Девор ошиб қараса…

10:32 - 27.01.2021

6

Кимдир кичкина хатоси учун тавба қилиб, ҳалол турмуш кечиришга одатланади. Бировлар эса хато устига хато, жиноят устига жиноят қилаверади. Суд мажлисида «адашдим, кечиринглар» дейди-ю, аммо жазодан хулоса чиқармайди. Халқимиз бундайлар ҳақида «букрини гўр тўғрилайди» дейди.  Хоразмлик Нодир Н. ҳам иккинчи тоифага мансуб чиқиб қолди.

2016 йилда жиноят ишлари бўйича Хива тумани судининг ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2019 йил 5 сентябрда жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани судининг ажрими билан Жиноят кодексининг 74-моддаси тартибида ўталмай қолган 1 йилу 9 ой 8 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб,  озодликка чиққан.

Аммо унинг озодликдаги кунлари узоқ чўзилмади. Озодликнинг қадрига етиш, ҳалол турмуш кечириш ўрнига енгил ҳаётни танлади. Меҳнат қилиб эмас, ўғирлик эвазига кун кўришни афзал билди.

Урганчдан ижарага уй олиб яшай бошлаган Нодир куз кечаларидан бирида таксига ўтириб, Хива томон йўл олди. Тоғасининг эшиги олдида машинадан тушди. Илгари бу уйда ҳеч ким яшамасди. Ҳозир ҳам бўш турган бўлса керак деган ўй билан ҳовлига девор ошиб кирди. Қараса, уйда одам бўлиб, ухлаб ётишган экан. Бу Нодирни ниятидан қайтаролмади. Секин юриб меҳмонхонага кирди. Шкафни қўлидаги пичоқ билан очиб, тортмаларини бир-бир очиб кўра бошлади. Бир тортмадан конверт, яна биридан пул, бошқасидан тилла тақинчоқларни олиб, аста ортга қайтди. Ичкаридан қулфланган дарвозани очиб, бамайлихотир уйдан чиқиб кетди. Эртаси куни тилла тақинчоқни нотаниш кишига сотиб, уйига харажат қилди, ижара пулини тўлади.

Аммо билмадики, бузоқнинг югургани сомонхонагача дейишган.

Унинг қилмиши ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тез фурсатда фош қилинди. Нодир ўша куни қариндошиникидан 250 000 сўмлик битта «Нокиа» телефонини, 5 500 000 сўмлик учта тилла узукни, 3 300 000 сўм ва 700 АҚШ долларини, жами 15 626 941 сўмлик мулкни ўғирлагани аниқланди.

Тергов ўтказилиб, иш судга оширилди. Суднинг ҳукми билан Нодир беш йилга озодликдан маҳрум қилинди. Енгил ҳаёт кечираман деб умрингизни тўрт девор орасида ўтказмасдан, ҳалол меҳнат қилишга одатланинг!