Алданиб қолган ёмон

12:31 - 29.01.2021

10

Бугунги кунга келиб муайян мамлакатни забт этиш, бирор халқни бўйсундириш воситалари тубдан ўзгарди. Илгари бу мақсадларга эришиш учун қанчадан-қанча қурол-аслаҳа, қимматбаҳо техника, минглаб аскар ва анча-мунча вақт керак бўларди. Энди ядро майдонларида эмас, мафкура майдонларида бўлаётган курашлар кўп нарсани ҳал қилаяпти. Бирор мамлакат ёки халқни бўйсундириш учун оммавий ахборот воситалари (асосан ижтимоий тармоқлар), мобиль телефонлардаги ёлғон-яшиқ ахборот ва бузғунчиликни тарғиб қиладиган адабиётларнинг ўзи кифоя қилмоқда. Куч ишлатиш, мажбурлаш, зўравонлик энди ахборот орқали таъсир қилиш, одамларни бирор-бир ғояга ишонтириш, онгни бошқариш технологияларига ўрин бўшатаяпти.

КЎЗГА КЎРИНМАС ДУШМАН

Маълумки, ноҳақлик, зўравонлик инсоният томонидан қаттиқ қораланади. Чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ишонтириш, чалғитиш, алдов билан ҳаракат қилаётганларни эса бирор нарсада айблаш қийин. Зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялар ортида аслида қандай манфаатлар яширинганини билиш осон эмас. Сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам муайян мамлакат ҳудудини босиб олишнинг бироз маданийлашган кўриниши ҳисоб ланади.

Француз ёзувчиси Маркес де Саднинг «Биз катта урушлар қилиб дунёга эгалик қилишимиз шарт эмас. Француз аскарларининг ўликлари бегона юртларда чириб ётмасин. Уларни бўйсундириш учун меникига ўхшаган ахлоқсиз китоблар тарқатиб, қалбини эгалланг. Шунда улар ўз-ўзидан бизга бўйсунади» дея таъкидлагани бежиз эмас. Шу йўл билан чет эллик «дўстларимиз» маънавиятсиз, умрида қўлига китоб ушламаган ёшларнинг қалбига, онгига эгалик қилишга интилишмоқда.

ОГОҲЛИК – ЭНГ ЯХШИ ҲИМОЯ

Сурияда ҳам босқинчилик бевосита эмас, билвосита амалга оширилгани боис истилочининг кимлиги номаълумлигича қолмоқда, яъни ким нима мақсадда курашаётганини кўпчилик англамайди ҳам. Шунинг учун унга уюшқоқлик билан қаршилик кўрсатиш қийин. Шундай экан, ғафлатда қолмасдан, дои мо ҳушёр бўлиш зарур. Зеро, огоҳлик энг яхши ҳимоядир.

Ҳар бир халқнинг ўзига хос анъаналари, одатлари, одоб-ахлоқ қоидалари ва миллий қадриятлари бор. Бироқ бугун ҳеч бир миллат маданиятига асосланмаган, менталитетига тўғри келмайдиган, кишиларни маънавий бузуқликка чорловчи «оммавий маданият» халқлар ҳаётига кириб келиши жиддий муаммога айланди.

Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида Ғарб дунёсида шаклланган бу иллат мустақил фикрга эга бўлмаган, маънавий савияси ҳаминқадар кишилар, айниқса ёшлар онгига тез таъсир қилиб, уларни ўз ортидан осонгина эргаштирмоқда. Таассуфки, «оммавий маданият» домига тушаётганлар асосан ёшлардир. Мазкур оқим тарафдорлари учун ҳаётда инсон, аждодларидан мерос бўлиб келаётган қадриятлар эмас, балки ўзларининг тор дунёқараши, нафси, нарсалар, умуман олганда, ялтироқ ҳаёт қадрли. Бу уларнинг тутуриқсиз қўшиқлари ва шу қўшиқларга мос рақсларида, турли беҳаё томошаларида, беўхшов кийинишларида, одоб-ахлоқ меъёрларини топташларида, хусусан, ёши улуғларга нисбатан беписанд муносабатида, хуллас, шунга ўхшаш кўпдан-кўп ҳолатларда намоён бўлмоқда.

ЮКСАК МАЪНАВИЯТ – ТУРЛИ ХУРУЖЛАР ҲИМОЯЧИСИ

Бугунги кунда ахборот алмашинуви мислсиз тезлашди. Бундан фойдаланган бузуқ мақсадли кишилар, турли марказлар демократия ниқоби остида Ғарб ҳаёти «жозиба»ларини «оммавий маданият» кўринишида турли халқлар ҳаётига олиб киришга; миллий қадриятларига болта уриб, маънавий жиҳатдан ўзларига қарам қилишга уринишмоқда. Ёш авлодни бундай хуружлардан асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Жамиятдаги ҳар қандай иллатнинг асосида лоқайдлик ётади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар: «Дўстинг юзига табассум қилишинг, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришинг, адашган ерида одамни тўғри йўлга йўллашинг садақадир». Бу сўзлар эзгуликка, ўзаро муносабатларда очиқ юзлилик, хуштакаллуфликка, бир киши хато қилиб қўйса лоқайдлик қилмасдан уни тўғри йўлга бошлашга даъватдир.

Ислом дини инсонни жисмоний, руҳий покликка чорлайди. Бу борада дин ниқобидаги ҳар хил бидъатларга, замирида бузғунчилик яширинган ғояларга чалғимаслик керак. Шунингдек, ёшларимизни бундай иллатлардан асрашимиз, алданиб қолишининг олдини олишимиз, уларга тўғри йўл кўрсатиб, сўзимиз ва ишимиз билан ибрат бўлишимиз лозим. Ислом таълимотини, дунё илми, маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган алломаларимизнинг меросини чуқурроқ ўргансак, қадриятларимизни ёшларнинг онгига чуқурроқ сингдирсак, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.


Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»