Деҳқончилик қиламан деганга — 10 сотихдан ер!

16:42 - 28.01.2021

12

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга қилган мурожаатида «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади» деган ғоя асосида устувор вазифаларни белгилаб берди. Ёш авлод билимли, соғлом, ватанпарвар бўлиб улғайиши учун барча кучлар сафарбар қилинади. Йигит-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўргатиш, ташаббусларини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратилади.

Мурожаатда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Фарғона вилояти прокуратураси органлари томонидан ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар қилинмоқда. Айниқса, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаяпти. Хусусан, январь ойида вилоят прокурори У.Қосимов бошчилигида Данғара туманида сектор раҳбарлари ва масъуллар иштирокида ўтказилган тадбирда туман ёшларининг бандлигини таъминлаш ишлари танқидий муҳокама қилинди ва масъулларга кўрсатмалар берилди. Муҳокамалардан сўнг болаларга етарли шароит яратилмаган 17-мактаб ҳамда 1-, 4-мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишларига киришилди.

Шунингдек, вилоят прокурорининг тумандаги «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар билан учрашувида тингланган мурожаат, муаммо ва таклифлар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Ишга жойлашиш, тадбиркорлик учун кредит олиш, электр таъминоти ва бошқа масалаларга оид 47 та мурожаатнинг 40 таси ҳал этилди. Хусусан, 23 кишининг бандлиги таъминланди. Вилоят прокурори томонидан Чинобод маҳалласидаги бўш турган 24 гектар ерни тадбиркорлар ва  ёшлар кичик корхоналар ташкил этиб иш бошлаши учун уларга кичик саноат зонаси сифатида ажратиб бериш таклифини билдирилди. Ушбу масала халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, тасдиқланди.

Бундан ташқари деҳқончилик қилиш истагини билдирган 50 кишининг рўйхати тузилди. Уларга 10 сотихдан ер ўлчаб берилмоқда.

Туман Маданият марказида ёшларни фаолликка ундаган яна бир тадбир бўлиб ўтди. Машҳур спортчилар билан суҳбат уларни янги марралар сари илҳомлантирди.