Аскарларни тарбиялаганларга ташаккурномалар топширилди

12:29 - 28.01.2021

11

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Тошкент ҳарбий прокуратураси ва Зангиота тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Мудофаа вазирлиги махсус авария-тиклаш бошқармасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда ҳарбий прокуратура, Ёшлар иттифоқи Зангиота тумани бўлими ходимлари, ёшлар ўртасида ўтказилган нуфузли мусобақаларнинг ғолиблари ва ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчилари ҳамда Зангиота туманидан Сурхондарё вилоятида йигитлик бурчини бажараётган аскарларнинг ота-оналари  қатнашди.

Тадбир сўнгида Сурхондарё вилоятида хизмат қилаётган зангиоталик аскарларнинг ота-оналарига ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, Зангиота туманидаги барча ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, маҳаллаларда яшовчи 14 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар, Мудофаа вазирлиги касаба уюшмаси, қатор ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида «Соғлом ҳаёт сари беш минг қадам» шиори остида фестивал ўтказилди.

Фестивал доирасида махсус авария-тиклаш бошқармасига қарашли «Импульс» ҳарбий ансабли ва туман маданият марказининг хонандалари куй-қўшиқлар ижро этди, фаол иштирокчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги, Янгийўл шаҳар ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази Янгийўл шаҳар бўлинмаси ҳамкорлигида шаҳарда жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида Президент мурожаати юзасидан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.