100 га яқин полвон — Бош прокурор кубогида

15:46 - 21.01.2021

7

Кураш маданий меросимизнинг ажралмас бир қисми, олийжаноблик, мардликни тарғиб этувчи миллий қадриятимиздир. У кўп минг йиллик тарихга эга.

Курашнинг моҳияти ҳалол усул билан мақсадга эришиш саналади. Шу сабабли у ҳалоллик, ориятни ҳамиша баланд тутган халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Азалдан тўйлар, сайиллар, байрамлар курашсиз ўтмаган. Унга инсонни кучли, эпчил, чидамли қилиб тарбиялаш воситаси сифатида қаралган. Кураги ерга тегмаган полвон эл орасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлган.

Курашни олимпиада ўйинлари дастурига киритиш олий мақсадимиздир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори  айни муддао бўлди.

 Қарор ижросини таъминлаш ҳамда курашни умумхалқ спортига айлантириш мақсадида ўтказилган қатор тадбирлар, жумладан, ўтган йилнинг 24 ва 27 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган «Прокуратура полвони» ва «Ўзбек полвони» мусобақалари Ўзбекистон полвонлар юрти эканлиги, полвонлик касб ва ёш танламаслигини яна бир бор исботлаган бўлса, энди навбат «Бош прокурор кубоги» мусобақасига келди. 2021 йил 16 январь куни куни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар терма жамоаларининг аъзолари Бош прокурор кубоги учун гиламга чиқишди.

Мусобақада  аёллар  57 кг,  70 кг,  эркаклар  66 кг, 73 кг,  81 кг,  90 кг,  +90 кг вазн тоифасида ўзаро беллашдилар.

Мусобақа жараёнида «2020 йилнинг энг кучли курашчиси», «2020 йилнинг энг кучли аёл курашчиси», «2020 йил мураббийи», «2020 йил аёл мураббийи», «2020 йил ҳаками» каби номинациялар бўйича тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтди.

Мусобақада барча вилоятлардан 100 нафарга яқин полвон қатнашди. Улар орасида Осиё ўйинлари совриндори, Ўзбекистон чемпиони  Мухлиса Абдумаликова, жаҳон чемпионати совриндори, Ўзбекистон чемпиони Беҳзод Каримов, Нурбек Тоғаев каби полвонлар бор эди. Мусобақада ғолиб чиққан Самарқанд вилояти жамоасига Бош прокурор кубоги, қимматбаҳо совғалар ҳамда жамоанинг ҳар бир аъзосига диплом ва совғалар топширилди. Совринли ўринларни эгаллаган Бухоро вилояти, Тошкент шаҳар ҳамда Қашқадарё вилояти жамоалари ҳам диплом ва совғалар билан тақдирланди.