Касбга сохталик аралашса…

14:04 - 25.01.2021

3

Ғиждувонлик Ғайрат Қутлиев илгари судланган. Амнистия акти билан жазоси енгиллаштирилган, судланганлик ҳолати тугалланган.

Хатосидан сабоқ чиқармаган Ғ.Қутлиев яна жиноят кўчасига бош суқиши кўрнинг ҳассасини такроран йўқотганидек гап аслида. У 2018 йил 3 январдан 2019 йил 25 ноябрга қадар Ғиждувон тумани ОИТС лабораторияси мудири ва ўриндошлик асосида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли хўжалик ҳисобидаги лаборатория бўлим мудири вазифаларида ишлаб келган.  Ғ.Қутлиев лабораторияга қишлоқ поликлиникалари ва врачлик пунктларидан келган ҳомиладор аёлларнинг гепатитга чалинганини текширганда 2018 йил ноябрь ойидан 2019 йил март ойигача ҳар бир фуқародан 15-20 минг сўмдан тўлов қабул қилиб, рўйхатга олиш дафтарига қайд қилмади. Аёнки, лаборатория мудирининг чўнтагига тушган пуллар Ғиждувон тумани тиббиёт бирлашмаси ғазнасига тушмади. Тиббиёт бирлашмасига қарашли ҚВП ва ҚОПлардан олиб келинган 2273 нафар фуқаронинг қон таҳлили учун олинган 37 млн. 241 минг сўм ҳамда Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмасидан олиб келинган 2962 кишининг қон таҳлили учун олинган 49 млн. 19 минг 500 сўм, жами 86 млн. 260 минг 500 сўм пулни ўзлаштириб юборди.

Бундан ташқари, Ғ.Қутлиев бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, қон таҳлили тўлиқ текширилмаган М.Бақоева ва Г.Қуловада Б гепатити аниқланган бўлса-да, 2019 йил 16 майдаги қон таҳлили юзасидан бу фуқароларда гепатит аниқланмагани ҳақида маълумотномага сохта ёзувлар киритди. Бу билан бошқаларга касаллик юқиши хавфини ошириб, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказди.

Суд ҳукмига асосан Ғ.Қутлиев айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 10 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.

Жиноят жазосиз қолмайди. Гап жазонинг оғир ёки енгиллигида ҳам эмас, фақат Ғ.Қутлиев бу қилмишларидан хулоса чиқарармикан?.. У такроран жиноят қилмайдими? Буни вақт кўрсатади.