Қонун устуворлиги — асосий мақсадимиз

10:57 - 26.01.2021

9

Фарғона вилояти прокуратураси органлари томонидан 2020 йилда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси назорати юзасидан ўтказилган таҳлил натижасига кўра қонунга зид бўлган ҳужжатларни бекор қилиш ёки қонунга мувофиқлаштириш бўйича 414 та протест келтирилди. Прокурорларнинг тақдимномаси ва қарорларига асосан 467 нафар шахс интизомий, 413 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 959,2 млн. сўм пулни ундириш юзасидан 410 та даъво аризаси киритилди, 686,9 млн. сўмлик зарар ундирилиб, 47 та жиноят иши қўзғатилди, 12770 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Касалликлар динамикаси билан боғлиқ статистик маълумотлар таҳлил қилиниб, қонунбузилишларни бартараф этиш чоралари кўриб борилди. Натижада юқумли касалликлар вилоят бўйича ўтган йилда 2019 йилга нисбатан 2811 та ёки 38 фоиз камайган.

Мазкур соҳада ўтказилган прокурор назорати тадбирларида юқумли касалликлар ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, шунингдек бу жараёнда аҳолини озиқ-овқат ва дори-дармон билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво асоссиз оширилишининг, аҳоли ўртасида ваҳима тарқалишининг олдини олиш чораси кўриб борилди. Бош прокуратуранинг топшириғига асосан вилоят прокуратурасида вилоят прокурори раҳбарлигида махсус штаб, туман ва шаҳарларда эса шахсан прокурорлар раҳбарлигида ишчи гуруҳлар ташкил қилинди. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан вилоят санитария-эпидемиология осойишталик марказига ажратилган пулнинг тўғри сарфланиши ўрганиб борилиб, 740 млн. сўм пул ортиқча сарфлангани аниқланди. Ушбу маблағ қайтарилиб, қўшимча тиббий буюмлар сотиб олиниши таъминланди.

Коронавирус ва зотилжам касаллигига чалинган шахсларга
кўрсатилган тиббий ёрдам сифати устидан ҳам қатъий назорат ўрнатилди. Ўрганишларда 1219 нафар беморнинг касаллик тарихи тўлиқ юритилмагани, 943 та ҳолатда беморлар тиббий стандарт бўйича даволанмагани, 358 нафар бемор зарурий текширувлардан ўтказилмагани, 105 нафар беморнинг клиник ташхиси асосланмагани, 71 нафар беморга кераксиз дорилар буюриб келингани ёки зарур дорилар берилмагани аниқланиб, масъул шахсларнинг 18 нафари маъмурий, 217 нафари интизомий жавобгарликка тортилди.

Фуқароларнинг соғлиғини сақ лаш соҳасида асосий эътибор аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги, патронаж хизматлари сифати ва қулайлигини оширишга қаратилди. Мазкур йўналишда ўтказилган 55 та текшириш натижасига кўра қонунга зид бўлган ҳужжатларни бекор қилиш ёки қонунга мувофиқлаштириш бў йича 15 та протест келтирилди, прокурорларнинг тақдимномаси ва қарорларига асосан 227 киши интизомий, 28 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 161,1 млн. сўмлик зарар ундирилиб, 30 та жиноят иши қўзғатилди ва 218 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Жумладан, Қува тумани тиббиёт бирлашмасида 171 млн. сўм ва вилоят стоматология шифохонасида 31 млн. сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Вилоят прокуратурасининг ёр дами билан ногиронлик белгиланишига муҳтож 12 кишига ногиронлик гуруҳи белгиланди, муомала лаёқати чекланган бир беморга васий тайинланди, бир беморга фуқаролик паспорти расмийлаштириб берилди. Прокурорларнинг ёрдами би лан 338 нафар ногироннинг 156 нафарига аравача, 41 тасига эшитиш мосламаси, 35 нафарига қўлтиқтаёқ, 29 кишига ҳасса ва 77 нафарига протез-ортопедия маҳсулотлари берилди.

Ногиронларнинг 1806 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 254 киши шифохонага жойлаштирилди, 221 нафарига сиҳатгоҳларда даволаниш учун йўлланма берилди, 160,7 млн. сўмлик дори-дармон тарқатилди. Фуқароларимиз соғлиғи бўйича тез ёрдам бўлимларига 103 рақами орқали мурожаат қилишида бирон-бир бандлик ҳолати бўлмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатилди.

