Даъвогар ҳам, жавобгар ҳам прокуратурага мурожаат қилди

16:24 - 28.01.2021

18

С.Сейтимова ва З.Сейтимова Амударё тумани халқ таълими бўлимига қарашли 36-мактабга ишга тиклаш, мажбуран бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани судига мурожаат қилган. Лекин суд жараёнида даъво мазмунини ўзгартириб, ишга тиклаш ўрнига Меҳнат кодексининг 112-моддасига асосан 3 ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди даъвони қаноатлантириб, Амударё тумани ХТБга қарашли 36-мактабдан С.Сейтимова ва З.Сейтимовага жами 37 млн. 171 минг 983 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Лекин даъвогарлар ва жавобгар томонидан прокуратурага қилинган мурожаатга асосан суд қарорининг қонунийлиги ўрганиб чиқилганда, қарорда даъвогарларга тўланиши лозим бўлган пулни умумтаълим мактабидан ундириш белгиланиб қонун талаблари бузилгани ва уни бажариш мумкин эмаслиги аниқланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги «Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида 2017 йил 1 сентябрдан бошлаб ўзларининг бўйсунувидаги қуйи муассасаларда бухгалтерия хизматлари тугатилиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилиб, уларнинг асосий вазифаларидан бири сифатида марказлаштирилган тартибда қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилишини, иш ҳақининг ҳисобланиши ва тўланишини, товар, иш ва хизматларнинг харид қилинишини, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, шунингдек, уларнинг фаолияти профили бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш белгиланган бўлса ҳам фуқаролик иши кўрилишида қўшимча жавобгар сифатида туман халқ таълими бўлими жалб қилинмаган.

Ушбу суднинг ноқонуний қарорига протест келтирилди ва ишни апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш давомида қўшимча жавобгар сифатида Амударё тумани халқ таълими бўлимидан масъул ходим жалб этилди. Натижада даъвогарларга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи ва маънавий зарарни Амударё тумани ХТБдан ундириш ҳақида қонуний қарор қабул қилиниши таъминланди.