150 минг сўм фойда кўрмоқчи эди…

11:36 - 25.01.2021

2

Бири йигирма бир, бири йигирма тўққиз яшар, ўрта маълумотли А.С. ва Д.М. ҳеч қаерда ишламаган, тирикчиликнинг осон йўлини танлашган. Бел оғритмай, жон койитмай пул топишган. 

А.С. қўнғироқ қилган таниш аёлнинг илтимосига лаббай дея жавоб беради. Савдо дўкони эгаси Қ.М.га қўнғироқ қилиб 100 АҚШ доллари 10150 сўмга алмаштирилаётганини билиб олади. Акахони Д.М. билан боғланади. «Бир опага валюта зарур экан. Ўттиз миллион сўм пулини долларга алмаштириб берайлик» дейди. Д.М. «Лада» русумли машинасида келади. Икковлон Қувасой шаҳрининг тураржой мавзесига боришади. Кўпқаватли бинодаги хонадонлардан бирида яшовчи аёлга қўнғироқ қилишади. Телефонда  ҳар юз долларни бир млн. йигирма минг сўмдан ҳисоблашади. Шу тариқа олди-сотдидан салкам юз эллик минг сўм фойда кўришни мўлжаллашади. Аёл  кираверинглар деганида кўнишмайди. У дугонаси билан чиқиб, енгил машинага ўтиради. Шаҳар марказидаги дўкон олдида тўхтаган  ҳайдовчи Д.М. пулни олиб ичкарига киради. Пулни аппаратда санаб  олгач, «Лада» машинасида 2900 долларни аёлларга беради. Валютафурушларнинг қувончи кўпга чўзилмади. Холислар иштирокида тадбир ўтказилганини айтиб ўзларини таништирган ходимлар ортидан бўйнини эгганча департаментнинг шаҳар бўлимига кириб келишди.

– Икки минг тўққиз юз долларни мендан қарзга сўраб олишганди, – деди судда гувоҳ, дўкон эгаси Қ.М. – Ноқонуний валюта айирбошламоқчи бўлишганидан бехабар эдим. Айби тўлиқ иқрорлигидан ташқари гувоҳ ва холисларнинг кўрсатмалари, далиллар билан тасдиғини топган Д.М. ва А.С.га озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Далил тариқасида олинган 2900 доллар давлат эгалигига ўтказилди. Тадбирда қўлланган 30 млн. сўм банкка қайтариб топширилди.