Мурожаатнома — Ўзбекистонни 2021 йилда ривожлантириш стратегияси

16:05 - 21.01.2021

33

2017 йилдан буён Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга мурожаат қилиши анъанага айланди. Мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётида муҳим воқеага айланган бу тадбирни халқимиз ҳар йили катта қизиқиш билан қарши олади. Мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим жиҳатлар, ички ва ташқи сиёсат, ижтимоий-гуманитар соҳалар ҳақида сўз юритган давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги бу галги мурожаатини янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги демократик ислоҳотларнинг ўзига хос дастури дейиш мумкин.

Ўтган 2020 йил халқимиз учун синовли йил бўлди. Шунга қарамай Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида катта ютуқ ва улкан натижалар қўлга киритилди. Улар Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатида чуқур таҳлил қилинди ва 2021 йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар белгиланди.

Давлат ва жамият ҳаётининг барчасоҳаларини қамраб олган мазкур мурожаатда юртимизни тараққий эттириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга қаратилган кўплаб масалалар белгилаб берилди.

Жумладан, янги йилда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш, шу мақсадда маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилиши, таълим тизимини тубдан янгилаш ва ўзгартиришга қаратилган ишлар ҳам давом эттирилиши, тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш учун туман марказлари ва шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилиши,аҳолини спортга кенг жалб қилиш ва бошқа долзарб масалалар қайд қилинди.
                Шунингдек, мурожаатда юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартиби жорий қилиниши, мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни давом эттириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича янгича ёндашув жорий этилиши, юртимизда барпо этилаётган кўплаб йирик объектлар ва кўп қаватли биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизимини ташкил этиш зарурлиги ҳамда 2021 йилда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини амалга оширишдаги устувор вазифалар белгиланди.

Президентимиз мурожаатда қанчалик қийин бўлмасин, давлатимиз демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини таъкидлаб, янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида, учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсадларни баён этди.

Президентимизнинг таклифига кўра 2021 йил мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди. Мурожаатда 2021 йилда ёшларни ҳар томонлама қўллаш ва аҳоли саломатлигини таъминлаш борасидаги устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Президентимиз яна бир муҳим масала – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилиши, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллашини қайд этди.

Шу нуқтаи назардан, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган «бир суд – бир инстанция» тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозимлиги, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиши, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилиниши, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги учта суд битта суд сифатида бирлаштирилиши, шунингдек, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилиши ҳамда инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилиши қайд қилинди.

Охирги янгилик инвесторларга ўз хоҳишларига кўра низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиш имконини беради. Шунингдек, суд тизимида рақамлаштириш кенгай тирилиб, фуқаролар суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш ҳамда ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориш имкониятига эга бўладилар.

Жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилиб, бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилганда, у манзил колониясига ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри проба ция назоратига олинади. Бу унга ўз маҳалласи назоратида оиласи бағрида бўлиш имконини беради. Шунингдек, суд томонидан тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасасидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига, яъни жамоатчиликка ўтказилиши қайд қилинди.

Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, қийноқларни олдини олиш бўйича омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек,

жамоатчилик назоратини кучайтириш, бунда омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» тизими йўлга қўйилиши ва Олий Мажлис палаталари ҳар йили омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олишга оид маърузасини эшитиб, бу иллатга барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши кўзда тутилмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳамда жиноят ишлари юритувини инсонпарварлаштириш, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, ишларни юритишнинг процессуал асосларини такомиллаштириш, суд-тергов органлари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Прокуратура органлари ўз ваколатлари доирасида мурожаатда белгиланган тадбирлар юзасидан ишлаб чиқиладиган дастурлар, қабул қилинадиган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари ижросини назорат қилиш ва таъминлашга бор билим ва салоҳиятини, куч ва имкониятларини тўлиқ

сафарбар қилишлари зарур. Жамиятда қонун устуворлиги ҳамда адолатни таъминлашдек масъулиятли ва шарафли вазифани фидойилик билан бажаришлари шарт Прокуратура органларининг ҳар бир ходими мурожаатда белгилаб берилган устувор мақсадларнинг тўлиқ рўёбга чиқиши учун ҳисса қўшишни, Президентимиз ишончига муносиб бўлиб, эл-юртга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг шарафли бурчи деб билади.

Бахтияр ПУЛАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси профессори, ю.ф.д.