Ўқимасдан дўхтирлик қилса бўладими?!..

17:22 - 25.01.2021

14

Жаҳонгир Соқиев илгари ҳам қонунбузарлиги учун жавобгарликка тортилган эди. Аммо тўғри йўлга ўтиш ўрнига яна ўз билганича иш тутди. Асака тумани тиббиёт коллежи бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб одамларнинг ишончини поймол қилди.

Булоқбошилик Муаззам Сайдалиева педагогика йўналишида таълим олган бўлса-да, тиббиёт мутахассислигини ҳам эгалламоқчи бўлди. Бу борада унга масофаси яқин Асакани тавсия этишди. Тиббиёт коллежи бор, узоққа боришга ҳожат йўқ. Буни, албатта, қизнинг ўзи ҳам бинойидек фаҳмлаб турарди. Шу жараёнда у Асака тиббиёт коллежини тугаллаган таниш қизлардан маслаҳат олди ва Жаҳонгир билан танишди. Танишлари тавсия қилган бу йигит билан Асака тумани автошоҳбекатида учрашиб, муддаосини айтди. Бош ҳисобчи, гарчи ваколати бўлмаса-да, қизга қўлидан келганича ёрдам беражагини маълум қилди. Никоҳ гувоҳномаси, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва аввалги ўқиш жойидан берилган дипломларнинг нусхасини олиб келишини билдирди. У гап орасида бу ишларнинг «харажати»га 200 АҚШ доллари зарурлигини қистириб ўтишни ҳам унутмади.

Орадан икки кун ўтди. Муаззам сўралган ҳужжатларни олиб аввалги манзилга – туман автошоҳбекатига келди. Шунда бош ҳисобчи унга кутилмаган таклифни айтиб қолди ва бу билан гўё яна бир яхшиликни раво кўрмоқчи бўлди.

– Овора бўлиб бизнинг коллежда ўқиб юрасизми? Яхшиси мен Пахтаобод тумани тиббиёт коллежидаги танишларимга айтиб, сизга ўша коллежни тамомлаганингиз ҳақида диплом тайёрлатиб берақоламан.

Қаранг, тиббиётдек нозик соҳада ўқимасдан ишлаб бўладими? Ахир тиббиёт ходими инсон саломатлигига масъул-ку! Таассуфки, пулдан бошқаси кўзига кўринмаган бош ҳисобчи бу ҳақда ўйлаб ўтиришни ортиқча деб билди. Жаҳонгир сўзининг тасдиғи учун шу заҳоти Пахтаобод туманидаги бир танишига сим қоқди ва муддаосини тушунтирди. Таниши билан суҳбатдан шу нарса маълум бўлдики, ҳамма харажатлар учун жами 900 доллар керак бўлар экан.

– Мени кейинроқ рози қилаверасиз – юз ёки юз эллик доллар етади, – деди ҳожатбарор бош ҳисобчи.

Қиз уйига кетди. Орадан кунлар ўтгач, Жаҳонгир унга сим қоқиб, пул ва ҳужжатларни сўради. Қиз олиб боришини айтди. Улар келишилган муддатда яна ўша таниш бекатда учрашдилар. Чеҳраси алланечук ёришиб кетган Жаҳонгир пулнинг бир қисмини киссасига, бир қисмини қўлидаги ноутбук ичига жойлади. Бироқ, ўзи айтганидек, 1 августгача Пахтаобод тумани тиббиёт коллежининг сохта дипломини тайёрлатиб қизга тутқазиш унга насиб қилмади. Жиноят устида қўлга олинган Жаҳонгирнинг қилмишлари жиноят ишлари бўйича Асака тумани судида кўриб чиқилди. Айбли деб топилган Жаҳонгир 1 йилу 6 ой муддатга мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 2 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазосига тортилди.