“Прокурор кубоги” мусобақалари одамларни спортга қизиқтирмоқда

17:17 - 22.01.2021

45

Коронавирус пандемияси дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни тубдан қайта кўриб чиқиш зуруратини юзага келтирди. Шу боис 2020 йил 30 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурорнинг 4 декабрдаги буйруғига асосан ҳафтада камида икки марта иш вақтидан сўнг раҳбар ва ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари белгилаб қўйилди. 

Шу ўринда Навоий вилоятида 2-сектор раҳбари бўлган прокурорлар томонидан жамоатчилик, хусусан ёшлар ўртасида ўтказиб келинаётган «Прокурор кубоги» мусобақалари диққатга сазовор. 

Хусусан, 2020 йилнинг 24 декабрь куни вилоят прокурори секторига кирувчи Конимех туманида футбол, волейбол, стол тенниси ва кураш бўйича ўтказилган «Прокурор кубоги» мусобақасида тумандаги 6 та мактабдан ўқувчилар иштирок этишди.

Мусобақада тумандаги 22-мактаб ўқувчилари футбол бўйича, 2-мактаб қизлари волейбол бўйича ғолиб бўлишди. Шу куннинг ўзида стол тенниси ва кураш бўйича ҳам совриндорлар аниқланди. Ғолиб жамоа ва ўқувчиларга футбол ва волейбол тўплари, кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Шундай тадбир Зарафшон шаҳрида ҳам 27 декабрь куни ўтказилиб,  унда 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчилар кураш бўйича беллашишди. Тантанали очилиш маросими шаҳар БЎСМ спорт мажмуасида бўлиб, мусобақада ўғил болалар 42, 46, 55, 66, 72 кг ва ундан ортиқ ҳамда қизлар 33, 44, 52 кг ва ундан ортиқ вазн тоифаларида куч синашдилар. Шунингдек, мусобақада Томди туманидан келган полвонлар ҳам қатнашди. 

Шу куннинг ўзида ғолиблар аниқланиб, уларга диплом, медал, кубок ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.

«Прокурор кубоги» мусобақаси 17 декабрь куни Навбаҳор тумандаги сув хўжалиги ва мелиорация коллежида 2-сектор ҳудудида жойлашган 14, 15, 16, 17, 18, 24, 29, 38-мактабларнинг 40 нафар ёш ходимлари ўртасида минифутбол бўйича ҳамда 23 декабрь куни Қизилтепа туманидаги Болалар спорт мажмуасида волейбол бўйича ўтказилиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Хулоса қилиб айтганда, аҳоли саломатлигини асрашнинг энг яхши йўли одамларни спортга жалб қилишдир. Зеро, чиниққан, жисмоний фаол инсон касал бўлмайди.