Барча тез ёрдам бўлимлари раҳбарлари ҳар бир чақириққа белгиланган муддатда етиб боришини таъминлаш ва қонун бузилишига йўл қўймаслик юзасидан расман огоҳлантирилди. Шу билан бирга, тез ёрдам станцияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар қатъий назоратга олинди.

Вилоятда «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастурига асосан 128 та лойиҳа бўйича ёш тадбиркорларга 22,8 млрд. сўм кредит ажратилган. Дастурга асосан Фарғона, Қўқон шаҳарлари, Риштон, Бағдод ва Қўштепа туманларида «Коворкинг марказлари», туман ва шаҳарларда 63 та «Ёшлар меҳнат гузари» ташкил қилиниб, 200 та иш ўрни яратилди.

Вилоят прокуратураси органларининг ёрдами билан 33 нафар ёш тадбиркор 4 млрд. сўм кредит олиб, 134 та янги иш ўрни яратди. Масалан, Тошлоқ туманида Ф.Абдулҳамидов раҳбарлигидаги «Alfa elegant med servis» МЧЖга тиббий диагностика маркази ташкил қилиш учун 950 млн. сўм кредит ажратилиб, 25 кишининг бандлиги таъминланди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича жисмоний тарбия ва спорт тўгараклари сони 17061 тага етказилиб, уларга 315065 киши жалб этилди. Ёшларни компьютер технологияларидан фойдаланишга жалб қилиш бўйича тўгараклар сони 1240 тага, компьютер ўйинлари ва интернет клублари сони 146 тага етказилди. Бундан ташқари, вилоят прокуратурасининг ёрдами билан Ёзёвон туманида 25 киши балиқчилик билан шуғулланиши учун 25 гектар ерда кўл ташкил қилинди.

Шунингдек, 30 гектар ерда полизчилик кооперацияси ташкил этилиб, ишсиз юрган 60 нафар эҳтиёжманд оила ёшларининг бандлиги таъминланди. Шу каби Фарғона туманининг Қораянтоқ маҳалласида 43 гектар ер 2-сектор ҳудудидаги ишсиз юрган 79 нафар ёшга анорчилик ва боғдорчиликни ташкил этиш учун ажратиб берилиб, кўчат экилишида ёрдам кўрсатилди. Юқоридаги тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида ташкил қилинди.

Аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган қонунчилик бўйича ўтказилган 49 та текши риш натижасига кўра қонунга зид бўлган 228 та ҳужжатга нисбатан протест келтирилган, прокурорнинг қарор ва тақдимномаларига асосан 99 киши маъмурий, 76 нафари интизомий жавобгарликка тортилган, 6 та жиноят иши қўзғатилган. Судларга 843,5 млн. сўмлик 306 та даъво аризаси киритилиб, 2030 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан ажратилган 61,5 млрд. сўм пулнинг тўғри сарфланиши ҳам мунтазам ўрганиб борилди. Жумладан, Фарғона шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдорлари 30 кишини касбга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш чорасини кўрмасдан 50,4 млн. сўм субсидияни талон-торож қилгани аниқланиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди. Шунингдек, назорат тадбирларида 1932 та иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланиб, масъул шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилди.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вилоят прокуратураси органларининг ёр дами билан 288 нафар аёл ишга жойлаштирилди, 147 нафарига 53 млн. сўмлик моддий ёрдам берилди. 9 кишига даволаниши учун йўланма олишда ёрдам кўрсатилди, 5 нафарига ногиронлик аравачаси олиб берилди. 11 нафар аёлга тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун 202 млн. сўм кредит ажратилди, 9 нафар аёлнинг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли равишда жойлаштирилди. 33 нафар аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Масалан, вилоят прокурорининг сайёр қабулида Фарғона шаҳар Матбуот кўчаси 129-уйда яшовчи М.Аҳмаджонованинг уйини таъмирлашга ёрдам бериш ҳақидаги мурожаати юзасидан қурилиш-таъмирлаш маҳсулотлари олиб берилди.

Жорий йилда ҳам қонунийликни мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолаверади.


Комил АЛИХОДЖАЕВ,
Фарғона вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи