Қўш пичоқ кўтарган қўшни

17:09 - 20.01.2021

7

Ўша куни Акрам (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) уйи яқинидан ўтувчи дарё бўйида қишлоқдошлари Шоймурод, Ўткир, Холмурод билан трактор аравасига тош ортишди. Оғир иш уларни ҳолдан тойдирди. Меҳнат ҳақига ҳар бири 25 000 сўмдан пул олди. Ўткир ғизиллаб бориб, дўкондан ароқ олиб келди. Шериклар ўтириб, улфатчилик қилишди. Шиша кетидан шиша юмалайверди…

Акрам ширакайф ҳолда уйига қайтиб, кўчага чиққанида қўшниси Гулнисо опанинг ўғли Асадбек қўйларини унинг уйи олдида боқиб турганини кўриб, жаҳли чиқиб кетди:

– Қўйингни бу ердан ҳайда, – деб ўшқирди унга.

– Ҳайдамайман, – деди бола. – Шу ерда боқаман.

Акрам баттар ғазабланди.

– Кет деяпман сенга, – шундай деб Асадбекни бўйнидан ушлаб, қовуғига тепди.

Бола йиғлаганча қўйларини ҳайдаб кетди. Акрам эса ухлагани ичкарига кирди.

Орадан ярим соатча вақт ўтиб, кўчадан шовқин эшитилди. Акрам чиқса, қўшниси Гулнисо бақирганча у томонга кела бошлади:

– Нимага ўғлимни урдинг, боланинг қадрини биласанми сен?..

– Оғзингга қараб гапир, керак бўлса сениям ураман, – деди Акрам унга.

Гулнисо унинг важоҳатидан чўчиб, уйи тарафга қочди. Акрам сўкинганича уни қува бошлади.

Гулнисонинг уйига етмасидан уни қўшниси Бахтиёр ака тўхтатиб қолди:

– Ҳой-ҳой, тўхта, Акрам, ўзингни бос. Нима қилаяпсан, уялмайсанми?

Бироқ Акрам унга қулоқ солмай, қўлидаги тошни Гулнисо томонга отди. Тош аёлнинг қўлига тегди. У чинқирганча уйига кириб, дарвозасини беркитиб олди. Акрам қўлидаги тошларни энди Гулнисонинг уйига тўсиқ сифатида ўрнатилган шиферларга отиб, уларни синдира бошлади.

Бир пас ўтиб зўравон уйига қайтиб кетди. Гулнисо уни ҳовуридан тушгандир деб ўйлаганди. Бироқ ширакайф йигит уйига бориб, иккита пичоқ кўтариб келди ва уни дарвозага санчиб, яна шовқин кўтарди. Пичоқ зарбидан дарвозанинг эшикчаси очилиб кетди. Гулнисо болалари билан қўшнининг уйига қочди.

Бу орада мазаси қочган Гулнисо чақирган «тез ёрдам» машинаси унинг уйи ёнига тўхтади. Акрам энди сўкинганча ҳеч нарсадан бехабар бўлган шифокорларни қўлидаги пичоқ билан қувишга тушди.

Йўл-йўлакай жазава билан бақирарди:

– Уни олиб кетмайсизлар, бўлмаса сизларни ҳам ўлдираман…

Яхшиямки, Гулнисонинг жароҳати оғир эмас экан, шифер ва ойна синганини айтмаса, ҳеч кимга жиддий шикаст етмади…

Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судида Акрам Ўриновнинг жиноий иши кўрилди. Қайд этилишича, у 1991 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, ишсиз. Оилали, илгари судланмаган. Яккабоғ тумани Ажрим қишлоғида яшайди.

Судда Гулнисо Хўжаева судланувчи ундан узр сўраб, етказган барча зарарларини тўлаганини, унга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтди. Шифокорлар ҳам унга нисбатан даъволари йўқлигини маълум қилишди.

Суд ҳукмига кўра Акром Ўриновга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Қўшничилик ҳақида халқимизнинг ўнлаб мақоллари асрлар синовидан ўтиб келади: «Ҳовли олма, қўшни ол», «Қўшнинг тинч – сен тинч», «Гилам сотсанг қўшнингга сот, бир четида ўзинг ўтирасан»… Акрам ҳам энди бу ҳикматларнинг мағзини чақиб олса ажабмас…

Равшан ХУРРАМОВ,

Қашқадарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи