Таълим ва тарбия ҳаёт-мамот масаласидир

16:41 - 29.01.2021

38

«Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади». Давлатимиз раҳбари илгари сурган ушбу фикр замирида улкан фалсафа, давлат сиёсатининг моҳияти ва катта режалар жамланган.

Дарҳақиқат, тараққиёт йўлини танлаган ҳар қандай давлат биринчи навбатда таълим ва тарбияга эътибор қаратиши шарт. Аксинча, таълимга етарлича эътибор қаратмаслик қандай оқибатларга олиб келишини кўриш учун яқин ўтмишимизга назар ташлашнинг ўзи кифоя.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар учун таълим тизими таянч сифатида, тизимдаги муаммолар эса биринчи даражали масала деб белгилангани бежиз эмас.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, таълим-тарбия масаласи фақат шу соҳа вакилларининг муаммоси эмас. Миллат тақдири ҳақида қайғурадиган ҳар бир инсон ушбу масалага диққат қаратиши, таълим-тарбия ривожига ўз ҳиссасини қўшишни бурч деб билиши зарур.

Хоразм вилояти прокуратураси органлари ҳам ҳудудда таълим-тарбия сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Вояга етмаганлар йўналишидаги ишлар янгича тизим асосида ташкил қилинаяпти. «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги ҳамда «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунларнинг аниқ ва бир хил бажарилишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу мақсадда вилоят прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси органларида хизмат қилаётган 200 нафар малакали ходим воҳамиздаги 330 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 546 та умумий ўрта таълим мактабига ҳуқуқий-амалий ёрдамчи сифатида ириктирилди.

Ушбу ходимларимиз педагоглар, ўқувчилар, тарбияланувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиб, мактабдаги тиббий-санитария, моддий таъминот, таълим сифати, давомат, ўзлаштиришдаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилишда, мутасаддиларнинг бу борадаги масъулиятини оширишда фаол иштирок этмоқда. Бу ўз навбатида қонунбузилишларни тез аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Аниқланган муаммоларни таҳлил қилиш, маълумотларни умумлаштириш ва тегишли идоралар билан маълумот алмашиш бўйича туман ва шаҳар прокурорлари раҳбарлигида туман ва шаҳар штаблари, уларнинг самарадорлигини ошириш ва назорат қилиш мақсадида вилоят прокурорининг ўринбосари бошчилигида вилоят штаби тузилди. Вилоят прокуратураси ташаб буси билан ҳар бир мактабда ушбу даргоҳни тамомлаган, халқ орасида обрў қозонган, жамият ва давлат ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, турли соҳаларда муваффақиятларни қўлга киритган инсонлар рўйхати тузилиб, шу асосда «Бизнинг битирувчилар – фахримиз» шиори остида стендлар тайёрланди. Бу ёшларнинг билим олишга қизиқишини оширишга, улар ўртасида жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга ҳамда ўзларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Маълумки, мактабларга ота-оналар кўрсатаётган ёрдам турли баҳсларга сабаб бўлмоқда. Айримлар ушбу маблағларни мутасаддилар талон-торож қилади деган фикрда.

Бундай қарашларга барҳам бериш мақсадида барча мактабларда «Ҳомийлик ва беғараз ёрдамларни қайд қилиш дафтари» юритилмоқда. Мақсад таълим ташкилотларига кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдамнинг кирим қилинишини таъминлаш ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, моддий жавобгар шахс ларни белгилаш, энг асосийси коррупцияга йўл қўймасликдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилга «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб ном берилиши прокуратура органлари зиммасидаги масъулиятни ҳам оширди. Таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг тўғри овқатланишини назорат қилиш устувор вазифаларимиз сирасига киради.

Хоразм вилоятидаги 546 та умумтаълим мактабида 355 216 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ушбу мактабларда дарслар карантин талабларига риоя қилинган ҳолда олиб борилаётгани, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳ натга жалб қилинмаган ҳолда зиммасидаги вазифаларни масъулият билан бажаришлари, дарслик ва қўлланмалар билан таъминлангани, қиш мавсумида яратилган шароитлар ва таълим-тарбия билан боғлиқ бошқа жараёнлар прокурор назоратига олинган. Шунингдек, вилоятда 1274 та мактабгача таълим ташкилотига 153 343 нафар бола жалб қилинган, қамров 60,9 фоизга тенг.

Маълумки, болалар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун уларни муносиб тарбиялаш билан бирга тўғри овқатланишига ҳам эътибор қаратиш зарур.

Шу мақсадда ҳуқуқий-амалий ёрдамчилар томонидан туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлими ҳамда санитария-эпидемиология осойишталик маркази билан келишилган 10 кунлик намунавий таомнома нусхалари барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари кириш жойининг ота-оналарга кўринадиган қисмига илиб қўйилиши таъминланди. Бу эса мактабгача таълим ташкилотларининг намунавий таомномасида кўрсатилган озиқ-овқатлар болаларга тўлиқ берилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш имконини бермоқда.

Кунлар совуқлигини инобатга олиб ҳуқуқий-амалий ёрдамчилар ёнғин хавфсизлигига риоя қилиниши, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратаяпти.

Таҳлиллар таълим ташкилотлари раҳбарлари ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши устидан етарли назорат ўрнатмагани натижасида йилдан-йилга мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти масъул ходимларининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилиши кўпайганини кўрсатмоқда.

Бунга баъзида лоқайдлик, текшириш даврида бир марта жарима тўлаш ва шу билан қутулиш қабилида ишлаш, баъзан эса ёнғинга қарши ускуналарни сотиб олишга маблағ етишмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, таълим ташкилотларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши ҳамда ходимлар ва болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мутасаддиларга топшириқлар берилиб, мутахассислар томонидан таълим даргоҳларида бўлиши шарт бўлган ўт ўчириш асбобларининг тўлиқлиги ва созлиги ўрганилмоқда.

Умуман, ҳуқуқий-амалий ёрдамчилар фаолияти йўлга қўйилганидан буён ўтган қисқа даврда мактаблар ва давлат мактабгача таълим ташкилотларида 1000 га яқин ҳар хил муаммо аниқланиб, 400 дан ортиғи бартараф этилди. Қолганларини ҳал этиш бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинган. Шунингдек, бириктирилган ходимларимиз томонидан таълим даргоҳларига 250 марта ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилган.

Бу ўз навбатида мамлакатимизда таълим сифатини яхшилашда прокуратура ходимлари ҳам фаол қатнашаётганидан далолатдир.

Шуни таъкидлаш керакки, таълим ва тарбия ҳамма замонларда ҳам ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган ва шундай давом этади. У эътиборимиздан сал четда қолса ўнлаб муаммоларни келтириб чиқаради. Буни ҳар биримиз доим ёдда тутишимиз керак.

Ботир КУДРАТХОДЖАЕВ,
Хоразм вилояти прокурори