Бозорнинг норасмий эгалари

17:42 - 27.01.2021

22

Ҳозирги кунда деҳқон, кийим-кечак, қурилиш моллари дейсизми, хуллас барча бозорларда чакана савдо қилаётганларнинг бари олибсотар. Эътибор беринг, улар билан суҳбатлашганингизда аксарияти савдодан кўраётган фойдасининг баракаси йўқлигидан нолийди. Нима учун савдодан барака ариётганини эса ўйлаб кўришмайди.

Айни кунда олибсотарлар савдонинг қандай тури бўлса, барчасида ўзига хос фириб, ўзига хос алдов йўлларини ишлаб чиқишган. Нима бўлса ҳам харидорни алдаб, молини ўтказишдан ўзга ташвиши йўқ. Яхши, сифатли молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб бериш уларнинг энг оддий усули. Ҳатто ўзи етиштирган маҳсулотни кўтара сотиб кетаётган деҳқонларни ҳам чув туширишга ҳаракат қилишади. Масалан, бозорда шеригининг ширин анорини бўлаклаб, кўргазмага қўйиб, ўзининг нордон анорини пуллайдиганлар ҳам йўқ эмас. Қўйингки, инсон боласи тугул шайтоннинг ҳам ақлига сиғмайдиган найрангларнинг ҳаммасига бозорда дуч келишингиз муқаррар. Огоҳ бўлишингиз учун қуйида турли бозорларда ишлатиладиган найрангларнинг бир нечтасини келтириб ўтамиз.

КАРТОШКА «ОПЕРАЦИЯСИ»

Қўшним Абдураззоқ ака ҳайдовчи. Суҳбатлашганимизда кўпинча қизиқ ҳолатларни гапириб беради. Бу одам ишга эрта кетиб, кеч қайтади. Шунинг учун ҳам бозорга кўп тушавермайди. Фарзандлари ёшлигида аёли, кейинчалик ўғиллари рўзғорлик қилиш учун бозорга борадиган бўлишган. Бир куни бозорга Абдураззоқ аканинг ўзи тушибди. Бозордан 20 кг картошка сотиб олибди ва бошқа харидлар ҳам қилибди. Машинасига юклаётганда бозорчи таниши Сотволдини учратиб қолибди. «Ака, уйга кетаётган бўлсангиз мени ҳам олиб кетинг» дебди Сотволди. Уйга кетаётганини билгач эса бозорликларини машинасига юк лашга ёрдамлашибди. Шунда «Ака, картошкани қанчадан олдингиз?» деб сўрабди. «4 мингдан экан, бозорга бир тушганда 20 кг олақолдим» дебди Абдураззоқ ака. Сотволди картошка солинган халтани кўтариб машинанинг юкхонасига соларкан, «Картошканинг ҳаммаси шу халтадами? Бу 20 кг чиқмайди-ку» дебди. Унинг гапларига ишонмаган Абдураззоқ ака халтани кўтариб, бозорга қайтиб киради ва назорат тарозисига қўяди. Қараса, 20 кг картошкаси 14 кг 300 грамм чиқиб турибди-ю. У табиатан оғир-босиқ бўлгани учун картошкани қайтиб машинасига қўяди. Ўша картошка сотадиган олибсотарни қидириб топади. Сотувчини четга чақириб, бўлган воқеани айтади. Унинг гапларидан саросимага тушиб қолган сотувчи дарҳол 6,5 кг картошка тортишга киришади. Абдураззоқ ака эса «Қўй, ука, мени боплаб алдадинг, мен розиман, фақат бошқа бундай алданмаслик учун шунинг сирини айтсанг бўлди» дебди. Аввалига кўнмаган сотувчи, Абдураззоқ ака қайта-қайта сўрайвергач, рози бўлибди. «Мана қаранг, электрон тарози “0”ни кўрсатиб турибди, мен темир челакда 5 кг.дан қилиб сизга тўрт марта картошка тортиб бердим, лекин челакнинг оғирлигини чиқариб ташламадим, челакнинг оғирлиги тахминан 1,5 кг» дейди.

– Шундан кейин бозордан бирор нарса олсам, маҳсулот солиб тортиладиган идишнинг оғирлигини чиқартириб ташлашга ўргандим, – деди Абдураззоқ ака.

ЎҒРИНИ ҚАРОҚЧИ УРДИ

Дўстимнинг исми Баҳром. Унинг иши яхши. Пайвандчи усталардан мижозлари кўп. Бири балонли кислород, бири суюлтирилган газ сўрайди. У пайвандчиларга маълум ҳақ эвазига шуларни етказиб бериб туради. Бир куни мижозларидан бири ҳисоб-китоб қилиб, 100 доллар берибди. «Ўзи-мизнинг пул йўқми?» деса, «Ҳозир барча банкларда бемалол сўмга алмаштириб олсанг бўлади» дея хотиржам қилибди.

Хуллас, дўстим «Қўйлиқ» бозори олдидаги банк шохобчаларидан бирига бориб доллар нархини сўраса, «10048 сўмдан қабул қиламиз» деб жавоб беришибди. Шу орада нарироқда турган бир одам келиб, унинг қулоғига пичирлабди: «Ака, доллар бўлса, 10055 сўмдан оламан». Ҳисоблабди, шу одамга сотса 100 доллардан 7 минг сўм ютаркан. Рози бўлибди. У одам «мана 1 млн. 55 минг сўм, санаб олинг» дебди. Дўстим у бер ган пулни санаса, 50 минг сўм кам экан. «Ука, 50 минг сўм кам чиқди-ю» деган экан, ўша одам пулни қўлига олиб санай бошлабди. – Шу пайт унга кимдир урилиб кетди, у ўша одамга қараш учун менга бир тескари бўлиб, яна мен томонга қараб, пулни санаб бўлди. «Ака, кечирасиз, ҳақиқатан кам экан» деб чўнтагидан 50 минг сўм чиқариб, тахлам пулнинг устига қўйиб, менга узатди. Пулни олиб, қайта санамадим, қўлимдаги 100 долларни эса унга бердим, – деди дўстим.

Баҳром валютафурушдан олган пулининг бир қисмига бозорлик қилиш учун ажратиб олмоқчи бўлиб, тахламни қайта санаса, 400 минг сўм кам чиқади. Мана сизга ноқонуний ишнинг оқибати. Яхшиям, ички ишлар ходимлари дўстимни тўғри тушуниб, уни ноқонуний валюта савдосида айблашмабди. «Фирибгарга дуч келибсиз» дея ўша одамни топиб, пулини олиб беришибди. У шахснинг устидан эса жиноят иши қўзғатиш ларини маълум қилишибди. Шундан сўнг ўша одам дўстимга ялиниб, фарзандлари борлигини, бошқа бундай иш қилмаслигини айтиб, аризасини қайтариб олишини ёлворибди. Унинг гаплари дўстимнинг кўнглини юмшатибди шекилли, аризасини қайтариб олибди. Найрангнинг сирини сўраганида, у пулни санаётганида атайин ёнидан ўтган одамга урилгани, шу пайт чўнтагидан бошқа бир, келишилганидан 400 минг сўм кам бўлган тахламни олиб дўстимга берганини айтибди. Ўша одам кетаётганида бошқа бундай ишга қўл урмаслигини такрор-так рор айтиб хайрлашибди.
– Тавбаси чин кўнгилданми ёки йўқми, билмадиму, лекин мен унга худодан инсоф сўрадим, –дея дўстим гапини тугатди.

