламга қайтаётганимни айтмоқчи эдим… Хоҳишимга қарши беихтиёр шу сўзлар тилимга келди. Отам эса ҳаммасини уққандек, майин жилмайиб, кўзларини ҳорғин юмди.

ГУЛҲАЁТ