Мурожаатлар қатъий назоратга олинган

17:17 - 26.01.2021

14

Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси ва унинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан «Жисмоний ва юридик шахларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунга асосан 2020 йили 4132 та ариза ва шикоят ўрганиб чиқилган ва 1966 таси қоноатлантирилиб, жами 3,5 млрд. сўмдан зиёд маблағ ундирилган.

Хусусан, Навоий шаҳар Ғалаба маҳалласида яшовчи Б.М.нинг фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 2017 йил 5 октябрдаги ижро ҳужжатига асосан С.Н.дан икки фарзанди учун алимент ундиришда ёрдам беришни сўраб ёзган мурожаати бюронинг Навбаҳор тумани бўлими томонидан ўрганилган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида С.Н.дан Б.М.га 6 млн. 336 минг сўм алимент ундириб берилиб, фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилган.

Бюронинг Навбаҳор тумани бўлими томонидан фуқаро А.М.нинг икки фарзанди учун М.А.дан алимент ундириш ҳақидаги мурожаати ҳам кўриб чиқилди. Ўрганиш давомида қарздор маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг 8 млн. 370 минг сўм алимент пулини тўламагани аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айблов далолатномаси билан жиноят ишлари бўйича Конимех тумани судига юборилди ва жазо муқаррарлиги таъминланди.

Шу билан бирга, аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида кўриб чиқиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил қилинмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг холисона кўриб чиқилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши қатъий назоратга олинган бўлиб, мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилиши таъминланмоқда.