МОЛБОЗОРДАГИ УЧ НАЙРАНГ

Ақлга сиғмайдиган найрангларнинг кўпи молбозорларда амалга оширилар экан. Ёшлик пайтим эди. Уйимиздаги қорамоллар кўпайди. Аввал сигиримиз, бир ойдан кейин унинг икки йил олдинги боласи, ғунажин ҳам бузоқлади. Иккита сигирни боқиш оғирлик қилди. Отам эндигина сигир бўлган ғунажинни олиб қолиб, сигирни сотиб юборишини айтди. Эрта тонгда болали сигирни етаклаб молбозорга олиб чиқдик. Сигиримиз зотли бўлгани учун бозорнинг олди молларидан бири эди. Олибсотарлар келиб сигирни нархлай бошлашди. Аммо анча арзон баҳолашарди. Шу пайт бир деҳқон одам улардан анча баланд нархга сўрай бошлади. У отам билан савдолашиб турган пайтида бир олибсотар сигиримизни соғиб кўриб, «жониворнинг елини тўлиб кетибди-я» деди-да, одамлар орасига сингиб кетди. Шундан сўнг ювош сигиримиз ким соғиб кўраман деса типирчилаб ҳаммани тепа бошлади. Аслида тўрт марта туққан сигирнинг бундай одати йўқ эди. Отам ҳайрон бўлиб, уни силаб-сийпаласа ҳам жонивор ювош тортай демасди. Шундан кейин савдолашиб турган деҳқон ҳам бир-икки марта қўлини чўзиб кўрган эди, сигир шақиллатиб тепиб ташлади. Астойдил «барака, барака» деб турган одам «соққанда тепадиган сигир бизга тўғри келмайди» дея кетиб қолди. Шундан кейин сигирнинг атрофини ўраб олган барча харидорлар бирин-кетин тарқаб кетишди. Ярим соат ичида молнинг нархи 30-40 фоиз тушиб кетди. Сигирни кўриб, харидор бўлиб келган одамлар соғиш учун қўлини узатиб кўрарди, говмиш эса ўзини уёқдан буёққа ташлаб, харидорларни тепишга ҳаракат қиларди. Ўша куни харидор кутавериб пешонамиз тиришди. Бозор охирлаб, одамлар сийраклаша бошлади. Бир неча соатдан сўнг ҳалиги олибсотар пайдо бўлди. «Сигирингиз соққанда тепсаям мана мен сотиб оламан, нархини келиштирсангиз бўлди» деди. Бир неча соатдан буён харидор кутиб сарғайиб турган отамга унинг гапи маъқул тушди. Олибсотар деҳқон айтган нархдан анча арзонга сигиримизни сотиб олди. Она-болани бозорнинг четига олиб чиқдик, келишилган пулни санаб бергач, арқонини алмаштирди. Шундан сўнг отам менга «Сен шу ерда тургин, мен бозорни бир айланиб чиқай, кейин уйга кетамиз» деди. Мен ўша жойдан сал узоқлашиб, бир юк машинасининг соясига бориб ўтирдим.

Сигиримизни сотиб олган одамнинг олдига шериги келиб, «Собит синдирдими?» деди. Уларнинг суҳбати менга бемалол эшитиларди. Олибсотарнинг исми Собит эканлигини англадим. Собит эса «Индамасам нархи осмонга чиқиб кетаяпти, қолаверса бу говмиш бизга насиб қилмас эди» деди. «Келаси бозор икки ҳисса фойдасига ураман» деб кўкрак керди. Ўша пайтда уларнинг гапини тушунмаган эдим, йиллар ўтиб «сигирфуруш» олибсотарларнинг найрангини билиб олдим. Улар бозори чаққон бўлиб, нархи кўтарилаётган сигирларни соғиб кўриш баҳонасида жониворнинг елинини жонидан ўтадиган даражада чимчилаб олишаркан. Шундан кейин сигир елинига ким қўл узатса типирчилаб тепавераркан. Соққанда тепадиган сигир қанчалик кўп сут бермасин нархи пастлаб кетаверади-да.

* * *

Молбозорда осма савдо деган гапни ҳеч эшитганмисиз? Бу ҳам олибсотарларнинг бир найранги. Бозорга кириб келаётган «келишган» қорамолларни бозор дарвозаси олдида тўхтатиб, савдо қилишади. Улар молнинг асл баҳосидан баланд нарх айтиб, сизга ўзларини қорамолингизни астойдил оладиган одамдек қилиб кўрсатишади. Агар сиз «майли, шу нархга олавер» деб юборсангиз улар «пул шеригимда эди, кутиб туринг, келса санаб бераман» дея жуфтакни ростлайди. Лекин бу камдан-кам бўладиган ҳолат. Аксарият чорвадорлар «молим бозорга кирмай шундай нарх қилишди, демак, бозорнинг ичида бундан ҳам қиммат сотаман» деган ўйга таслим бўлишади. Ваҳоланки, бозорда ўшаларнинг шериги сизни кутиб олади. Асл харидорлар молингизни эшик тагидагидан арзон сўраса, сиз «саҳарда шунчага сотмаган эдим, энди зарарига сотаманми?» деган хаёл билан баракани бермай тураверасиз. Оқибатда бозор ўтади, асл чорвадорлар ўзларига керакли харидларни қилиб, кетишади. Энди бозорда фақатгина олибсотарлар қолади. Улар эса ҳеч қачон сизга инсоф қилмайди. Агар молингизни зарурат юзасидан бозорга олиб чиққан бўлсангиз сотишга мажбурсиз. Уларга эса бу қўл келиб, молни анча паст нархга сотиб олишади.

* * *

Яна бири ёлғон тортишув. Қорамол олиш учун бозорга бордингиз. Айланиб, ўзингизга ёқадиган молни танлаб савдо қила бошладингиз. Лекин у олибсотар бўлса, сизга ҳадеганда барака беравермайди. Шунда бироз вақт ўтказиш учун сал нарига бориб, ўша қорамолни кузатишингиз табиий ҳолат. Буни эса улар жуда яхши билишади. Шу вақтда олиб-сотарнинг сиз танимаган шериги келиб, ўша қорамолни сиз қилган нархдан анча баланд нархга астойдил савдо қилади. Эгаси бермайди. Шундан сўнг ўша олибсотар узоқдан сизни кўриб қолган киши бўлиб, олдига чақиради. «Шуни сотмаганимга сизга бераман, боқар экансиз, у одам олибсотар, шунинг учун унга сотмадим» деб сизни аврайди. Шу вақтда ёлғон савдо қилган шериги ҳам пайдо бўлади ва «Мен нархини пиширдим, энди бу одамга сотасизми, ўзимга сотаверинг» деб гўё яна астойдил ёпишади. Эгаси «Йўқ, сенга сотмайман, мана деҳқонга сотаман, шу одам барака топсин» дея сизни алқайди. Бу ўйинга чорвадорларнинг 90 фоизи аниқ чув тушади. Ахир ойда бир марта ёки йилда бир марта молбозорга тушадиган одам бундай ўйинларни қаердан ҳам билсин…

ДИНИМИЗ НИМА ДЕЙДИ?..

Ислом дини дунёда ҳалол ва пок яшаш, ҳалол йўллар билан ризқ топиш, инсонлар билан ҳусни хулқ, адолат ва ростгўйлик асосида ҳаёт кечиришга буюради. Ҳамда заррача миқдорда гуноҳ, адолатсизлик ва зулм қилишдан қаттиқ қайтаради. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (с.а.в) «Мўминга зарар етказган ва макр қилганга лаънат бўлсин»  дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бежиз инсонларни тафаккурга буюрмаган. Ўқиб, лекин уқилмаган илмдан манфаат бўлмайди. Ушбу ҳадиси шарифни ўқисагу, манфаат олмасак, топаётган ризқимизда ҳеч қачон барака бўлмайди.


Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»